Жасур Жалолиддиновга Туркия ва Швейцария клублари қизиқяпти,

Жасур Жалолиддиновнинг “Андижон”даги ўйинларини кўпчилик кузатяпти. Чунки у ёш бўлишига қарамай, аллақачон барчанинг эътиборига тушиб бўлган.

Футболчи оғир дамларни ортда қолдириб, яна ростакамига ўйин амалиётига эга бўляпти. Бу Жасур учун энг муҳими. Барибир ушбу ўйинчига Европадан яхши таклифлар бўлиб турибди.

Sports.uz мухбири эса мавжуд вазиятдан келиб чиқиб Жалолиддиновга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

- “Андижон”нинг чемпионатдаги танаффус пайтида олиб бораётган машғулотлари қандай ўтяпти?

- Ўйлашимча, “Андижон”га танаффус керак эди, яхшилаб тайёрланиб олишимизга. Айниқса, руҳий жиҳатдан ҳамда ўз ўйинимизни топиб олишимиз учун бу танаффус муҳим. Бунгача ўтказган учрашувларимизда жисмоний томондан кучимиз етмаётгани ҳам билиниб қолаётганди. Масалан, биринчи бўлимда яхшироқ ўйнаб, ўйин охирларида чарчаб қолаётгандик. Жисмоний томондан жиддий тайёрланиб олишимиз учун бу яхши вақт. Бу орқали ўйинимизни ҳам топиб олишимизга яхши имконият. Энди хаёлни бир жойга йиғиб, қандай ҳаракат қилишимизни ўйлаб оляпмиз. Раҳбарият ва мураббийлар билан келишиб олганмиз, биз ўзимизга қулай келадиган ўйин услубини танлаб олганмиз. Кундан-кунга жисмоний ва тактик томонлама ижобий тарафга ўзгаряпмиз. Биринчи давра охиригача ўз очколаримизни йиғиб оламиз, деб умид қиламан.

- “Андижон”га Отабек Ғуломхўжаевнинг таклифига кўра келгансиз. Кейин ушбу мураббий клубдан кетгач, бу ҳолат Жалолиддиновга қандай таъсири қилиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Бунга қандай муносабатдасиз?

- Тўғриси, менга унчалик таъсир қилмади. Мени Отабек ака Ғуломхўжаев чақирган ва шу билан бирга клуб раҳбари Журъат ака Қувватов ҳам таклиф қилган ва у киши билан ҳам гаплашганман. Ўз йўлим билан келяпман. Чунки ҳаётда ва футболда ўзимнинг йўлим бор. Фаолиятимда фақатгина Отабек ака Ғуломхўжаев билан ишламаганман. Яна бошқа турли мутахассислар билан ҳам фаолият олиб борганман. Менга мураббийнинг унчалик аҳамияти йўқ. Асосийси, ўз ўйинимни яхшилаш ҳақида ўйлаяпман.

жасур4_1

- Жамоа кетма-кет очколар йўқотяпти. Нима учун “Андижон” мавсумни қониқарли ўтказа олмаяпти?

- Ўйин тарафлама ҳеч кимга ютқазмаяпмиз. Бир қатор футболчиларимиз Суперлигада энди тажриба тўплаяпти. Ярмидан кўпи биринчи марта ўйнаяпти, Суперлигада. Яна қайтараман: ўйин бўйича ҳеч кимга ютқазмаяпмиз. Натижа ҳеч қачон бирданига келмайди, барчасига вақт керак. Менга ҳам, бошқасига ҳам вақт зарур. Ҳар қандай ўйинчи учун Суперлигага киришиб кетиши ўз-ўзидан бўлмайди. Суперлигамизнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари ва кучли тарафлари бор.

- Жамоадан хавотирга тушиб қолган мухлисларга нима дея оласиз?

- Жамоамизда ҳаммаси яхши. Юзага келган танаффусдан зўр фойдаланяпмиз, деб ўйлайман. Вазиятни ҳамма тушуниб турибди.

