Мужибулло Турсунов "Странжа" турнири ва Руслан Абдуллаев билан рақобати ҳақида сўз юритди

Болгарияда ташкил этилган "Странжа" турнирида барча рақибларини мағлуб этиб, чемпионлик номига сазовор бўлган яна бир боксчимиз - 63.5 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Мужибулло Турсуновдир.

Албатта, ушбу чармқўлқоп устаси юртимиздаги истеъдодли спортчиларидан бири саналади. У Сербиядаги жаҳон чемпионатида ҳам чиройли ҳатти-ҳаракатлари билан барчани меҳрини қозона олганди.

Бир сўз билан айтганда, келажакда ундан юқори натижаларни кутсак бўлади. Биз ушбу боксчимиз билан боғланиб, "Странжа" турнири ва бошқа мавзулар ҳақидаги фикри билан қизиқдик.

- Аввало, Болгариядаги муваффақият билан табриклаймиз!

- Катта раҳмат!

- Келинг, умумий тарзда ушбу турнир таассуротлари билан ўртоқлашсангиз?

- "Странжа" турнири юқори даражада ўтди. Барча терма жамоалар ушбу турнирга жиддий қарайди ва кўплаб вакилларини синовдан ўтказиб олади. Шуниси билан ҳам бу турнир жуда қийин бўлади. Чунки, янги термага жалб этилган боксчилар ўзларини кўрсатиш учун бор имкониятини ишга солади. Шукрки, барчаси яхши бўлди ва ғолиб бўла олдим. Бунинг замирида федерациямиз мутасаддилари, мураббийларимнинг ишончи ва меҳнати сабаб бўлди, деб айта оламан.

- Нисбатан энг қийин жанг қайси бўлди?

- Иккинчи жангимда қозоғистонлик боксчи билан тўқнаш келдим. Шу баҳс анчагина қийин бўлди. Умуман осон жангни ўзи бўлмади. Бироқ Қозоғистон вакили анчагина яхши тайёргарлик кўрган экан.

- Янглишмасам украиналик Ярослав Харциз билан жангда унинг зарбасидан кейин ҳисоб очилганди, ушбу вазиятга қандай изоҳ берасиз? Дарҳақиқат, зарба кучли бўлдими?

- Албатта, бу вазиятда рефери тўғри қарор қабул қилди. Чунки, зарба ростдан ҳам кучли йўлланди. Буни ўзим ҳам ҳис қилдим. Қайсидир маънода ушбу зарба ҳам менга қўшимча мотивация берди ва жангни ўз фойдамга ҳал қила олдим.

- Бу турнир мобайнида жанг олиб бориш услубингизда ўзгаришларни, ўзига хос тактик ҳаракатларни ҳам кузатдик?

- Тўғри, одатий услубда ҳаракат қилаверсангиз барибир рақиблар сизни ўрганиб, керакли қарши ҳужумни тайёрлай олади. Шунинг учун, мураббийлар томонидан тактик ўзгаришлар қилдик ва бу ўзини оқлади.

- Олдинда жуда ҳам муҳим бўлган қитъа чемпионатлари, жаҳон чемпионати ва Париж Олимпиадаси бор, сизнинг вазнингизда эса кучли рақобатчи Руслан Абдуллаев пайдо бўлди...?

- Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Албатта, кимнинг ризқи қўшилган бўлса, ўша чемпионатларда иштирок этади. Умуман олиб қараганда, рақобатни тўғри қабул қиламан. Рақобат бор жойда ўсиш бўлади, дейишадику.

- Вақт ажратганингиз учун раҳмат ва ўз ўрнида олдинга қўйган ниятларингиз амалга ошишига тилакдошмиз!

- Эътибордан хурсандман ва шуни айта оламанки, халқимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз!

Ҳасанбой Дўсматовнинг режалари ўзгарди. У Париж Олимпиадасида қатнашмоқчи

WBА янгиланган рейтингида Шоҳжаҳон Эргашев пастлади, лекин кўтарилиш ҳам бор...

Дмитрий Бивол ва Канело Альварес ўртасидаги жанг Дубайда бўлиб ўтиши мумкин

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!