Жасур Яхшибоев ҳамда Элдор Шомуродовга бошқа жамоалардан қизиқишлар бор ва ҳафтанинг бошқа муҳим хабарлари

Ассалому алайкум қадрли SPORTS.uz сайтининг кузатувчилари. Ўтган ҳафта футбол оламида кўплаб воқеалар юз берди. Улар орасида ўзбек футболига алоқадорлари ҳам бор. Шу боис биз сизларга ҳафтанинг ўзбек футболига талуқли энг муҳим мавзулари ҳақида сўз юритамиз.

Жасур Яхшибоев отрда қолган ҳафтада эътибор жиҳатдан Элдор Шомуродовдан ўзиб кетди. Чунки Жасур Мадридда “Реал” дарвозасини ишғол қилди. Шомуродовнинг эса охирги пайтларда “Рома”даги ишлари юришмаяпти.

Европа чемпионлар лигаси 2-турида “Реал” - “Шериф” баҳси ўтказилди. Бу ўйин билан бир вақтда ПСЖ - “Манчестер Сити” қарама-қаршилиги бўлиб ўтди. Шу куни ўзбекистонлик мухлислар иккига бўлинди. Чунки “Шериф” сафида ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев асосий таркибда майдонга тушди. Параллел тарзда ўтказилган баҳсда юлдузлар тўқнашуви эди. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, ўзбек аудиториясининг катта қисми барибир эътиборини Мадридга қаратди. Чунки Жасур Яхшибоев “қироллик клуби” дарвозасига гол урди. Карль ишоняпсанми, авваллари “Пахтакор” таркибига сиғмаган ўзбек футболчиси “Сантьяго Бернабеу”да гол урди.

“Реал” - “Шериф” учрашувининг 25-дақиқасида ҳамюртимиз чап қанотдан ошириб берилган тўпни тўрга йўллади. Тибо Куртуа бу вазиятда ожиз қолди. Бу орқали Яхшибоев тарихга кирди. Яъни “Сантьяго Бернабеу”да “Реал”га гол урган илк ўзбек футболчисига айланди.

Бундан аввал 2005-2006 йилги ЕЧЛ гуруҳ босқичи 6-турида Максим Шацких “қироллик клуби” дарвозасини бир ўйинда икки бор ишғол қилганди. Фақат Шацких голларни “Динамо К” сафида Украинадаги беллашувда урганди.

Ушбу муваффақиятдан сўнг Жасур Яхшибоев қисқача фикрини билдириб ўтди. 

- Ёшлигимдан "Реал"га қарши ўйнашни орзу қилганман. Гол ҳақида нима дейишни ҳам билмаяпман. Лекин дарвозани ишғол қилишни жуда истагандим, - деди Яхшибоев.

Бир пайтлар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида "Реал"га қарши ўйнаш учун Сардор Рашидов БАА жамоасини танласа-да, бу футболчимизга насиб қилмаганди. Яхшибоев эса "Шериф" сафида "Реал" дарвозасига гол урди.

Мана шу ўйинлар сабаб Яхшибоев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг октябрь ойидаги йиғинига жалб қилинганди. Бироқ Жасур жароҳат олгани боис йиғинда қатнаша олмайдиган бўлди. Унинг ўрнига Сречко Катанец “Локомотив”дан Азиз Омоновни таклиф қилди. 

Эслатиб ўтамиз, миллий терма жамоамиз Иордания пойтахти Амман шаҳрида хориж йиғини ташкил этади. Машғулотлар давомида вакилларимиз 9 октябрь куни Малайзия, 12 октябрда эса Иордания билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Элдор Шомуродовнинг охирги пайтларда “Рома”даги ўйинлари ўхшамаяпти. Ҳамюртимиз авваллари захирадан ўйинга қўшилганда, фойдали койфициенти кўпроқ эди. Камида ассист амалга оширарди. Шомуродов асосий таркибга киритилганда эса унинг бу ҳислати йўқолди. Ҳатто Жозе Моуриньо ҳам Европа Конференциялар лигаси доирасида “Заря”га қарши баҳсдан сўнг унинг ҳаракатлари аввалгидек чиқмаётгани ҳақида гапирганди.

Умуман олганда, футболчиларда бундай ҳолатлар учраб туради. Умид қиламизки, Элдор Шомуродовда муваффақиятсиз онлар тезроқ ўтиб кетади.

Қолган воқеликларни видео орқали билиб олишингиз мумкин: 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар