Самарқандда ўтадиган Ўзбекистон кубоги финали орқали мавсум бутунлай тугайди.

“Пахтакор” ва “Насаф” иштирокида жиддий жанг кечиши аниқ. Кўпчиликда бу ўйин катта қизиқиш уйғотаётгани ҳам рост. Кимдир ютиши аниқ. Фақат бу қайси клуб бўлишини учрашувдан сўнг билиб оламиз.

Бир неча йил мобайнида “Пахтакор”да ишлаган ва бош мураббийлик қилган Мурод Исмоилов финал олдидан жамоаларнинг имкониятлари борасида ўз муносабати билан ўртоқлашди.

Ўйин олдидан

- Ҳақиқий спорт тамойилларидан келиб чиқиб айтсак, чемпионликдан кейин “Пахтакор”нинг руҳияти ҳам, кайфияти ҳам яхши. Уларда босим йўқ. Шу сабабдан, майдонда бемалол ва хотиржам ўйнайди. “Пахтакор” хотиржам ўйнаганида ўйини яхши чиқиши мумкин. “Насаф”га келсак, клуб совринли ўринларни бой бериб қўйди. Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиши учун албатта кубокни ютиши керак, тўғрими? Уларда орқага ҳеч қандай йўл йўқ. Табиийки, “Насаф”да босим катта бўлади. Агар финалда “Насаф” ўша босимни енгиб оладиган бўлса, жамоанинг ўйини қизиқарлироқ бўлиши керак. Фақат айтганимдек, босимни енгиб олиши керак. Ростдан “Насаф”нинг ўйини менга ёқади. Ўйин Самарқандда бўлади, иккала жамоа учун бетараф майдон. Менимча, Қаршидан кўпроқ мухлислар келса керак. Уларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам “Насаф”га ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Иккала жамоага ҳам омад тилаган ҳолда фақат чиройли футболни кутиб қоламиз. Шахсан мен ҳам чиройли футболни кутаман. Масалан, куни кеча “Олимпик” билан “Машъал” ўйнади. Менга “Олимпик”нинг ўйини ёқди. Натижага аҳамият бермайман, фақат футболни ўзини оляпман. Майдонда ўйнаётган ўйинчиларнинг ҳаракатига қараяпман. “Олимпик” муносиб тарзда ғалаба қозонди. Самарқанддаги финалда ҳам шунақа ўйин кутиб қоламиз. Натижаси клубларнинг ўзларига. Биз эса мутахассис ва мухлис сифатида чиройли футболдан роҳатланишни истаймиз.

кубок

Финалда “Пахтакор” фаворитми?

- Йўқ, фаворит сифатида “Насаф”, деб ўйлайман. Нимага денг, чунки ғалаба уларга кўпроқ керак-да. Боя айтдим-ку, “Пахтакор” чемпион бўлди, хотиржам тўп суради. Бундай паллада клубнинг ўйини чиқиши мумкин. Аммо ўта хотиржамликка берилиб қолса, муаммолар пайдо бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Ғалаба “Насаф”га сув ва ҳаводек зарур. Ҳозирги кунда “Насаф” кубокни олишга лойиқ. Жамоанинг ўйини ажойиб. Тўғри, “Пахтакор” ҳам чиройли ўйнайди. Бироқ қаршиликларнинг ўйини менга кўпроқ ёқади. Бу билан “Пахтакор”нинг имкониятини паст баҳоламоқчи эмасман. Фақат ўз фикримни айтяпман ва чиройли футбол тарафдориман. Яна бир томони ҳам бор-да, агар “Насаф” ютадиган бўлса, Осиё Чемпионлар лигасида қатнашадиган ўзбек клублари сони ошади. Айнан шу маънода, “Насаф”ни фаворит, деб ҳисоблаяпман. Ёш футболчиларимизга хориж клублари билан ўйинлар катта тажриба бўлади.

кубок1

Қандай ҳисоб қайд этилади?

- Финал ўйинига жамоалар қандай ҳолатда келишига кўп нарса боғлиқ. Назаримда, қайси жамоа ғалаба қозонса ҳам иккита тўп фарқи бўлиши мумкин. Ўзи мен башорат қилишни ёқтирмайман. Аммо жамоаларнинг салоҳияти шунга олиб келяпти. Иккала клуб ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатади. Демак, ҳимоя чизиқларида бўш ҳудудлар, муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, иккала клубда ҳам стандарт вазиятлардан фойдалана оладиган футболчилари бор.

Черан ва Станоевичнинг йўқлиги кўпроқ қайси клубга зарар?

- Финалда “Пахтакор”дан Драган Черан, “Насаф”дан Марко Станоевич ўйнамайди. Тўғриси, бу кўпроқ “Насаф”га зарар. Чераннинг йўқлигини билгандим, тўғриси, Станоевич ўйнамаслигини билмагандим. Марконинг ажойиб узатмалари, зарбалари бор эди. Албатта, Рўзиқул Бердиев энди бошқача тайёргарлик кўраётган бўлса керак. Станоевичнинг йўқлиги албатта билинади. Черанни эса қайсидир ўйинда “ёпиб” қўйишганди, ўйини умуман чиқмади. Унга бироз бўш ҳудуд берилса, қиладиган ишини қилади. Барибир яхши ўйин бўлиши керак.

кубок3

Қийинчиликларни енгиб ўтаётган жамоа

- Йил бошида “Насаф” таркиби деярли тарқалиб кетадиган ҳолатда эди. Қишда улар билан ўртоқлик учрашуви ўтказайлик, деганимизда бош мураббийнинг ўзи, “Мурод ака, ҳали муаммоларимиз ҳал бўлгани йўқ. Ҳаттоки, Тошкентга боришимиз ҳам муаммо бўлиб турибди”, деб айтганди. Ўша пайтларда бу йил “Насаф” қандай бўларкин, деган саволлар пайдо бўлганди. Улар тайёргарликни ҳам бошқа жамоаларга нисбатан жуда кеч бошлашган. Шунга қарамай, жамоа ўз ёшларига ва тизимни ишлаши эвазига шаклланди. Мавсумни ёмон ўтказмади. Ҳаттоки, ОФК Кубоги финалигача етиб борди. Бунга қойил қолиш керак. Албатта, мана шуларни ҳам эътироф этиш лозим. Клуб иродасини кўрсатяпти.   

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
03/12/2021 21:38
Bularkanki. rost gapersa. kupgena mutahasisla bor haqiqatni aytmaydi. bulmasa Nasaf shuncha qiyinchilikla bilam shuncha uynadi ham. Bulmasa butun boshli PFL qarshi uynashni uzi bulmaydi. bulmasa PFL nima devdi. poliya talabka javob bermasa netral poliya buladi devdi. lekin chempionat ohiriga kelib nima qildi. bechora Nasaf qancha sefatsiz poliyaga uynap keldi. eng kulgulisi beronta jurnalist PFL hodimga shu haqiga Savol bermadi. yoki shu mafzuni kutarib chiqmadi. tugri Sport.Uz. sayti yutupaka chiqish qilib poliya haqiga gaperdi. lekin ula ham berorta. PFL hodimiga yoki Diyorga savol bermadida

×