Буффон ета олмаган рекорд ҳақида

Куни кеча Европа Чемпионлар лигасида финалчилар номи аниқланди. “Ювентус” ярим финалда “Монако”ни ҳар иккала ўйинда ҳам мағлуб эта олди ва финал йўлланмасига эга бўлди. Бироқ Туринда кечган жавоб баҳсида “Монако”нинг ёш иқтидорли футболчиси Килиан Мбаппе мезбонлар дарвозасини ишғол этди ва Буффоннинг 600 дақиқалик қуруқ сериясига чек қўйди. Шу муносабати билан эса биз ЕЧЛда энг узун қуруқ серия қайд этган дарвозабонлар билан сизларни таништиришни мақсад этдик.

>>Мессини камситманг!

>>“У Мессидан ҳам кучли бўлади” ёхуд Мбаппенинг ажойиб натижалари ҳақида 

>>Топ-5 чемпионатларда энг кўп гол киритган 5 тўпурар

5. Джанлуиджи Буффон(“Ювентус”) – 600 дақиқа

Муддати: 22.11.2016 - 09.05.2017

Умуман, “Ювентус” Мбаппенинг голига қадар сўнгги бор ЕЧЛда ўтган йилнинг 23 ноябр санасида ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан эди. Тўғри, ўшанда дарвозада Нету бўлган. Буффон эса плей-офф ўйинларидан эътиборан “кекса синьора” дарвозасини қўриқламоқда ва салкам 10 соат мобайнида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб келди.

>>АПЛ бразилияликлар учун эмасми?

4. Дида – 623 дақиқа(“Милан”)

Муддати: 02.11.2004 - 04.05.2005

“Милан”нинг собиқ кипери 2004/05 йилги мавсумда ЕЧЛда кетма-кет 7 ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Бу ўйинларда “россонерилар” “Барселона”, “МЮ” ва “Интер” каби кучли жамоалар билан ўйнаганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Фақатгина саккизинчи ўйинга келибгина бразилиялик дарвозабоннинг қуруқ серияси ниҳоясига етган. Ўшанда ярим финалнинг жавоб ўйинида “ПСВ” Дида дарвозасига 3 бор йўл топади. Бироқ шунча гол ҳам эйндховенликларни финалга олиб чиқиш учун камлик қилган эди.

3. Эдвин ван дер Сар – 658 дақиқа(“Аякс”)

Муддати: 27.09.1995 - 03.04.1996

Голландиялик афсонавий посбон “Аякс” сафида ўйнаб юрган кезлари ЕЧЛда кетма-кет 6 та ўйинда дарвозасидан тўп ўтказиб  юбормайди. Бу 1995/96 йилги мавсумга тўғри  келади. Ўшанда “Боруссия Дортмунд”, “Реал” сингари номдор жамоалар ҳам ван дер Сар дарвозасига йўл топа олмаган. Фақатгина ярим финалнинг биринчи ўйинида “Панатинаикос” катта шов-шув кўтариб, “Аякс”ни меҳмонда мағлуб этишнинг уддасидан чиқади. Бироқ жавоб баҳсида юнонлардан 3:0 ҳисобида устун келган Луи ван Гал шогирдлари финалга чиқишади. Ҳал қилувчи ўйинда эса пенальтилар сериясидаги омадсизлик сабаб “яхудийлар”(“Аякс”нинг лақаби, муаллиф) бош совринга эга чиқа олишмайди.

2. Кейлор Навас – 737 дақиқа(“Реал”)

Муддати: 26.11.2014 - 06.04.2016

Наваснинг қуруқ серияси бир мавсумга эмас, балки, бир нечта мавсумга тўғри келади. 2014 йилнинг 26 ноябр санасида “Базель”га қарши кечган ўйинда бошланган 737 дақиқалик мазкур қуруқ серия 6 апрелда “Вольфсбург”га қарши ўйинда ниҳоясига етади. Тўғри, бу орада “Реал” бир нечта ўйинда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди. Бироқ бу пайтда Навас Касильяс билан рақобатлашар эди ва ҳар бир ўйинда майдонга тушмас эди. Аммо факт шуки, коста-рикалик кипер тушган ўйинларда “Реал” гол ўтказиб юбормаган ўша вақтда. 2015/16 йилги мавсумда эса гуруҳ босқичида Навас тушган ўйинларда “қаймоқранглилар” тўп ўтказиб юбормаган.

1. Йенс Леманн – 853 дақиқа(“Арсенал”

Муддати: 18.10.2005 - 13.09.2006

2005 йилнинг октябр ойида “Спарта”га қарши ўйинда бошланган серия 2006/07 йилги мавсумда ниҳоясига етади. Леманн 2006 йилги ЕЧЛ финалида 18-дақиқада майдондан четлатилади. Бу вақтда эса ҳисоб очилмаган эди. “Барселона”дан ўтказиб юборилган ҳар иккала гол Мануэль Альмуния дарвозасига киритилган. Леманнинг қуруқ сериясини эса “Гамбург” клуби ҳужумчиси Бубакар Саного бузган эди.

Тавсия этамиз: 

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!