SPORTS.uz талқинига кўра Суперлига 10-тур рамзий терма жамоаси

Бироз муддат танаффус қилган Ўзбекистон Суперлигаси энди яна биз билан. 10-турдан давом эттирилаётган ички биринчилигимизнинг навбатдаги баҳсларида бир неча мазказий баҳслар ўтказилди. Пешқадамлик учун кураш олиб бораётган “Сўғдиёна” Тошкентда “Пахтакор” билан тенгма-тенг ўйин намойиш этди. “Қўқон-1912” мавсум олдидан энг кўп шов-шувларга сабаб бўлган “Локо” устидан ғалаба қозонди. Биз ўз одатимизга кўра, навбатдаги тур рамзий жамоасини эътиборингизга ҳавола этишга қарор қилдик.

Дарвозабон: Равшан Ягудин “Бунёдкор”

Дебютант бўлишига қарамай, “Турон” ўз уйида жуда исталган жамоага қарши тиш-тирноғи билан курашади. Бир неча тур аввал “Пахтакор”дан очко тортиб олган яйпанликлар бу сафар яна бир Тошкент клубига жиддий қаршилик кўрсатиши кутилганди. Аммо ҳисоб бунинг мутлақо аксини айтмоқда. Шундай бўлса-да, “Турон” футболчилари “қалдирғочлар” посбонини бир неча бор тер тўкишга мажбур қилди. Ягудин ўз сейвлари билан жамоасининг “қуруқ ўйин” кўрсатишини таъминлади.

IMG_4570

Чап қанот ҳимоячиси: Шерзод Насрулаев “Насаф”

Рамзий жамоамизнинг “доимий” вакилига айланиб улгурган лотераль бу сафар ҳам кутилган ўйинни кўрсатди. Албатта, унинг қанотдан уюштирадиган рейдлари, ажойиб узатмаларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. “Андижон” мағлуб этилган беллашувдаги иккинчи гол айнан қаҳрамонимиз берган пасдан кейин юзага келди. Норчаевни бирга-бир вазиятга чиқариб юборган Шерзод ўз ўрнида.

nasrullaev

Марказий ҳимоячи: Мурод Холмуҳаммедов “Қўқон-1912”

Ўз позициясида ҳаракат қилмаётган бўлса-да, Холмуҳаммедов ишончни оқламоқда. Тошкентда “Локомотив”га қарши голсиз ўйин ўтказиш осон эмас. “Темирйўлчилар” сафида тажрибали ва истеъдодли футболчилар етарли. Аммо улар “Қўқон-1912” дарвозасига йўл топа олмади. Дарвозабон супер сейвлар ижро этмаганини ҳисобга олсак, марказий ҳимоячиларнинг ўйини анча ўхшаганига шубҳа йўқ.

IMG_6247

Марказий ҳимоячи: Марко Колакович “Сўғдиёна”

Суперлиганинг амалдаги чемпиони голлар уриш борасида ҳам қолганлардан бир бош баланд. Ҳатто, уларнинг захира ўриндиғида ҳам юқори даражадаги футболчилар топилади. Азиз Турғунбоев, Диёр Ҳолматов каби техника соҳибларига қарши ўйинда мудофаадаги тартибга жавоб берган Колакович рамзий жамоамизга киришга муносиб, назаримизда.

IMG_5696

Ўнг қанот ҳимоячиси: Дилшод Аҳмадалиев АГМК

Тезлик, техника ва пас бера олиш қобилиятига эга бўлган Аҳмадалиев “Тошкент вилояти дербиси”да ҳам ўзини яхши томондан кўрсатди. Тинимсиз рейдлар уюштириб, рақиб ҳимоячиларини таҳликада ушлаб тура олган лотераль иккинчи голда катта вазифа бажарди. Жарима майдони марказига тўпни етказиб берган Дилшод рамзий жамоамизда ўзи учун қулай позицияни эгаллади.

