"Кенжабоевни "Насаф"га таклиф қилдик, нега келмаганини ўзидан сўранг, ҳужум чизиғига янги легионер оляпмиз" - Рўзиқул Бердиев иштирокида матбуот анжумани

“Насаф” клуби Суперлиганинг 12-турида ўз майдонида “Сўғдиёна”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан кейин “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Бугун кескин курашга ва хиссиётларга бой ўйин бўлди. Айтишим керак, ҳеч қачон футболчиларимизга майдонга чиқиб, ҳиссиётга берилинглар ёки рақиб билан уришинглар, деб айтмаймиз. Агар майдонда футболчиларимиз ўзларини ноодатий тутган бўлса, биз мураббийлар бунинг учун узр сўраймиз. Албатта, ўйинчимиз жазосини олди, қизил карточка билан. Энди кейинги ўйинларда бизга таъсир қилиши мумкин. Бугун майдонда икки етакчи жамоа ўйнади. Ғалаба учун иккала жамоа ҳам бор кучи билан ҳаракат қилди. “Сўғдиёна” жамоаси бежизга юқори ўринларда юргани йўқ. Бу тажрибали жамоа. Яхши шаклланди. Шу боис бизга анча қийинчилик туғдирди. Бугунги ўйинда таркибимизда бир қанча ўзгаришларни қилдик. Бунга кескин сабаблар бор. Бир қатор футболчиларимизда шамоллаш бўлгани учун машғулотларда қатнашишмаган. Натижада ўйин схемамиз ва таркибимизда ўзгаришлар қилдик. Асосийси, бугун кучли рақиб устидан ғалабага эришиб, уч очкони қўлга киритдик. Ўйлайманки, йўқотилган очколарни мана шундай қийин ўйинлардаги ғалабаларимиз билан тўлдиряпмиз.

- Норчаевнинг жароҳати жиддий эмасми?

- Жиддий эмас, ҳозир шифокоримиздан сўрадим. Фақат мушкулларига қаттиқ зарба бўлган. Ўйлайманки, кейинги ўйингача тикланади.

- Умар Эшмуродовни қўлида жароҳат бордек кўринди. Аслида вазият қандай?

- Қўли билан боғлиқ эмас. Умарда ҳам бироз шамоллаш аломати бор эди. Шунга қарамасдан, у жасорат кўрсатиб, ўйинга тайёрман, жамоага ёрдам бераман деб майдонга тушди.

- Ислом Кенжабоев Кореядан қайтиб “Қизилқум”га ўтди. Уни нимага “Насаф”га қайтариш имкони бўлмади?

- Буни Кенжабоевдан сўраш керак. Бу ҳақида сизларга ва мухлисларга шуни айтмоқчиманки, биз Кенжабоевни “Насаф”га таклиф қилдик. Ўзим ҳам агентига айтдим. Агар келса, жон деб олардик. У жамоамиз ўйинига ҳам тезроқ киришиб кетарди, чунки ўзимизни ўйинчи эди. Бироқ у “Қизилқум”ни танлади.

- Ойбек Бозоровни иккинчи таймга олиб қўйиш орқали “Насаф” ўйинини янада кучайтиришни мақсад қилганмидингиз?

- Боя айтдим, таркиб ўзгаришида кескин сабаблар бўлди. Ойбекда “Қўқон-1912”га қарши учрашувдан кейин шамоллаш бор эди. Машғулотларда қатнашмади, фақат кеча иштирок этди. Агар ўйинни бошидан уни асосий таркибга киритганимда 30 дақиқада у чарчарди. Барибир таркибда яна ўзгаришлар қилишимизга тўғри келарди. Ўйлайманки, бу қароримиз тўғри бўлди. Ойбек захирадан майдонга тушиб, 30 дақиқада жамоага ёрдам берди ва гол урилган вазиятда қатнашди. Менимча, ҳаммаси тўғри бўлди.

- “Сўғдиёна” футболчилари ва мураббийни асабийлашиши тўғри бўлди деб ўйлайсизми?

- Футбол – бу ҳиссиётга бериладиган ўйин. Улуғбек Бақоевни мураббий ва инсон сифатида ҳам яхши биламан. Жамоаси ҳам ўзини характерига ўхшайди. Шу боис уни айбламаган бўлардим. Бу уларни биринчи мағлубияти бўлди. Шунинг учун балки ҳиссиётга берилгандир. Ҳар бир характерли жамоага ютқазиш ёқмайди.

- Дарвозабонингиз Абдувоҳид Неъматов бугун асабий ҳолатда ўйнади. Бу ўйин суръати билан боғлиқми?

- Биринчидан, ўйин суръати. Иккинчидан, шогирдларим футбол ўйнашни ҳам, майдонда курашни ҳам билишлари керак. Шуни мен талаб қиламан. Спорт қонунлари бор. Қонундан чиқмаган ҳолатда курашиш, характерини кўрсатиши, жон-жаҳди билан ўйнаши керак бўлади. Мен улар учун хурсандман. Футбол ўйнашни ҳам, майдонда ҳар бир вазиятда муносиб бўлишни ҳам билишлари керак.

- Трансфер ойнаси очиляпти. Кўзлаган ўйинчиларингиз борми?

- Кенжабоевни жуда хоҳлагандик. Ўзига ҳам раҳбарларимиз мурожаат қилди. Бундан ташқари, ҳужум чизиғини кучайтириш учун легионер оляпмиз, аниқ бўлса тез орада эшитасизлар. У Марко билан бир жамоада ўйнаган. Уни тавсияси билан таклиф қиляпмиз. Музокаралар охирига яқинлашиб қолди.

- 9 июль куни “Машъал” билан учрашувда уни кўришимиз мумкинми?

- Йўқ. Биринчи давра ўйини, шунга “заявка” бўлмайди. Ҳал бўлса, сизлар орқали мухлисларга етказамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
05/07/2021 05:02
Sugdiyona goli bulgan mamentni katta eski sudiyaladan yana suradim. Sudiya 100 foiz tugri qildi. Dilshod Saitov turgan joydan sakrayapti. raqib uyinchisi esa yugurib kelib uyinchi orqasidan sakrab tersagi bilan uyinchi sahal kantak etadi sakragan vaqt yiqilishiga dedi. Sugdiyona uyinchisi qullarini paska qilib sakraganiga gam mayli edi dedi. yaqqol kurinib turibti. uyinchi orqadan kantak bor dedi.
05/07/2021 11:01
Тугри айтдингиз. Уйинчи айёрлик килди. У сакраб беркитиб тирсаги билан билдирмай иш бажаряпти. Хакам хам уларнинг каршисиди турибди, унга хам билинмади унча, агар хакам ён томонда турган булганда аник куринган буларди. Бу ерда хакамнинг хатоси уша захоти хуштаг чалмагани булди.