Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийига жиддий таклифлар тушяпти ёхуд

Рўзиқул Бердиев бешинчи маротаба Ўзбекистоннинг тенгсиз мураббийи деб топилди. У бунга ҳақли эди.

“Насаф”да қилган меҳнати барчасини айтиб турибди ва шунга яраша натижа ҳам кўрсатяпти. Энди Рўзиқул Саъдуллаевич ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас.

Шундоқ ҳам барча Бердиевни жуда яхши билади. Sports.uz номидан ушбу мураббийни қўлга киритган соврини билан табриклаган ҳолда суҳбатни бошладик.

- Аввало табрик учун раҳмат. Буни олдин ҳам таъкидлагандим, мавсум бошланишида шахсий ютуқлар ҳақида ўйламайсиз. Кўпроқ жамоа муваффақияти ҳақида ўйлайсиз. Лекин сизни энг яхшиси деб эътироф этишганида албатта бу ёқимли бўлади. Бундан ўзим ҳам, мухлислар ҳам ва “Насаф” жамоаси ҳам хурсанд. Бу жамоамизга берилган соврин. Чунки клубдагиларнинг меҳнати катта. Менда мана шундай ҳиссиётлар ўтди. Албатта, бу энди янада кўпроқ масъулият юклайди. Энг яхши эканингизни ва даражангизни ушлаб туришингиз керак. “Насаф” билан олий марраларни кўзлаб ҳаракат қиламиз, - дейди Бердиев.

бердиев15

- Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи сифатида Юрий Саркисян беш маротаба лойиқ кўрилганди ва сиз ушбу мутахассисга етиб олдингиз. Бу статистикадан хабардормидингиз?

- Йўқ, билмасдим. Юрий Вазгенович Ўзбекистондаги энг кучли мураббийлардан, уни алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Ўзимни ҳали Саркисян даражасига чиқмадим деб ўйлайман. Вазгеновични ютуқларини ҳам ҳисобга олсак, мен ҳали анча орқадаман. Бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлган, энг яхши мураббий ва устозларимиздан бири ҳисобланади. Албатта, Юрий Саркисян қаторида туриш биз учун катта шараф. Аммо бу мураббийнинг натижасини ҳозирча кўрсата олганимча йўқ. Лекин унинг даражасига чиқишга ҳаракат қиламиз. Барибир жамоа билан ишлаганингизда ўз манфаатингизни ўйламайсиз.

бердиев_4

- Шунча муваффақиятларга “Насаф” билан эришяпсиз. Фараз қилинг, агар “Насаф”да эмас, бошқа клубда ишлаганингизда шунча совринларни ютардим, деб ўйлайсизми?

- Ўша жамоаларнинг мақсади ва қўл остингиздаги футболчиларга кўп нарса боғлиқ бўларди. Футболда шундай клублар бўладики, ўз олдига кўп мақсадларни қўймаслиги ёки танлаб олган йўли бўлмаслиги мумкин. Мақсади жиддий бўлиб, таркиби кучли бўлса, бу нарсага осонроқ эришиш мумкин. Агар таркиби суст бўлса ва мақсади аниқ бўлмаса ўйлаган нарсага яқин кела олмаслигингиз ҳам мумкин. “Насаф”да барча шароитлар борлиги учун ишимизни ҳам енгиллаштиряпти.

бердиев10_2

- Умуман айтганда, футболчилик ва мураббийлик фаолиятингиз “Насаф” билан чамбарчас боғлиқ. Айтинг-чи, ўзингизни “Насаф”сиз тасаввур қилиб кўрганмисиз?

- Олдин ҳам бўлган ва ҳозир ҳам, айниқса, жиддий таклифлар бўляпти. Мураббий учун энг муҳими ишлашга шароит бўлиши керак. Мени кўпроқ шу нарса боғлаб туради. Менга ишлаш учун шароит бор ва имконият беришяпти. Бу ҳар қандай мураббий учун ҳам муҳим. Шу боис жиддий таклифларга ҳам “Насаф”дан кейин, деган жавобларни айтганман.

- Демак, айни пайтда сизга аниқ таклифлар бор-а?

- Яширмайман, бу йил янада кўпроқ жиддий таклифлар тушди. Лекин ҳозирча ўз жамоам билан ишлашни маъқул кўряпман.

бердиев7_2

- Хизматингизга “Пахтакор”дан қизиқиш билдирилгани ҳақиқатми?

- Йўқ, “Пахтакор”дан ҳеч қанақа таклиф билдирилмади. Бу ҳақида гап-сўз бўлгани йўқ.

- Бизга қизиқ: сир бўлмаса, қандай таклифлар тушди?

- Жамоалар билан ўзаро келишиб, бу ҳақида гапиришни жоиз деб билмаганмиз. Асосан Суперлигадан!

бердиев1_3

- “Насаф” билан ўртангизда янги шартномага имзо чекилдими ёки кўриб чиқиляптими?

