Мундиал сари. Танишинг - Марокаш терма жамоаси

Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар Африканинг номдор жамоаларидан бири ҳисобланган Марокаш терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Марокаш Африка қитъасининг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Ушбу юрт футболчилари ўзининг илк учрашувини 1957 йил Ироқ терма жамоасига қарши ўтказишган. Голларга бой кечган баҳс 3:3 ҳисобида жанговор дуранг билан якунланган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Марокаш жаҳон чемпионатида иштирок этган илк Африка жамоаси ҳисобланади. Улар 1970 йил Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтган мундиалда қатнашиш шарафига мушарраф бўлишди. Марокашликларга гуруҳда Германия, Перу ва Болгария тўқнаш келди. Марокаш дастлабки икки ўйинда Германия (1:2) ва Перу (3:0) термаларига ютқазиб қўйди.  Сўнгги турда эса Болгария билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Шу тариқа Марокаш терма жамоаси ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионати ўйинларидаги очкосини қўлга киритди. Якунда улар гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетишди.

Шундан сўнг ушбу юрт вакиллари кетма-кет учта (1974, 1978, 1982) жаҳон чемпионати саралашидан ўта олишмади.

1986 йил мундиалга яна Мексика мезбонлик қилди ва яна Марокаш финал босқичида иштирок этди. Улар “F” гуруҳида Англия, Португалия ва Польша терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Аммо марокашлик футболчилар нисбатан номдорроқ рақибларга қарши ўзларини асло йўқотиб қўйишмади. Гуруҳнинг дастлабки иккита ўйинида Польша ва Англия билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этилди. Сўнгги турда Португалия устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалаба Марокаш терма жамоасини гуруҳда биринчи ўринг олиб чиқди. Кейинги босқичда уларни Германия терма жамоаси кутиб турган эди. Ушбу учрашув тақдирини эса немисларнинг ягона голи ҳал қилди. Шу тариқа Марокаш ўз тарихида иккинчи марта қатнашган мундиалдаги иштирокини тўхтатди.

Марокаш 1990 йил Италияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини ўтказиб юборгач, 1994 йил яна мундиалда ўйнаш бахтига сазовор бўлди. Улар бу сафар ҳам “F” гуруҳидан жой олишди. Фақат бу АҚШдаги мусобақада рақиблар бошқа эди. Марокашлик футболчилар Голландия (2:1), Саудия Арабистони (2:1) ва Бельгия (1:0) терма жамоаларига қарши ўтказилган ўйинларнинг барчасида мағлуб бўлишди ва гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетишди.

Орадан тўрт йил ўтиб сайёрамизнинг энг йирик мусобақасига Франция мезбонлик қилди. Марокаш бу сафар “A” гуруҳида Бразилия, Норвегия ва Шотландия терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Улар дастлабки турда Норвегия билан 2:2 ҳисобида жанговор дуранг қайд этишди. Кейин Бразилияга 3:0 ҳисобида имкониятни бой берган марокашлик футболчилар сўнгги турда Шотландияни ҳудди шу ҳисобда енгишди. Бироқ бу ғалаба уларни плей-оффга олиб чиқолмади. Гуруҳда учинчи ўринда қолиб кетган Марокаш шу тариқа ЖЧ-1998даги иштирокини якунлади.

Франция мундиалидан сўнг марокашлик мухлислар жаҳон чемпионатига чиқишни роппа-роса 20 йил кутишга мажбур бўлишди. Чунки, ушбу юрт футболчилари 2002, 2006, 2010 ва 2014 йилги жаҳон чемпионати саралашидан ўта олишмади. Ниҳоят уларга 2018 йил Россия майдонларида бўлиб ўтадиган мундиалда иштирок этиш насиб этди. Энди улар жаҳон чемпионатининг “Б” гуруҳида Испания, Португалия ва Эрон терма жамоаларига қарши кураш олиб боришади.

Қитъа биринчиликларидаги иштироки

Марокаш терма жамоаси Африка миллатлар кубогидаги ўзининг илк иштирокини 1972 йил Камерунда бўлиб ўтган мусобақада бошлаган. Бироқ уларнинг дебюти у қадар муваффақиятли чиқмади. Марокаш гуруҳда қолиб кетди.

