Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига расман чиққани йўқ!
Хабар берганимиздек, шу кунларда Иордания қироллигида гандбол бўйича аёллар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари қизғин давом этмоқда. Унда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам иштирок этяпти. Мусобақага терма жамоамиз бош мураббий Зинаида Пенкова раҳбарлигида жўнаб кетишган.
 
Гуруҳ босқичида вакилаларимиз Жанубий Корея, Қозоғистон, Гонконг ҳамда Қувайт терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришди ва гуруҳда 4-ўринни эгаллади. Шунга қарамай терма жамоамиз аъзолари Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини сақлаб қолишган эди. Чунки, шу йилнинг декабрь ойида Испанияда ўтадиган Жаҳон чемпионатига Осиё қитъасидан 6та ўрин ажратилганди. Бироқ, сўнгги паллада Қатар терма жамоаси қитъа чемпионатида қатнашмаслигини маълум қилди. Шу боис Халқаро гандбол федерацияси Осиё жамоаларига ажратиладиган ўринлар тақсимотини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Қитъа чемпионатида 11та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришган бўлса, ўз гуруҳида дастлабки иккита ўринни эгаллаган термалар тўғридан-тўғри мундиалга йўлланма олишди. Ўз навбатида 5-8-ўринлар учун курашадиган жамоалар ҳам Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашни давом эттиришмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси кучли олтиликка кириш учун мезбон Иордания терма жамоасига қарши майдонга тушди ва мезбонлар устидан 34:26 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда кучли олтиликдан жой олди. Энди гандболчи аёлларимиз 5-ўрин учун Гонконг терма жамоасига қарши баҳс олиб боришади.

Мазкур жамоалар гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келишган ва унда омад Гонконг терма жамоасига кулиб боққан эди – 27:30.

Манба: minsport.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)