Еттинчи нокаутини нишонлаган боксчимиз “панчерлар” жангида рингга чиқади!

Истеъдодли боксчимиз Отабек Холматов профессионал рингда кетма-кет жанг ўтказишда давом этмоқда. Профессионал боксчилик фаолиятини шу йилнинг августида бошлаган ҳамюртимиз еттинчи жангини ўтказиб улгурди.

178243_original

Колумбиянинг Сантьяго де Толу шаҳридаги “Hostal Camping Yolimar” аренасида ташкил этилган профессионал бокс кечасида олтита жанг бўлиб ўтди. Отабек Холматов саккиз раунд этиб белгиланган рейтинг жангида мезбонлар вакили Эстевин Херрерага қарши рингга чиқди.

Бунгача катта рингда 11 та жанг ўтказган боксчи ҳамюртимизга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади. Отабек учинчи раунднинг иккинчи дақиқаси бошланган бир пайтда кучли зарба билан рақибини соф нокаутга туширди.

Шу тариқа, Отабек Холматов кетма-кет еттинчи жангини ҳам нокаут билан ўз фойдасига ҳал қилди. Энди ҳамюртимиз Колумбиядан АҚШга йўл олади. Отабекни 20 ноябрь куни катта жанг кутяпти. Бўлажак рақиб – доминиканлик Хуан Карлос Пена ҳозиргача боксчимиз билан жанг қилганлар орасида энг кучлиси ҳисобланади.

АҚШнинг Майами шаҳридаги “Manual Artime Community Center Theater” аренасида жами 11 та тўқнашув ўтказилади. Отабек ўн раундли рейтинг жангида рингга кўтарилади.

Бўлажак рақиб Хуан Карлос Пена профессионал боксдаги фаолиятини 2009 йилда бошлаган. Шу кунга қадар 32 та жангда зафар қучган ва тўрт маротаба мағлубиятга учраган. Пенанинг кучли зарбага эга эканини 23 та беллашувда рақибларини нокаут билан енгганидан билиб олса бўлади.

469c8e0a667e1d36a08ea45d6a3c16c5

Шунингдек, ўзбекистонлик боксчилар Россия ва Қозоғистон мезбонлик қилган профессионал бокс кечаларида ҳам иштирок этди.

Россияда ўтказилган профессионал бокс турнирида Элдор Абдуқодиров мезбонлар вакили Михаил Козлетинов билан рақобатлашди.

Олти раундга белгиланган рейтинг жанги атиги икки дақиқаю 16 сония давом этди. Ўзбек боксчисининг кучли зарбасини ўтказиб юборган рақиб биринчи марта раунд ўрталарида нокдаунга учради. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, яна бир аниқ зарбага дош беролмаган Козлетинов муддатидан олдин таслим бўлди.

Шу тариқа, Элдор Абдуқодиров еттинчи ғалабасини нишонлади. Икки йилдан бери профессионал рингда фаолият кўрсатаётган ҳамюртимиз шу жанглардан бештасида муддатидан олдин ғалабага эришган. Унинг ҳисобида битта мағлубият ҳам бор.

maxresdefault (1)

Мазкур турнир доирасида олти раундлик рейтинг жангида рингга кўтарилган боксчимиз Шодилбек Шаробиддинов арманистонлик Радик Григорян билан тўқнаш келди. Учрашувда катта устунликка эришган  Григорян ҳамюртимизни бешинчи раундда таслим қилди.

Яяна бир турнир - Чеченистонда ўтказилган профессионал жангларда қатнашган ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталаридан   Муҳаммадсалим Сотволдиев (7-4-2) россиялик енгилмас боксчи Шамиль Малсаговга саккиз раундлик жангда очколар ҳисобида имкониятни бой берди.

Россиялик Сайхан Бакаевга қарши тўрт раундлик жангда қатнашган Аҳмад Мамажонов учинчи раундда кучли зарба ўтказиб юборди ва техник нокаутга учради.

Қозоғистондаги бокс мусобақасида Фаррух Жўраев навбатдаги рейтинг жангини ўтказди. Мезбонлар вакили Бекзод Нурдаулетов билан куч синашган тажрибали боксчимиз саккиз раундлик жангда очколар ҳисобида енгилди. Профессионал рингда бунгача олти марта зафар қучган боксчимиз шу куни бешинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)