"Реал"га қайтган бош мураббий Карло Анчелотти янги мавсумга тайёргарлик ишларини бошлади. Клуб расмий сайтининг хабар беришича, жамоа аъзолари душанба куни эрталаб клуб қароргоҳига йиғилган ва тиббий кўрикдан ўтказилган.

Marca нашри хабарига кўра, италиялик мутахассис қўл остида таркибдаги 29 футболчидан атиги 13 нафари бор. Гап шундаки, кўпчилик “Евро-2020”, Америка кубоги ва бўлажак Олимпия ўйинлари сабабли таркибда йўқ.

Давид Алаба, Гарет Бэйл, Лука Модрич, Карим Бензема, Рафаэль Варан, Тони Кроос, Тибо Куртуа ва Эден Азар “Евро-2020”даги иштирокидан сўнг таътилга йўл олган. Вальверде, Винисиус Жуниор, Эдер Милитао ва Каземиров Америка кубогида иштирок этмоқда. Кубо, Дани Cебальос, Марко Асенсио ва Хесус Вальехо эса Олимпиадага боради.

Бугун Иско шахсий сабабларга кўра таркибга қўшила олмади. Аммо ижара кетган Мартин Эдегор ва Лука Йович яна "Реал"га қайтиб келди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)