Европа чемпионатида 1/8 финал учрашувлари ўз ниҳоясига етди. Чорак финал олдидан юзага келган қисқа муддатли танаффус пайтида мусобақанинг айрим рақамларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Бугун “Евро-2020”да қайси клуб вакиллари энг кўп гол ураётгани ва энг кўп ассистентликни амалга ошираётгани ҳақида гаплашамиз.

Муҳим эслатма: футболчиларнинг қайси клубга тегишли экани терма жамоаларнинг Европа чемпионатига берган талабномаларига асосланади. Масалан, Давид Алаба аллақачон "Реал" футболчиси, Вейналдум эса ҳали ҳам "Ливерпуль" футболчиси сифатида қайд этилган.

“Ювентус” футболчилари ҳаммадан кўп гол урмоқда, АПЛ ҳисобида бор йўғи 3 та гол бор

Ушбу Европа чемпионатида 48 та клуб вакиллари ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишди. Уларнинг ярми биттадан гол урган. Ҳозирча тўпурарлар рўйхатида "Ювентус" футболчилари энг кўп гол урган - 9 та. Эътиборлиси, ушбу голларнинг 5 тасини Роналду (3 таси пенальтидан) киритди. Бундан ташқари Альваро Мората 2 та, Аарон Рэмзи ва Феде Кесе ҳисобида 1 тадан гол мавжуд. “Евро-2020”да гол урган футболчилар сони бўйича "Ювентус" учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Кеча бўлиб ўтган Швеция – Украина (1:2) учрашувида Александр Зинченко томонидан киритилган голдан сўнг “Манчестер Сити” “Аталанта”га етиб олди. Ҳозирча ушбу икки клубнинг 5 тадан футболчиси Европа чемпионатида гол уришга муваффақ бўлди.

Чемпионатлар кесимида оладиган бўлсак, “Евро-2020”да шу пайтгача энг кўп голни Италия А Серияси футболчилари киритди. Ушбу чемпионат ҳисобида 30 та гол бор. Кучли учликдан Бундеслига (26) ва АПЛ (23) жой олиб турибди. Испания Ла Лигасидан бор йўғи 5 та футболчи 8 та гол урган холос.

“Реал” –  ассистлар бўйича етакчи

Давид Алабанинг “Реал”га ўтиши ассистлар жадвалида мадридликлар учун ижобий кўрсатгич олиб келди. Аниқроғи, австриялик футболчи “Евро-2020”га "Реал" футболчиси сифатида келди ва иккита голли пас берди. Шундай натижа ўтган мавсумни "Тоттенхэм"да ижарада ўтказган “Реал” футболиси Гарет Бэйлга ҳам тегишли. Сўнгги маълумотларга қараганда, Флорентино Перес янги мавсумда уэльслик футболчини яна Мадридга қайтаради.

Александр Зинченконинг Швеция дарвозасига киритилган иккинчи голга ассистентлик қилгани ортидан “Манчестер Сити” “Айнтрахт”дан ўзиб кетди ва “Реал”дан сўнг 2-ўринга кўтарилиб олди. Эътиборлиси, “Шаҳарликлар” ҳисобидаги 5 та ассистга 4 та футболчи муаллифлик қилган бўлса, франкфуртликларнинг 4 та ассистини биргина Стивен Цубернинг ўзи амалга оширди.

Ассистлар бўйича Англия премьер-лигаси етакчилик қилмоқда. Ҳозирча “Евро-2020”да АПЛнинг 16 та футболчиси жами 21 та голга ассистентлик қилган. Бу борада кучли учликдан Бундеслига (17) ва А Серия (15) жой олган.

“Гол+пас” тизими бўйича етакчи “Манчестер Сити” бўлиб турибди. “Шаҳарликлар” ҳисобида 13 очко мавжуд. Кейинги ўринларда “Ювентус” (12), “Реал” (10), “Аталанта” (10) ва “РБ Лейпциг” (10) клублари бормоқда.

Бундеслига ва А Серияга футболчилари энг кўп автогол муаллифи бўлмоқда

“Ювентус”нинг икки футболчиси – Мерих Демирал (Туркия) ва Войцех Шенсний (Польша) Европа чемпионатида ўз дарвозаларига гол киритиб юборди. Шунингдек, “Боруссия” Дортмунднинг икки футблчиси – Рафаэл Геррейро (Португалия) ва Матс Хуммельс (Германия) ҳам биттадан автогол “соҳиби”га айланди.

Тўпурарлар пойгасида етакчилик қилаётган Криштиану Роналду, Карим Бензема ва Эмиль Форсберг мусобақани тарк этди. Турнирда 3 тадан кўп гол урган фақатгина Патрик Шик қолди. Чехиялик футболчида ушбу рўйхатда пешқадамга айланиб олиш имконияти яхшироқ. Чехия терма жамоаси 2 июнь куни чорак финал босқичида Данияга қарши майдонга тушади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)