Тезкор хабар! "Ҳумо" янги мавсум ВХЛда иштирок этмайди

Тошкентнинг "Ҳумо" клуби 2020-21 йилги мавсум Олий Хоккей лигаси (ВХЛ)да иштирок этмаслигини расман эълон қилди. Шунингдек, Қозоғистон очиқ чемпионатида иштирок этувчи "Ҳумо-2" жамоаси ҳам янги мавсум қўшниларимиз чемпионатида фаолият олиб бормайдиган бўлди.

"Ҳумо" хоккей клубининг расмий баёноти

Айни вақтда бутун дунё коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлган синовли дамларни бошдан кечирмоқда. Ноқулай вазиятни тезда бартараф этиш йўлида ҳаммамиз давлат ва тиббиётнинг барча талабларига риоя қилиш жуда муҳимдир.

Ҳозирги кунда, пандемияга қарши кураш чоралари муносабати билан дунёнинг деярли барча мамлакатлари мисли кўрилмаган чеклаш чораларини кўрдилар, чегаралар ёпилди ва ҳаво, темир йўл ёки автомобил йўли орқали трансчегаравий алоқа мавжуд эмас. Инфекциянинг тарқалиш кўламини ва янги коронавируснинг инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳликасини инобатга олган ҳолда, мавсум олдидан тайёргарликнинг ва ВХЛ мунтазам чемпионатининг бошланиш вақти тўғрисида аниқ тушунча бўлмаган сабабли, шунингдек, у қай тарзда ўтказилишини ноаниқлигини ҳисобга олган ҳолда, клуб раҳбарияти "Ҳумо" Хоккей Клуби ОХЛ ва Қозоғистон очиқ чемпионатларида 2020-2021 мавсумида иштирок этмаслигига қарор қилди.

Бизни тушунишингизга умид қиламиз ва иштирок этганларнинг барчасига Ўзбекистондаги хоккейни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва қисқа танаффусдан кейин албатта давом этадиган ёрқин лойиҳани амалга оширганликлари учун чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Россия Хоккей Федерациясига ва Олий Лигасига алоҳида ташаккуримизни изҳор этамиз.

Ҳар бирингиз хоккейни ва албатта "Ҳумо"ни қанчалик севиб қолганингизни тушунган ҳолда, гўзал хоккей оламига сизни тезроқ қайтариш учун қолимиздан келган барча имкониятларни ишга солишга ҳаракат қиламиз.

Барча хоккей мухлисларига ҳурмат билан ва сизни яқинда кўриш умидида, "Ҳумо" хоккей клуби.


Эслатиб ўтамиз, "қанотлилар" ВХЛдаги илк мавсумдаёқ чорак финалга чиқишга эришган эдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!