"Қўқон-1912"дан кетишга мажбурман". Шоҳназар Норбеков қайси клубга ўтишини айтди. У ҳатто бошқа таклифларни ҳам кўриб чиқмади!

“Қўқон-1912” жамоасининг асосий таркиб аъзоси, ўз ўрнига эга бўлган Шоҳназар Норбеков бизнинг бугунги мақоламиз қаҳрамонига айланди.

Ҳужумчи жорий йилги Суперлига баҳсларида қўқонликлар сафида 25 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди.

Гап шундаки, Норбеков Қўқондаги икки йиллик фаолиятига якун ясашга қарор қилди. Sports.uz мухбири футболчи билан боғланиб, клубдан кетишининг сабаблари, у ерда ўтказган фаолияти ва кейинги режаси ҳақида суҳбатлашди.

- “Қўқон-1912” клубидан кетишингизга нима сабаб бўлди?

- Оилавий шароит. Уйга яқин, онамни олдида бўлишим учун шундай қарорга келдим. Аслида менга жуда кўп вариантлар бор. Ҳатто, узоқдан яхшигина пул таклиф қилаётганлар ҳам бор. Аммо оиламга яқин бўлиш учун Бекободга қайтяпман. Уйимдагилар “Металлург” раҳбарлари билан яхши муносабатда. Бу клуб ёшликда мени тарбиялаган.

норбеков4

- Демак, “Металлург”га қайтишга қарор қилибсизда-а?

- Ҳали 100 фоиз аниқ эмас, бироқ уйимдагилар шуни хоҳлашяпти.

- Қўқонда икки йил тўп сурдингиз. У ердаги фаолиятингиздан қониқдингизми?

- Ҳаммаси зўр бўлди. Бахтиёр Ашурматов бўлмаганида менга бунчалик ҳеч ким имконият бермасди. Ўйнай олсам ҳам, ўйнай олмасам ҳам бу мураббий ишонч билдиришда давом этди. Натижада бироз кўзга кўриниб қолдик, бўлмаса ҳамма эсидан чиқиб юбораётганди. Ашурматовга катта раҳмат. Менга ёрдам берди. Ўзимга қолса, Қўқондан кетмасдим. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам оила биринчи ўринда туради. Уйдагилар хоҳлагани учун “Қўқон-1912”дан кетишга мажбурман. Вазиятни раҳбариятга ҳам, Бахтиёр Ашурматовга ҳам тушунтирдим.

норбеков1

- Умуман олганда, бош мураббий сизни клубдан кетишингизни қандай қабул қилди?

- Албатта, кетишимни хоҳламаяпти. Ҳаммасини тушунтирдим, ўзи ҳам ҳар доим оила биринчи ўринда туришини билиб турибди. Бахтиёр ака билан анчадан бери танишман, мени ёшлигимдан кузатиб келарди. Шунинг учун бу мураббий билан очиқ гаплашамиз. Оилавий шароитимни билгач, хоҳламаса ҳам кетишимга қаршилик қилмади.

норбеков5

- Айни пайтда олдингизда қандай таклифлар бор?

- Таклиф кўп, аммо мен бошқаларни кўриб чиққаним йўқ. Ҳеч ким билан гаплашмадим ҳам. Фақат Малайзиядан вариант бор эди, ҳозир у ҳам ноаниқ бўлиб турибди. Агар у ерга борадиган бўлсам, оила-аъзоларим билан кетаман, бўлмаса йўқ!

- Нима учун бошқа таклифларни кўриб чиқмаяпсиз?

- Агар бўладиган бўлса, “Қўқон-1912” ҳам мен сўраган суммани қилиб беради. Бу вазиятда пул муҳим эмас. Оила биринчи ўринда. Пул мен учун муҳим бўлганида АГМКдан кетмаган бўлардим. Мен ўйнашим керак.

норбеков7

- Воқеалар ривожидан келиб чиқиб, сизни катта эҳтимол билан “Металлург”га ўтади, десак бўлаверадими?

- Ҳа. “Металлург” билан гаплашиб бўлинган, менимча катта эҳтимол билан Бекободга қайтаман.

- Қўқонлик мухлислар хусусида нима дея оласиз?

- Шунчалик қўллаб-қувватлаганликлари учун катта раҳмат. Бошида Қўқонга бораётганимда кўпчилик у ерда ўйнаш осон эмас, мухлислари талабчан деб айтишган. Ўзи водийлик ишқибозларда ўзига хос босим бўлади. Аммо бундай босимда қайтанга яхши, футболчининг ўсишига туртки беради. Клуб раҳбарларига ҳам раҳмат, қандай ёрдам керак бўлса, ҳаммасини қилиб берди. Бахтиёр ака Ашурматов билан Даврон ака Файзиевга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Бу мураббийлардан кўп нарса ўргандик. Футболда кимдир келади, кимдир кетади. “Қўқон-1912”да ўтказган барча ўйинларимиз унутилмас бўлди. У ерда коллектив зўр эди. Шунча йил ўйнадим, лекин бунақанги аҳил жамоа бўлмаганди. Мураббий жамоани жуда иноқлаштирган. Шунинг учун исталган рақиб билан бемалол ўйнай олардик.

норбеков2

- Кетишингизни “Қўқон-1912” учун катта йўқотиш, деб ўйлайсизми?

- Алмаштириб бўлмас ўйинчи йўқ. У ерда ҳам яхши ўйинчилар бор. Мўмин ўша ерда, албатта қолади. Ҳамидилло ҳам бор, мендан икки калла кучли. Фақат ёш ва бироз жароҳатларга тушиб қолди. Ўйинчи топилади. Футбол битта ўйинчига боғлиқ эмас.

- “Металлург”нинг янги режалари ва мақсадлари қандай?

- Тўғриси, бу ҳақида гаплашмаганман. Клуб билан асосан онам гаплашди. Жамоа раҳбари Шавкат ака Саидов билан яхши муносабатда. 15 ёшимда “Металлург”га борганман. Шавкат ака ўзи тарбиялаб, қандай футбол ўйнашни ўргатган. Ҳар қандай ёш болани ота-онаси фарзандининг мураббийи билан гаплашади-ку. Шу боисдан Шавкат ака уйимдагилар билан дўст бўлиб кетган. Онам билан мен ҳақимда гаплашган.

норбеков

- Футболчи сифатида 2022 йилда ўз олдингизга қандай мақсад қўйяпсиз?

- Кўпроқ голлар уриб терма жамоага тушиш ниятим бор. Дадам ҳам футбол ўйнаган. Энг катта орзуим терма жамоада тўп суриш. Бошқа ҳужумчиларга ўхшаб фақат ўзим гол уришим керак, деган хаёлда эмасман. Вазият бўлиши билан ўзимдан қулай жамоадошимга пас бераман. Менда қизғончоқлик хусусияти йўқ. “Металлург”га ўтсам, жамоани юқори ўринларга чиқишга ёрдам бермоқчиман. Клубни АГМК, “Сўғдиёна”дан кам жойи йўқ. Биз чемпионлик учун кураша оламиз, шунга яраша таркиб шакллантирилса бўлди. Мақсад жиддий.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Rostgoy
28/12/2021 22:32
Онасини эркатойи