Бу йил Суперлигада дебютант сифатида иштирокини бошлаган “Турон” ўз мухлисларига олам-олам қувонч бағишлаганди. Лекин шу йилнинг ўзидаёқ про лигага қайтгани ишқибозларини ранжитгани бор гап.

Аслида клубда шароитлар яхши эди, ҳамма нарса муҳайё қилинган. Бироқ натижа йўқ. Футболчиларга келсак, тажрибали ижрочилар жамланди. Айниқса, Фозил Мусаевнинг дебютант жамоада тўп суриши муҳим воқеликлардан бири бўлганди. Куни кеча ушбу ўйинчи мавсум якунлари бўйича Sports.uz сайтига интервью берди.

- Ёдимизда, мавсум аввалида сизни “Турон”га ўтишингиз етарлича шов-шув кўтарганди. Мана, йил ҳам тугаяпти. “Турон” клубидаги бир йиллик фаолиятингиз ҳақида сўрамоқчиман. Афсуски, жамоа кучлилар орасини тарк этди...

- Бошида билгандим. Тўғрисини айтаман, бизга қийин бўлишини ва мана шундай вазиятга тушиб қолишимизни сезганман. Барибир ҳаракат қилдик. Кўрдингиз-ку, ўхшамади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, аммо айта олмайман. Клуб хўжайинларининг футболга эътибори ва мақсадлари ростдан ҳам жиддий. Уларга қойил қолиш керак ва фурсат келганда албатта раҳмат, дейиш лозим. Раҳбарият Яйпанда футболни кўтармоқчи. Кўп иш қилишяпти.

- Тўғри, раҳбариятнинг яратиб бераётган шароитлари, имкониятлари ҳақида ҳамма фақат яхши гапларни гапиряпти. Маблағ масаласида ҳам муаммо йўқ. Лекин натижага келганда...Бунда мураббийларнинг хатолари ёки таркиб борасида камчиликлар бўлди, деб ўйлайсизми?

- Бунга жавоб бера олмайман. Фақат кейинчалик ўзингизга айтишим мумкин. Жавоби бор. Лекин...

- Фаолиятингиз давомида илк бор жамоангиз билан қуйи лигага тушиб кетдингиз. Бундан чиқди, ушбу мавсумни тезроқ унутишни хоҳлаяпсизми?

- Ҳа, ҳаётимда ҳали бунақаси бўлмаган. Биринчи марта юз берди. Яна қайтараман: бу ерга илк бор келганимдаёқ шунақа бўлишини сезганман. Тезроқ унутиш керак. Шу ҳолат бўлиши ёзилган экан, шундай бўлди. Лекин биз курашдик, ҳаракат қилдик. Тақдир экан, бундан қочиб қутула олмадик. Буларни унутиб, янги мавсум ҳақида ўйлашимиз керак.

фозил3

- Аслини олганда, жамоангизнинг бундай ҳолатга тушиб қолишини қандай қабул қилдингиз?

- Албатта, қийин. Қаердадир ўхшади, қаердадир ўхшамади. Кўп ўйинларда йўқ жойлардан очколарни йўқотдик. Ютадиган ўйинларни бой бердик. “Турон” илк бор Суперлигага чиққанди ва таркиб янги йигитлар билан йиғилди. Жамоа тузишга, яхши коллективни шакллантиришга ҳам вақт талаб қилинарди. Бу хатони энди бошқа такрорламаслик керак.

- Сизни “Турон”да эканлигингиз қўшимча масъулият юкладими? Масалан, ёшларни ортингиздан эргаштириш, жамоа ўйинини ташкиллаштиришда қўшимча босимлар кузатилмадими?

- Тўғри, масъулият бўлди. Очиғи, ютқазган пайтларимизда буни хазм қилишим оғир кечди. Футболчилик фаолиятим мобайнида кўп мағлубиятга учрайдиган жамоада ўйнамаганман. Шу нарсага кўникиш жуда қийин бўлди. Ютқазаверганимиздан хафа бўлиб, хаёлимдан чиқара олмаган пайтларим ҳам бўлди. Ҳаттоки, соғлигимга таъсир қиладиган даражага ҳам бориб қолганди. Кўп ўйлайверсам, соғлигимга зиён бўлишини билардим. Шунинг учун имкони қадар хаёлдан чиқариб ишлашда давом этдик. Балки яхши бўлиб кетар, деган умид билан ҳаракат қилавердик. Барибир биз кутгандек бўлмади.

- Келаси йили “Турон” билан про лигада иштирок этмасангиз керак-а? Режаларингиз қандай?

- Ҳали режалар тўғрисида бир нима дея олмайман. Клуб билан шартномам шу ой охиригача. Кейин у ёғини ўйлаб кўраман. “Турон”да қолдим ёки кетдим, деб айта олмайман. Клуб хўжайинларини футболчиларга эътибори яхши. Агар бошқа жамоага кетадиган бўлсам ҳам раҳбариятнинг олдидан ўтиб, маслаҳатлашиб кейин кетишим мумкин.