- Кейинги йил ҳам фаолият олиб бориш бўйича раҳбарият билан ўзаро гаплашганмиз. Аммо ҳали қоғозда амалга ошгани йўқ. Шунга қарамай, ҳаммасини гаплашиб олганмиз.

- “Насаф” бу йил Кубокни ютди, ОФК Кубоги финалига чиқди, чемпионатда 4-ўринни олди ва Суперкубокда ютқазди. 5 балли тизимда жамоангизга нечи баҳо қўясиз?

- Бу йилги мавсумни хулоса қиладиган бўлсак, айрим панд берган жойлари бўлди. Захирамиз ёки таркибнинг тўлиқ бўлмагани бизга ёмон таъсир кўрсатди. Бизга нима етишмаганини аниқлаштириб олдик. Шунинг учун янги мавсумда жамоамизни 3-4 та тажрибали ўйинчилар билан тўлдиришга ҳаракат қиламиз.

бердиев6_1

- Тайёргарлик режаси қандай бўлади?

- 24 декабрда Қаршида йиғилдик, фақат тўлиқ таркиб билан эмас. Марко Станоевич келгани йўқ, олимпиячиларимиз терма жамоа билан Туркияда. Яна айрим ўйинчилар жароҳатини даволатишяпти. Йиғилишимиздан асосий мақсад кимда жароҳат бор, ҳолати қандайлигини билиш учун ҳам тўпландик ва енгил машғулотлар олиб боряпмиз. Йигитларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиб олдик. Январь ойида ҳам асосан Қаршида бўламиз. Февралда режамиз бўйича хорижда йиғин ўтказишимиз мумкин. Агар миллий терма ва олимпия жамоамиз февраль ойида йиғинлар ўтказмаса бу режамиз амалга ошиши мумкин. Мабодо, терма жамоаларимиз йиғинлар ташкил қилса, у ҳолда биз жуда камчилик бўлиб қолишимиз мумкин.

бердиев2_3

- Хоҳлаймизми-йўқми, таркибдаги ўзгаришлар ҳақида сўрамасак бўлмайди. Кимларга жавоб берилди ва қайси позициялар кучайтирилиши шарт?

- Калудерович жамоамизни тарк этган. Сизлар орқали унга миннатдорчилик билдириб қўймоқчиман. Маҳорати билан қайсидир ўйинларда ҳақиқатан асқотди. Қолган барча жамоамиз билан бирга. Айрим ўйинчиларни ижарага бериб, ўрнига тажрибалироқ ижрочиларни олмоқчимиз. Ўринбосарлар таркибидан ҳам ёшларни қўшиш режамизда бор.

- Янги номлар бўйича кимлар билан келишувга эришдинглар?

- Янги номлар бўйича ҳали ҳеч ким билан аниқ бўлгани йўқ. Позицияларимиз бўйича бизга 3-4 та футболчи керак.

бердиев8_3

- Келаси йилдан “Насаф” бошқача қиёфага кириши ҳамда чемпионлик учун жиддий курашиши ҳақида ҳам эшитяпмиз. Бу гаплар қанчалик ҳақиқат?

- Жамоамизнинг натижалари ва салоҳиятидан келиб чиқиб жиддий мақсадлар учун курашса бўлади. Аниқ айта оламан, агар таркибимизни кучайтира олмасак, яна муаммоларга дуч келамиз. Қачонки, ўйлаганларимизни амалга оширганимиздан кейин ниманидир айтишимиз мумкин. Халқаро ўйинларда қатнашамиз ва натижаларимиз ҳам яхши бўлиши керак. Олдиндан биз чемпион бўламиз, деган гаплар бўлмайди. Таркибимиз ва мақсадимизга қараб кейин бу ҳақида гапирсак бўлади.

бердиев5

- Ўтган йили қўлга киритган медал адашмасам раҳбарият томонидан январь ойида топширилганди. Бу йил Кубокни ютди ва энди эътибор қандай бўляпти?

- Рағбатлантириш тўғрисида гапирсак, ОФК Кубоги финалигача етиб келишди ва бунинг учун футболчилар яхши эътиборда бўлишди. Қўлга киритилган Кубок учун ҳам яхши рағбатлантириш айтилган ва тез орада амалга ошади, бунга ишонамиз.

бердиев9_1

- Жамоангиздаги қайси ўйинчиларга четдан яхши таклифлар бўляпти?

- Ўйинчиларимизга жиддий таклифлар бўляпти. Аммо бу футболчимизни ҳам, жамоамизни ҳам қониқтириши керак. Аслида таклифлар бўлиши табиий. Ўтган йили барча ёш ўйинчиларимиз билан шартномалар бир неча йилга узайтирилганди. Бу йил Марко Станоевич, Умар Эшмуродов ва яна айрим ўйинчиларимизни шартномалари тугаган. Умид қиламанки, улар билан янги шартномалар тузамиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

×