Секейра яна Суперлигага қайтишни хоҳлаяпти...ми?

Юртимизда ишлаб кетган португалиялик Микаэль Секейра борасида энди ҳар кимда турли таассурот пайдо бўлди. Шу йилнинг январь ойи бошларида “Локомотив” клубига келган ва олдига совринли ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилганди. Секейра ҳам енг шимариб ишга киришди ва илк кунларданоқ қўл остидаги ўйинчиларига бир гапни такрор ва такрор айта бошлади: “бу ерга саёҳат қилгани келмадим, биргаликда соврин ютишимиз керак!” Шу тариқа ихтиёридаги футболчиларни руҳлантириб борди. Қолаверса, у келгунига қадар клуб раҳбарияти янги трансферларни деярли амалга ошириб бўлган ва ўша футболчилар ҳам португалиялик мураббийнинг кўрсатмаси билан олинганди. Унинг шартномаси йил охиригача эди. Қолгани эса натижага қаралиши кўзда тутилганди.

Мика клубда биринчи кунданоқ ўзининг ўйин фалсафасини амалга татбиқ этиш ишларини бошлади. Шунга яраша футболчиларни танлаб олганди. Бизда ҳам Секейрага нисбатан қизиқишимиз ортганини тан оламиз. Португалиядан келган мураббий “Локомотив”да қандай натижа кўрсатаркин, дея жамоанинг ўйинларини ва мураббийнинг ишини кузата бошладик. Секейра “Локомотив” бош мураббийи остида шундай натижа кўрсатди: 10 та ғалаба, 6 та дуранг ва 9 та мағлубият. У Суперлиганинг охирги тури олдидан жамоани тарк этди. “Локомотив” эса Қаршига бориб “Насаф”ни ютиб келди. Ўша учрашувдан кейин мураббийлар штаби бу ғалаба аслида Секейранинг меҳнат маҳсули эканлигини айтдилар. Клуб эса 6-поғонадан жой олди.

секейра5_1

Ростини айтганда, ҳали Секейранинг ортидан бирор-бир ёмон гап эшитмадик. У билан ишлаган футболчилар португалияликни яхши сифатлари билан эслашяпти. Мураббий жамоа ўйинини қураётганида ҳаммасини бошидан бошлади ва аввало пойдеворни ўрнатаётганди. Чемпионат давомида “Локомотив”нинг ўйини яхши чиққан ва буни акси ўлароқ яхши чиқмаган пайтлари ҳам бўлди. Лекин умумий картинада жамоа ўйинида Секейранинг имзоси кўринганини ҳамма билади. Аммо футболда мураббийлар учун фақат натижа гапиради. Бир йил мобайнида барча ўйлаганларини амалга ошириш учун балки Микага вақт етишмагандир.

секейра222_1

Унда Португалия футболи, умуман Европа футболи яхши шаклланганди. “Локомотив” ўйинида ҳам аста-секин европача футбол муҳити ҳукм сураётганди. Лекин Секейрага ўйлаган фалсафасини жамоага сингдириш учун тўлиқ вақт етмагандек туюлди. Баъзида футболчиларнинг индивидуал хатолари қимматга тушди. Айниқса, мудофаа чизиғидаги камчиликларни бартараф этишга мураббий ҳали улгурмаганди. Аммо Секейра билан боғлиқ нима юз берганини айтмасам ҳам барча яхши билади. Ўша Қўқондаги ўйиндан сўнг матбуот анжуманидаги гаплари шов-шув кўтариб юборди ва ҳатто ўз юртида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Клубдан кетишига эса ўша гаплари сабаб бўлган ёки бўлмагани бизга қоронғу. Бироқ Суперлига якунланишига бир тур қолганида нарсаларини йиғиштириб кетгани вазиятни бироз тезлаштиргандек бўлди.

секейра_5

Биз яна бир бор Микаэль Секейранинг матбуот анжуманидаги фикрларини муҳокама қилиш ниятида эмасмиз. Уни юртимиздан қандай ҳолатда тарк этганини ўзи билади. Аммо кетар чоғида “Локомотив” аъзолари билан яхши кайфиятда хайрлашганини кўрдик. Лекин бу ерга соврин ютиш учун келганди ва бу ишни уддалай олмасдан кетгани уни кўнглини ғаш қилаётган кўринади. Айни пайтда "Локо"даги ишларини таҳлил қилаётган мутахассис бизга етиб келган маълумотларга қараганда, яна юртимизда ишлашга қарши эмас. Бу борада унга Ўзбекистондан таклифлар бор ёки йўқлиги хусусида ҳозирча бехабармиз. Бироқ португалиялик мураббийнинг яна Суперлигамизга қайтиш истаги борлигидан шуни билиш мумкинки, у хафа бўлиб кетмаган.

Олдин ўзи билан суҳбатлашганимизда ҳам, матбуот анжуманларида ҳам бир неча бор юртимиздаги ҳаёт, бу ердаги инсонларнинг маданияти унга жуда ҳам ёққанлиги ҳақида айтгани ёдимизда. Мураббий энди футболимизни, ундаги ютуқ ва камчиликларини билади. Агар қайтадиган бўлса ҳам балки энди қандай ишлашни ва нимага эътиборни оширишни билса керак. Секейра эса жиддий лойиҳаси бор клубда фаолият олиб боришни хоҳлаяпти. Хўш, бизда мураббий истаган ана шундай жиддий лойиҳага эга клублар борми?  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×