Мирко Еличич: "Абдуҳолиқовнинг ажойиб формада эканлиги Зоировнинг зарарига ишламоқда"
Суперлиганинг 5-турида "Локомотив" сафарда "Бунёдкор"га қарши майдонга тушди. Қизиқарли ўтган ўйинда "Локо" 2:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Клуб матбуот хизмати ўйиндан кейин жамоа бош мураббийи Мирко Еличичнинг матбуот анжуманидаги фикрларини тақдим қилди.
- Футбол - адолатсиз ўйин. 95 дақиқа давомида футбол ўйнаб, иккита стандарт вазиятда оддий гол ўтказиб юбориш аламли. Жамоам майдонда намойиш этган ўйин менга ёқди. Рақибни уч очко билан қутлайман. Бугун рақибимизнинг услуби иш берди.
- "Локомотив" кетма-кет иккинчи мағлубиятга учради. Жамоанинг мавсумнинг дастлабки уч турида қайд этган натижаси тасодиф эди, "Локомотив" энди ўзининг ҳақиқий ўрнига қайтди, деган фикрларга қанчалик қўшиласиз?
- Биз чемпионатдаги ҳар қандай рақибни мағлуб этишимиз мумкин. Шунингдек, ҳар бир рақиб ҳам бизни енгиш эҳтимоли йўқ эмас. Бизнинг мақсадимиз ва йўлимиз бошқа. Биз ҳар бир ўйинда қайси жиҳатдан кучлироқ бўлишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб майдонга тушамиз. Менимча, бугун унчалик ёмон ўйнамадик. Футбол шундай ўйин. Айрим вазиятларда режалар ўхшамайди қолади. Статистикага қарасангиз, бугунги ўйин кимнинг устунлиги остида ўтганини кўрасиз ва саволингизга жавоб топа оласиз.
- Навбатдаги 30 кун давомида Суперлигада 7 та тур ўйинлари ўтказилади. Бундай зич тақвим МТЖнинг мундиалдан олдинги йиғинлари сабабчи бўлмоқда. Демак, Суперлига клублари апрел ойи давомида ҳар тўрт кунда ўйин ўтказади. Бу ўзига хос "бохинг дай" клубларга қанчалик ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин? Жароҳатлар кўпайиб кетишидан қўрқмайсизми?
- Аксинча, бу яхши. Биз янги жамоа йиғдик. Тезроқ дастлабки 5-6 ўйинимизни ўтказиб олиб, майдонда бир-биримизни яхшироқ тушуна бошлаймиз. Жамоа анча шаклланиб, барқарор бўлиб олади. Жамоа барқарорлашиб олганидан сўнг таркибда ўзгариш қилса ҳам бўлади. Ҳар 4-5 кун ичида ўйин ўтказиш масаласига келадиган бўлсак. Бу сиз ўйлаётгандек катта муаммо эмас. Шунчаки, бошқача режа бўйича тайёргарлик олиб бориш керак. Энг қулай ечим бу схемани ўзгартириш. Энг яхши прогресс ўйинда қайд этилади. Жамоа икки ёки уч ҳафта давомида машғулот олиб бориши мумкин, аммо майдондаги ўйин билан тенглаша олмайди. Энг яхши тайёргарлик - ўйинда иштирок этиш. Мен учун бу аксинча яхши янгилик.
- Ўтган мавсумда Про лиганинг энг яхши тўпурари бўлган Муҳриддин Зоиров жорий мавсумда жуда кам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Зоиров бугун сўнгги дақиқаларда майдонга тушди ва бунга қадар фақатгина "Машъал"га қарши ўйинда 12 дақиқа майдонда ҳаракатланганди. Зоировга имконият берилмаётганининг сабаби нимада? Мен Зоировни жорий йилда янада кўпроқ гол уришини тахмин қилгандим, аммо ҳозирча майдонга тушаётгани ҳам йўқ...
- Мен биринчи навбатда барқарорлик истайман. Темурхўжа Абдуҳолиқовнинг ажойиб формада эканлиги Зоировнинг зарарига ишламоқда. Мен эса ҳозирги ҳолатда энг яхши спорт формада бўлиб турган футболчини ўйнатишим керак. Абдуҳолиқовсиз қандай ўйин қуришимиз ҳақида ҳам ўйлашим керак. Дастлабки 5 турда Абдуҳолиқовдек ўйин намойиш этган футболчини захирага олиш мантиқсиз.
- Биринчи бўлим сўнгида ўтказиб юборилган иккинчи гол жамоангизга қанчалик таъсир қилди?
- Тайм сўнгида 1:0 ҳисобида рози бўлиб қўйгандек туюлди. Кейин эса гол ўтказиб юбордик. Голдан сўнг кайфият ўзгарди. Биз ҳар бир ўйинда ўзимизнинг олдимизга қўйган мақсадларимизга эришишга интиламиз. Таблодаги ҳисобдан ташқари бошқа мақсадларимиз ҳам. Ўйин сифатини яхшилаш, интенсивликни ошириш. Табиийки, натижа муҳим. Лекин биз учун натижадан ҳам мақсадлар бор.
- Ўзбекистон Кубогининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. "Локомотив" жой олган гуруҳ ҳақида гапириб ўтсангиз?
- Ҳар клуб Кубок баҳсларига энг максимал натижани кўзлайди. Про лига клубими ёки биринчи лига фарқи йўқ. Кубок шундай мусобақа. Барча жамоаларда имкониятлар тенг бўлади ва ҳар қандай мусобақада ғолиб бўлишга интилади.
Фикрлар