Шота Арвеладзе “Халл Сити” билан шартнома имзолаш арафасида

Грузиялик таниқли мураббий Шота Арвеладзе 2020 йили “Пахтакор”ни тарк этганидан бери ҳали бирор-бир клубни қабул қилиб олгани йўқ. Ҳолбуки, унинг хизматига катта қизиқиш билан қараётган клублар бисёр.

Ўтган йилнинг охирги ойларида эса Арвеладзенинг Англия чемпионатида иш бошлаши мумкинлиги борасида хабарлар тарқалгани ёдингизда бўлса керак. Аниқроғи, унга чемпионшип иштирокчиси “Халл Сити” клубига бош мураббийлик қилиш бўйича иш таклиф қилинган.

Охирги маълумотларга қараганда, клуб ва мураббий ўртасидаги музокаралар жуда ижобий тарзда кечмоқда. Айни пайтда Тбилисида бўлиб турган Шота Юстиновичнинг бу масала юзасидан Sports.uz мухбирига маълум қилишича, “Халл Сити” унга шартнома таклиф қилган ва ҳозирда уни имзолаш арафасида эканини қўшимча қилди. Шунингдек, мураббий Англияда ишлаш имконини берувчи виза юборилишини кутаётганини ҳам айтиб ўтди.

Айни пайтда “Халл Сити”ни ирландиялик 42 ёшли Грант Маккан бошқариб турибди. Бу клуб 24 та иштирокчи орасида турнир жадвалида 23 очко билан 19-ўринда боряпти.   

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

×