АПЛ бразилияликлар учун эмасми?

18 апрель,2017, 13:46 1043

АПЛ бразилияликлар учун эмасми?

Бразилиялик футболчиларни бутун дунёда учратишимиз мумкин. Улар қайси жамоада тўп суришмасин, ўзларининг юксак иқтидори ва техникаси билан қолганлардан ажралиб туради. Бироқ АПЛда аксарият бразилиялик футболчилар ўзларини кўрсата олишмайди. Йўқса, АПЛда энг кўп гол киритган бразилиялик футболчи бор-йўғи 30 та гол киритганини нима билан изоҳлаш мумкин? Қуйида эса биз айнан АПЛда энг кўп тўп киритган бразилиялик футболчилар билан сизларни таништирамиз.

>>Ҳам “Челси”, ҳам “МЮ”да ўйнаган футболчилар

>>Роналду – афсона! Қаршимисиз? Исботлаймиз!

>>Ҳам “Насаф” ҳам “Локомотив”да тўп сурган футболчилар(Топ-6)

8-10. Робиньо – 14 та гол

2008 йил 42 млн евро эвазига “Реал”дан “Манчестер Сити”га кўчиб ўтган бразилиялик футболчи Англияда икки мавсум тўп сурди. Дастлабки йили “шаҳарликлар” сафида жами 41 ўйинда иштирок этган Робиньо рақиблар дарвозасини 15 бор ишғол этади. Шулардан 14 таси АПЛ ўйинларига тўғри келади. Иккинчи мавсумда эса бразилиялик футболчи жароҳат сабаб четда қолиб кетди ва АПЛда ҳам мавсум якунида 10 та ўйинда майдонга тушган бўлса ҳам бошқа тўп кирита олмади.

8-10. Элано – 14 та

Элано ҳам “Манчестер Сити”да тўп сурган ва у Робиньодан аввал келиб, ундан олдин кетган. 2007 йил “Шахтёр”дан 8 млн фунтга ҳарид қилинган Элано “шаҳарликлар” сафида икки мавсум тўп суради. АПЛда дастлабки мавсум 8 та, кейинги мавсум эса 6 та гол киритишнинг уддасидан чиқади.

8-10. Жеованни – 14 та

Энг қизиғи Жеованни ҳам “Манчестер Сити”да тўп сурган. 2007 йилда Манчестерга кўчиб ўтган Жеованни “шаҳарликлар” сафида АПЛда 3 та тўп киритади холос. Қолган 11 голни эса у “Халл Сити”да ўйнаб юрган кезлари киритган.

>>Адурис ТОП-9 ликда ёхуд “Атлетик” тарихидаги энг яхши тўпурарлар

5-7. Виллиан – 17 та

Виллиан эса 2013 йилдан буён “Челси” сафида тўп суриб келмоқда ва бу давр оралиғида АПЛда 121 баҳсда майдонга тушган холда рақиблар дарвозасини 17 бор ишғол этган. Умуман Виллиан асосан жарима зарбаларидан гол киритади. Бироқ бразилиялик футболчига Антонио Конте кўп ҳам имконият бераётгани йўқ.

5-7. Рамирес – 17 та

“Челси” клуби собиқ ярим ҳимоячиси “аристократлар” сафида салкам 7 йил тўп сурди. Бу вақт давомида эса Рамирес АПЛда 160 та баҳсда майдонга тушди ва рақиблар дарвозасини 17 маротаба ишғол этди ва бир бор АПЛда ғолиб бўлди.

>>ЕЧЛда “Бавария”га энг кўп гол киритган футболчилар

5-7. Жильберто Сильва – 17

2002 йил 4,5 млн фунт эвазига “Арсенал” клуби сафига келиб қўшилган Жильберто Сильва асосан ҳимояда тўп сурган бўлсада, АПЛда 17 бор ўз исмини таблога ёздириб қўйган. Бунча тўп киритиш учун Сильвага 170 та ўйин керак бўлади.

3-4. Оскар – 21  та

Одил Ахмедовнинг жамоадоши “Челси”да ўйнаб юрган кезлари АПЛда 21 бор тўп киритган. Бунча тўпни у салкам 6 йил давомида киритган ва АПЛда 131 баҳс ўтказган.

3-4. Роберто Фирмино – 21 та

2015 йил “Хоффенхайм”дан 29 млн фунтга сотиб олинган Фирмино “Ливерпуль”нинг ҳужум чизиғида асосий ролни бажариб келмоқда. Бразилиялик 25 ёшли вингер “қизиллар” сафида АПЛда 62 та баҳсда майдонга тушишга улгурди ва рақиблар дарвозасини 21 бор ишғол этишнинг уддасидан чиқди. Бу Фирмино ўртача ҳар 3 ўйинда тўп киритади деганидир.

2. Жуниньо Паулиста – 29

Йўқ. Бу машхур жарима зарбалари устаси Жуниньо Пернамбукано эмас. Аксинча, унинг ҳамюрти Жуниньо Паулистадир. Кўпчиликка бу футболчи таниш эмас. Аммо инглиз футболини анчадан буён кузатиб келадиганлар уни “Мидлсбро”да тўп сурганлигини эслаб бўлишди. Паулиста АПЛда 125 та баҳсда 29 бор гол киритишни уддалаган. Албатта, аутсайдер жамоа сафида тўп сурадиган футболчи бу учун бу улкан натижа десак, муболаға қилмаган бўламиз.

>>“Лион” – “Бешиктош” ўйинига оид фактлар

1. Филипе Коутиньо – 30

2013 йил 8,5 млн фунт эвазига “Ливерпуль”га келади. Шундан буён бразилиялик футболчининг “қизиллар” сафида ўйинлари йил сайин мукаммаллашиб, киритган голлари сони ҳам ошиб бормоқда. Ҳозирча эндигина 24 га кирган Коутиньо ҳисобида 29 та гол мавжуд ва у АПЛда энг кўп гол урган бразилиялик футболчи бўлиб турибди.

Изоҳ: Статистика 18.04.2017 ҳолатига

Тавсия этамиз: 

Шаҳзод Холбоев тайёрлади