IMG_0145

Чап қанот ярим ҳимоячиси: Иван Соловьев “Навбаҳор”

“Навбаҳор” даража нуқтаи назаридан “Машъал”га қараганда кучлироқ бўлса-да, катта қийинчиликка дуч келди. 2:1 ҳисоби билан якунланган ўйинда муборакликлар очко олиши мумкин эди. Бироқ Соловьевнинг голи якунда жамоасига 3 очко келтирди. Юқори тезликда рақибидан ўзиб кетган Иван дарвозабонга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Бошқа вазиятларда ҳам унинг фаоллиги яққол сезилиб тургани рост.

IMG_7592

Марказий ярим ҳимоячи: Нурилло Тўхтасинов “Бунёдкор”

Яйпанда ўйнаш ҳеч қачон осон бўлмаслиги ҳақида юқорида таъкидлаб ўтдик. Бу жамоа дарвозасини ишғол этиш катта муаммо. Истеъдодли посбон Акмал Ортиқов дарвозасига 3 бор йўл топган “қалдирғочлар”нинг кўзга кўринган футболчиларидан бири Тўхтасиновни марказий ярим ҳимояга жойлаштирдик. Ҳимоя ва ҳужум ўртасидаги боғламларга жавоб берган Нурилло бир ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

IMG_4733

Марказий ярим ҳимоячи: Эркин Байдуллаев “Қизилқум”

“Қизилқум” Суперлигада катта қийинчиликка дуч келмоқда. Ҳар бир ўйин улар учун жуда муҳим. Жумладан, ўз уйидаги беллашувда ҳам майдон эгалари ёмон ўйин намойиш этмади. Байдуллаев эса чиройли голи билан мухлислар олқишига сазовор бўлди. Ҳаводан келаётган тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллаган ярим ҳимоячи “кончилар”га сув ва ҳаводек муҳим 1 очко келтирди. Биз Эркинни рамзий жамоамизда Тўхтасиновга тандем сифатида кўрдик.

IMG_0069

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Муҳаммаданас Ҳасанов “Қўқон-1912”

“Локомотив” дарвозабони Жавоҳир Илёсов терма жамоага номзодлардан бири. Аммо унда бир камчилик бор, назаримизда. Илёсов узоқдан келаётган тўпларни қайтаришга қийналади. Муҳаммаданас Ҳасанов ҳам шундай фикрда шекилли, тахминан 30 метр масофадан белгиланган жаримадан зарба йўллашга қарор қилди. Мурод Холмуҳаммедов ўрнига дарвозани нишонга олган футболчи жамоасига ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди. Уни рамзий жамоага олмаслик адолатдан бўлмасди.

IMG_6251

Ҳужумчи: Александр Касьян АГМК

Дербилар доим шиддатли тўқнашувларга бой ўтади. Тошкент вилояти жамоалари ўртасидаги принципиал беллашувда ҳам бу ҳолат кузатилди. “Металлург” очко олиш учун қанча ҳаракат қилмасин, олмалиқликлардаги даража ўз сўзини айтди. Александр Лобанов дарвозасига икки бор йўл топган Касьянни марказий ҳужумга жойлаштирдик. Бунинг учун Миржаҳон Мираҳмадов вариантидан воз кечишга тўғри келди. Рози бўласизлар!

IMG_0103

Ҳужумчи: Ҳусаин Норчаев “Насаф”

Ўзбек футболидаги энг умидли футболчилардан бири “Андижон”га қарши баҳсда ҳам ўзини кўрсатди. Ёш бўлса-да, яхшигина совуққонлик билан қарор чиқарадиган Норчаевни рамзий жамоамиздаги иккинчи ҳужумчи сифатида кўрдик. Биринчи голдаги бош билан йўллаган зарбаси чакки чиқмаганидек, кейинги аниқ зарбаси олдидан намойиш этган тезлиги таҳсинга сазовор. Муҳими, ўзбек футболида яна бир ажойиб ҳужумчи етишиб чиқмоқда.

norchaev

Jamoa (2)

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)