“Қизилқум” бу йил таркибига кўплаб тажрибали футболчиларни қўшиб олганди-а? Шунга яраша мақсад ҳам жиддий эди. Аммо навоийликлар мавсумни 9-поғонада якунлади. Шу сабабдан, клуб раҳбарияти натижадан қониқмаганлиги табиий.

Мавсум тугагач, унинг сарҳисобларига кўпчилик қизиқади. Футболчиларнинг келди-кетдилари авж олади. “Қизилқум” клубига йил бошида қўшилган тажрибали ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаевнинг ҳам шартномаси якунига етди.

Мазкур ўйинчи навоийликлар таркибида деярли барча ўйинларда тўлиқ иштирок этди. Куни кеча у Sports.uz сайтига турли мавзуларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Футболчи дастлаб “Қизилқум”нинг жорий чемпионатидаги иштироки борасида тўхталди.   

- “Қизилқум” клубида йил бошида чемпионлик мақсади қўйилганди. Таркибда ҳам яхши ўйинчилар йиғилганди. Менимча, биринчи даврада чакки бўлмади, ўйинлар ва натижалар кўнгилдагидек эди. Аммо иккинчи давра жуда қониқарсиз бўлди. Умуман олганда, ҳаммаси Худодан. Бу ерда аҳил жамоа йиғилган. Мураббийлар, футболчилар барчаси яхши одамлар. Келаси йилга ўз мақсадидан қайтмасдан фақат олдинга қадам ташлайди, деган умиддамиз.

ислом4_2

Тўхтахўжаевни асосан медаллар учун курашадиган клублар сафида кўришга одатланиб қолганмиз. Шунинг учун фаолиятида бир қатор совринларни ютган. Аммо “Қизилқум”да бундай бўлмади...

- Тўғри, медалсиз қолиш қанақадир ғалати бўлди. Менимча, фаолиятим давомида “Нефтчи”да ўйнаб юрган кезларимда ҳам шунга ўхшаш ўрин бўлганди. Лекин “Нефтчи” доим медаллар учун курашган жамоа эди. “Қизилқум”га келсак, ўз олдига юқори мақсадларни қўйяпти ва бу йўлда биринчи қадамларни ташлаяпти. У ерда доимий равишда медаллар учун курашадиган жамоани шакллантиришмоқчи. Академия ва янги стадион ҳам қуришмоқчи. “Қизилқум” билан шартномага қўл қўяётганимда мана шу томонларини ҳам ҳисобга олгандик. Бу клубда яхши лойиҳа бор, - дея жавоб берди Тўхтахўжаев.

ислом3_2

Ислом келаси йили қаерда ўйнайди? Бизнингча, бу мухлислар учун қизиқ. Юқорида таъкидлаганимиздек, футболчининг “Қизилқум” билан тузган шартномаси тугади ва унга янги таклифлар тушаётган бўлса ажаб эмас. Кейинги режаси ҳақида гап кетганда Тўхтахўжаев шундай деди:

- Ҳа, менинг “Қизилқум” жамоаси билан тузган шартномам якунига етди. Ҳозирча дам олишга чиққанман. Янги таклифларни ҳали кўриб чиқишга улгурганим ҳам йўқ. Бир-икки ҳафта ҳордиқ чиқарганимдан кейин ҳаммасини кўриб чиқаман, “Қизилқум” билан ҳам, қолган клублар билан ҳам.

ислом2_2

Шунингдек, тажрибали ҳимоячидан бу йилги Суперлиганинг савияси қандай бўлгани ҳақида ҳам сўрадик. “Пахтакор”нинг барвақт чемпион бўлгани яхшими ёки аксинча. Бу ўсиш борлигиданми ёки... Бу борада унинг фикрини ҳам билишга қизиқдик.

- Чемпионатимизда қандайдир олдинга силжиш бўлди. Лекин сиз айтгандек, чемпион номи олдиндан ҳал бўлса, барибир хоҳлаймизми-йўқми, чемпионат савиясига таъсир қилади. Аммо, менимча, қолган ўринлар учун кураш жуда ҳам қизғин кечди.

ислом5_1

Бу йил “Қизилқум” таркибида энг яхши футболчи ким? Чемпионатимизда-чи? Қолаверса, мураббийлар орасида энг яхшилари кимлар? Исломнинг бу саволга жавоби қуйидагича бўлди:

- “Қизилқум” таркибида энг яхши футболчи сифатида шак-шубҳасиз Эркин Бойдуллаевни айтган бўлардим. Албатта, қолган ўйинчилар ҳам яхши ҳаракат қилишди. Аммо Бойдуллаев ажралиб турди. Ёши катта бўлишига қарамасдан, кўп меҳнат қилди ва ўйинлар мобайнида голлар ҳам урди. Ўзбекистон чемпионатида энг яхши ўйинчилар барибир чемпион жамоадан бўлади-да. Драган Черан, Анзур Исмоилов ва “Насаф” ҳужумчиси Ҳусайн Норчаевни айтган бўлардим. Энг яхши мураббий биринчи ўринни олган “Пахтакор” устози. Турнир жадвалида 1-, 2- ва 3-ўринни олган жамоаларнинг бош мураббийлари энг яхшиси бўладилар-да. Натижа барибир ўз сўзини айтади.

Маълумки, бунга қадар бу ўйинчи мунтазам равишда Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп сурарди. Бош мураббийликка Сречко Катанец келгач, уни чақирмаяпти ва бошқа ўйинчиларни кўздан кечиряпти.

- Миллий терма жамоани ёшартириб тўғри қиляпти. Кейинги жаҳон чемпионати яқинлашаётган пайтда ҳозирги футболчилар анча улғайиб қолган бўлади. Албатта, ҳар бир ўйинчининг орзуси терма жамоада тўп суриш. Қачон ёрдам керак бўлса, ҳамма тайёр туради. Аммо Катанец ёшларни чақириб тўғри қарор қабул қиляпти. Бу орқали янги жамоани шакллантиряпти. У футболчиларни ўзи хоҳлаган тактикага мослаштира олади, деган умиддаман. Қолган мураббийлар эса унга ҳамжиҳатликда ёрдам беришади, деб ўйлайман, - дейди футболчи.

ислом_2

Тўхтахўжаев фарғоналик бўлгани учун доим “Нефтчи” жамоасининг ўйинларига бефарқ эмас. Чунки у катта футболга ўша клуб орқали кириб келганини ҳамма билса керак. Футболчи яна собиқ клубига қайтиши мумкинми?

- “Нефтчи” жамоасини Суперлигага қайтганидан жуда хурсандман. Фарғоналикман ва ёшлигимдан бу клубни яхши кўраман. Мухлис сифатида ҳам “Нефтчи”га ишқибозлик қиламан. Янги мавсумда таркибга яхши ўйинчиларни олиб, чемпионлик учун курашишади, деган умиддаман. Аммо ўзимга ҳали бу клубдан таклиф бўлгани йўқ, - дея фикрини якунлади Ислом Тўхтахўжаев.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×