- Сизга хориждан таклифлар бўлаётгани ҳақида эшитиб турибмиз. Бу борадаги ишлар қандай кетяпти?

- Зўр-зўр жойлардан чақирувлар бор, 100 фоизлик таклифлар ҳам бўляпти. Ҳаммаси Европадан, Осиёдан йўқ десам ҳам бўлаверади. Ҳаётда бир марта орқага қадам ташладим. Энди бошқа бундай ишни такрорлашни истамайман. Шунинг учун қарор чиқаришга умуман шошилмайман. Иккинчи даврада олдинга қадам ташлашга ҳаракат қиламан.

жасур_6

- Кўпчиликни қизиқтираётган савол: биринчи даврадан кейин “Андижон”дан кетасизми?

- Нимадир десам, “Андижон” клубига нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламан. Олдимизда яна бешта ўйинимиз бор. Аввало, ушбу учрашувларда “Андижон” жамоасига ёрдам бераман. Биринчи даврадан кейин ҳаммасини ўйлаб кўраман. Барибир ҳозир хоҳлаган тақдиримда ҳам кета олмайман.

- Туркиянинг “Бешиктош” клубидан таклиф борлиги ҳақида айтганингиз ёдимизда. Бу вариант ҳозир ҳам ўз кучидами?

- Туркиянинг 3-4 та клубларидан таклифлар бўляпти, уларнинг орасида “Бешиктош” ҳам бор. Ҳали жиддий гаплашганимиз йўқ, шунчаки вариантлар ҳақида эшитиб турибман. Трансфер ойнаси расман очилганидан сўнг, барчасини кўриб чиқамиз.

жасур2_2

- Сир бўлмаса, ўзингизга яна қаерлардан аниқ таклифлар бўлди?

- Туркиядан ташқари Швейцариядан бўлди. Кейин “Порту В” жамоасидан таклиф бор. Ҳали бошқа мамлакатларнинг қайси клублари қизиқаётганини билмайман. Уларга аниқ жавоб айтмасангиз, сизга жамоалар номини айтмай туришади. Фақат эшитиб турибман.

- Биринчи даврадан кейин Европага кетишингиз имкониятини неча фоизга баҳолаяпсиз?

- 50х50.

- Ўзингиз айтганингиздек, “Андижон”нинг олдида бешта ўйин турибди. Рақиблар жиддий: “Насаф”, “Пахтакор”, АГМК, “Навбаҳор”, “Турон”. “Андижон” бу рақиблардан қандай қилиб очколарни тортиб олмоқчи?

- Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Барибир бешта ўйинда ўйнашимиз керак. Ҳеч қачон олдиндан таслим бўлмаймиз. Ўзимизнинг очколаримизни олишга ҳаракат қиламиз. Аввалги учрашувларда йўқотилган очколарни энди бўлғуси беллашувлардан олишга ҳаракат қиламиз. Ютадиган ўйинларимизни юта олмадик. Энди бўлса, олдимизда турган қийин учрашувларда хатоларимизни тўғрилаб, натижаларни яхшилашимиз керак.

жасур1_3

- “Андижон”даги ўйинларингиз давомида маҳаллий мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши айниқса сизга бошқача таъсир қилаётганини кўриб турибмиз...

- “Андижон”га келганимни сабаби ҳам шу. Биринчи ўринда мухлислар ёрдамида ўзимга бўлган ишончни қайтариш эди. Бу нарса менга ёқяпти. Ишқибозларнинг олқишлаб туриши менга катта жавобгарлик ҳиссини беради. Ҳар доим нимадир қилишим керак бўлади. Мухлисларнинг бу даражада қўллаб туриши менга фақат ёрдам беради. Кўз тегмасин, ўзимга бўлган ишонч қайтяпти. “Андижон” гарчи кўпроқ ютқазган бўлса ҳам бу ерга келганимдан бери ўзимга кўп нарса олдим. Андижонга футбол учун келганман. Айнан шу тарафлама ўзим учун керакли жиҳатларни оляпман.   

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар