ФИФА Ўзбекистоннинг яна бир клубига трансфер тақиқи қўйди

Олдинроқ ФИФА Низоларни ҳал этиш палатаси “Бухоро” футбол клуби ва клубнинг собиқ футболчиси туркманистонлик Раҳат Жапаров ўртасидаги низоли вазият юзасидан қарор чиқариб, клубга футболчи олдидаги белгиланган қарздорликни тўлаш вазифасини юклаган эди.

Декабрь ойида эса ФИФА қарор асосларини клубга юбориб, “Бухоро” футбол клуби зиммасидаги қарздорлик тўловини белгиланган муддатда тўлаши лозим эканини яна бир бор маълум қилди. Агар олдиндан белгиланганидек, қарор чиққан санадан бошлаб 45 кун муддат ичида молиявий мажбуриятлар бажарилиши таъминланмаса, клубга нисбатан миллий ва халқаро миқиёсда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйилиши билдирилган эди.

ФИФА мазкур қарор ижроси таъминланмагани боис “Бухоро” футбол клуби учун трансфер тақиқини кучга киритди. Эндиликда “Бухоро” Раҳат Жапаров билан боғлиқ низоли вазиятни ҳал этгачгина янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

Бундай тақиқ шунингдек, айни пайтда Қаршининг “Насаф” клубига ҳам татбиқ этилган. ФИФА “Насаф”ни франциялик футболчи Абделае Диаките билан тузилган шартнома шартларини бажармаган деб топиб, ушбу жамоага ҳам декабрь ойидан янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйган.

ЎзПФЛ барча футбол клубларини маҳаллий ёки хорижлик футболчи ҳамда мураббийлар билан шартнома тузишда жуда диққатли бўлишга ва тузилган шартнома бандларига тўла риоя этишга, қарздорлик масалаларини ҳамиша ўз вақтида бартараф этишга чақиради. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!