1974 йил Мисрдаги чемпионат саралашидан ўта олмаган марокашлик футболчилар орадан икки йил ўтиб Эфиопияда ўзларининг илк титулларини қўлга киритишди. Аниқроғи 1976 йилги қитъа биринчилигида марокашлик футболчиларга тенг келадиган рақиб топилмади.

Шундан сўнг Марокаш 1978 йил гуруҳ босқичида қолиб кетди. 1980 йилги чемпионатда эса бронза медалларини қўлга киритди. Кейин эса кетма-кет 2та (1982, 1984) қитъа биринчилигини ўтказиб юборди. 1986 ва 1988 йилги Африка миллатлар кубогида Марокаш ярим финалга қадар етиб борди. Ушбу юрт вакиллари 1992 йил гуруҳ босқичида қолиб кетишди. 1990, 1994 ва 1996 йилда  саралашдан ўта олишмади.

1998 йил Буркина-Фасо мезбонлигида ўтган мусобақада марокашлик футболчилар нисбатан яхшироқ натижа қайд этишди. Бу сафар улар чорак финалга қадар етиб бора олишди. Шундан сўнг 2000, 2002, 2006 ва 2008 йилларда яна гуруҳ босқичида қолиб кетишди. 2004 йилги Тунис яшил майдонларида ўтказилган чемпионатда финалга қадар етиб бора олган Марокаш ҳал қилувчи баҳсда майдон эгаларига 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

2010 ва 2015 йилдаги қитъа биринчиликларида иштирок этмаган Марокаш, гарчи 2012 ва 2013 йилларда ушбу мусобақа финал босқичига йўлланмани қўлга киритган бўлсада, якунда гуруҳ босқичида қолиб кетди. 2017 йил Габонда ўтказилган сўнгги чемпионатда улар чорак финалга қадар етиб боришди.

Марокаш терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Илк учрашув: 1957 йил 19 октябрь, Марокаш – Ироқ 3:3.

Энг йирик ғалабаси: 1961 йил 6 сентябрь, Марокаш – Саудия Арабистони 13:1.

Энг йирик мағлубияти: 1964 йил 11 октябрь, Венгрия – Марокаш 6:0.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Нуреддин Найбет (115).

Энг яхши тўпурар: Ахмед Фарас (42).

Бундан бир неча кун олдин Марокаш терма жамоаси бош мураббийи Эрве Ренан ЖЧ-2018 учун терма жамоанинг кенгайтирилган таркибини эълон қилди. Унга кўра қуйидаги футболчилар ушбу рўйхатдан жой олишди:

Дарвозабонлар: Яссин Буну (Жирона, Испания), Ахмед Таньяути (Иттихад Танжер), Мунир Моханд (Нумансия, Испания);

Ҳимоячилар: Мехди Бенатиа (Ювентус, Италия), Ромен Саисс (Вулверхэмптон, Англия), Мануэл да Кошта (Истанбул Башакшехир, Туркия), Ашраф Хакими (Реал, Испания), Бадр Банун (Ража Касабланка), Хамза Мендил (Лилль, Франция), Уалид эль-Хажам (Амьен, Франция);

Ярим ҳимоячилар: Набиль Дирар (Фенербахче, Туркия), Юссеф Аит-Беннассер (Кан, Франция), Мехди Карсела– Гонсалес (Олимпиакос, Греция), Карим ал-Ахмади, Софьян Амрабат (иккаласи – Фейенорд, Голланди), Юнес Беланда (Галатасарай, Туркия), Хаким Зийех, Нуссаир Мазрауи (иккаласи – Аякс, Голландия), Файсал Фажр (Хетафе, Испания), Азиз Бухаддуз (Санкт-Паули, Германия), Нордин Амрабат (Леганес, Испания), Мубарак Буссуфа (Ал-Жазира, БАА), Амин Арит (Шальке, Германия);

Ҳужумчилар: Аюб эл-Кааби (Ренессанс Беркан), Халид Бутаиб (Йени Малатьяспор, Туркия), Юссеф Эн-Несери (Малага, Испания).

Эслатиб ўтамиз, Марокаш терма жамоаси ўзининг мундиалдаги илк учрашувини 15 июнь куни Эрон терма жамоасига қарши ўтказади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!