Шомуродов Катанец, Иорданияга учралган мағлубият ва Грузияга қарши баҳс борасида фикрлари билан ўртоқлашди

- Грузия терма жамоаси ҳақида нима дея оласиз? Бу жамоа ҳақида маълумотга эгамисиз?

- Шуни айтиш мумкинки, Грузия Европа қитъасига киради ва кучли рақиблардан бири ҳисобланади. Бу ўйин биз учун жуда фойдали бўлишига ишончим комил.

- Фаолиятингиз давомида голсиз сериялар кўп бўлган. Мана охирги учрашувда гол уришга муваффақ бўлдингиз. Яна голли сериялар бошланишини кутсак бўладими?

- Ҳаммаси Худодан. Ҳар доим гол уриш учун майдонга чиққанман ва бундан буёғига ҳам кўпроқ гол уришга ҳаракат қиламан.

- Терма жамоамиз бош мураббийи ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳаммаси яхши. Катанец футболчилар билан ҳам анча чиқишиб қолди. Тайёргарлик ва машғулот жараёнлари ҳам анча қизиқ бўлмоқда.

- Иорданияга қарши ўйин муаммоларимизни тўлиқ очиб берди деб ўйлайсизми?

- Ундай демаган бўлар эдим. Сабаби, у ерда футболдан ташқари муаммолар ҳам бўлди, менимча. Шунинг эвазига энг яхши ўйинларимиздан бирини кўрсата олмадик. Аниқ айта оламан, Грузияга қарши баҳс умуман бошқача бўлади.

- Терма жамоада ҳам, клубда ҳам тажрибали мутахассис қўл остида тўп тепмоқдасиз. Ўхшашлик ва фарқли жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз?

- Ҳамма мураббийни ўз ўйин услуби бор. Албатта, фарқ катта. Бироқ термада терма учун, клубда клуб учун ҳаракат қиламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!