ЎФА

Ижтимоий тармоқларда “Сурхон” футбол клубининг маъмурий бошқаруви офисига футбол клубининг собиқ футболчилари Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Ходжаев ташриф буюргани, клуб офисида клубнинг айрим ходимлари ва мазкур футболчилар ўртасида вужудга келган низоли вазият билан боғлиқ маълумотлар тарқалди.

Ушбу вазият бўйича бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ва масъул мутахассислари иштирокида махсус йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси бу каби салбий ҳолатларни кескин қоралайди. Мазкур шахсларнинг масъулиятсизлиги ва этика нормаларига риоя қилмаслиги ўзбек футболи имиджига путур етказмоқда.

Айни вақтда ушбу ҳолат тегишли ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳолат юзасидан суд тиббий экспертизаси ҳам тайинланган.

Мазкур ҳолатга ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан аниқлик киритилгунига қадар ЎФА томонидан “Сурхон” футбол клуби бош директори Азамат Абдураҳмонов, спорт директори Абдумажид Тоиров, футболчилар Асрор Ғофуров, Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Ходжаев футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон футбол ассоциацияси барча футбол клублари раҳбариятига ўз жамоаларида қатъий интизомни сақлашни ва ҳар қандай вазиятда ҳам этика нормаларига риоя қилишни тавсия этади.

ЎФА матбуот хизмати.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)