- Айни пайтда қандай таклифлар устида бош қотиряпсиз?

- Кўрамиз, таклифлар бор, йўқ эмас. Ҳали аниқ бўлмагани учун бир нима дея олмайман.

- Балки легионерга айланмоқчидирсиз...

- Балки бўлиши мумкин. Бу борада таклифлар ҳам бор.

фозил1

- Япония чемпионатида бир неча йил ўйнадингиз ва маълум вақтдан сўнг Ўзбекистон чемпионатига қайтдингиз. Айтинг-чи, Суперлигада қандай ўзгаришларни кўрдингиз?

- Курашувчан ўйинлар кўп бўлди. Ҳамма очко учун охиригача талашди. “Пахтакор”дан ташқари 2- ва 3-ўринларга ҳамда лигада қолиш учун курашлар қизғин бўлди. Майдони сифатсиз бўлган стадионларни ҳам кўрдик.

- Яйпанлик мухлисларга нима деган бўлардингиз?

- Ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди. Тушиб кетган бўлсак ҳам охиригача курашдинглар, бунинг учун сизларга раҳмат, деган футболни тушунадиган мухлислар ҳам бор. Қолаверса, бизни ўйнамади, дея футболни тушунмайдиганлари ҳам йўқ эмас. Ҳаммани шахсий фикри бор. Охиригача мухлислик қилиш керак. Бундай омадсизлик ҳар қандай клубнинг бошида бўлиши мумкин. Агар биз футболчиларга қизиғи йўқ бўлганида унда гапирса бўларди. Лекин жамоа билан сўнгги тургача курашдик. Ҳамма ютишни хоҳлайди, шахсан мен ҳам. Мағлуб бўлишни жуда ёмон кўраман. Мухлис ўз жамоасига қандай вазиятда бўлишидан қатъий назар охиригача ишқибозлик қилсин.

- “Турон”да йил давомида Ислом Исмоилов, Богуслав Баниак, Игорь Шквирин ва Баҳром Ҳакимов бош мураббий бўлиб ишлади. Ўйинчиларга эса қийин эди. Чунки бир мураббийнинг услубига энди мослашаётганида бошқаси келади. Жамоа сардори сифатида мураббийларга қандай таъриф берган бўлардингиз?

- Ҳаммани ўзига яраша плюс ва минус тарафлари бор. Уларга таъриф бера олмайман. Қандайдир фикр билдирсам нотўғри бўлади.

- Мураббийларни ўзгариши ҳам салбий натижага асосий сабаблардан бири бўлди, деб ўйлайсизми?

- Ҳа, бўлади. Мавсум ўртасида бундай ўзгаришлар бўлиши нафақат бизга, балки мураббийни ўзига ҳам қийин. Барибир вақт керак, ҳаммасини бирданига бажариб бўлмайди. Бундай вазиятда қийин томонлари кўп-да.

фозил2

- Ишлаган мураббийлардан кимга кўпроқ имконият бериш керак эди?

- Шахсий фикримни айта олмайман. Ҳаммамиз айбдормиз. Балки кимгадир охиригача имконият берилганида ҳам шу аҳвол бўлармиди, буни олдиндан билиб бўлмасди. Бу раҳбариятнинг иши.

- Таркибда номи чиққан футболчилар кўп, аммо жамоавий ўйин йўқ эди, деган гапларга қўшиласизми?

- Жамоа таркиби зўр эди, деган гапга қўшилмайман. Таркиб зўр бўлганида биз Суперлигада қолиш вазифасини уддалардик.

- “Турон”га келиб адашдим, деган хаёл сизни қийнамаяптими?

- Йўқ, адашдим деб ўйламайман. Ҳаётимда шундай қийинчилик кўришим керак экан, шу нарса бўлди. Адашдим демайман. Яхши йигитлар билан ҳам ўйнадим. Ичимизда ажойиб футболчилар ҳам бор эди. Раҳбарларни футболга эътибори, яратиб берган шароитлари анча-мунча клубда йўқ. Бу мавсумдан ўзимга яраша хулоса қилдим. Янада кўпроқ ишлашим керак.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
QDPI Talaba
11/12/2021 12:12
Sharafsiz muhlislarga til tekizma!
Baxil Alihuja
11/12/2021 11:28
Туронни камчилиги таркибида эмас! Камчилик рахбарларида, айнан клуб президенти, менежерлари ва директорлари тугри шарт-шароит яратмагани ва тугри йуналишни топа олмагани, тажрибасизлиги туфайли шундай булди! Клуб тизимидаги рахбарларни аксарияти аввал бу даражада ишлашмаган, маъсулиятсиз ва тажрибаси ЙУК!

×