Бухорода тарихий промоушен ташкил этилди (Видео)

  • 17 апрель, 2021, 21:25
  • 0
  • MMA

Юртимизда аста-секин профессионал спорт турлари ҳам ривожланиб бормоқда. Жумладан, ММА, кикбоксинг, профессионал боксдан ҳам бир қатор ўзбекистонлик спортчилар яхши натижалар қайд этишда давом этмоқда. Аслида, профессионал яккакураш турларининг бутунжаҳонда тутган ўрни жуда юқори. Айнан ушбу спорт турларининг ривожланиши, оммавийлигини ошириш ва жахон даражасидаги жанг кечаларини ташкил этиш, юртимизда туризмнинг ривожланишига ҳам қайсидир маънода сабаб бўлади.

Шу нуқтаи назардан юртимизда ушбу спорт турларига ихтисослашган промоушенлар ташкил қилиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди. Айнан шундай ташкилотлар пайдо бўлиши ва жаҳон стандартига яраша турнирлар ўтказиши юқорида таъкидлаганимиздек, туризмни ривожланишига ва Ўзбекистоннинг профессионал спорт турларидаги имиджини оширишда хизмат қилади. Энг асосийси эса ҳаваскор йўналишдаги фаолиятидан кейин нима қилишни билмай қолаётган маҳоратли спортчиларимизни ўз имкониятларини намойиш қилиш баробарида молиявий имкониятларини яхшилаш борасида ҳам муҳим омил бўлади.

Шу кунга қадар, Ўзбекистонда бундай ташкилот бўлган эмасди. Бироқ илк бора бундай тарихий промоушен Бухорода ташкил қилинди. Ўзбекистон яккакураш оламининг энг кўзга кўринган вакилларидан бири , Бухоро қўл жанги федерацияси раҳбари, Ўзбекистон ММА ассоциацияси Бухоро бўлими раиси ва Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси вице-президенти , “Амир Темур” клуби асосчиси Музаффар Раджабов бошчилигида “Амир Темур” промоушенига асос солинди!

Мазкур маълумот юзасидан Музаффар Раджабовга боғланганимизда, бу реал воқелик эканлиги, илк турнири 27 июнь куни Бухоро шаҳрининг Ромитон туманида қад ростлаган “Оазис” дам олиш масканинг ёзги аренасида ўтказишини, шунингдек, ушбу промоушен жаҳон стандартларига мос равишда эканлиги ҳамда жанглар савияси ҳам юқори даражада бўлишини таъкидлаб ўтди. Промоушенда ММА ҳамда профессионал кикбоксинг бўйича жанг кечалари ташкил қилиниши қолаверса, жаҳоннинг нуфузли UFC, “Bellator”, “Glory” каби промоушенлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳам ишлар олиб бораётганлигини маълум қилди.

Ҳозирда эса Россиянинг биринчи рақамли промоушени ACA (Absolute Championship Akhmat) билан яқин ҳамкор эканлиги, 27 июнь куни ташкил этилувчи илк турнирда 10 та ММА ва 5 та профессионал кикбоксинг жанглари ўтказилишини, жангчилар эса Бразилия, Россия, Украина умуман олганда бу спорт турлари яхши ривожланган мамлакатларнинг кучли вакилларидан таклиф этилишини қолаверса, “Амир Темур” чемпионлик камарини таъсис этилиши ,тўртта жангдан сўнг, бешинчиси ушбу чемпионлик камари учун ўтказилишини ва энг асосийси ушбу чемпионлик камарини икки маротаба ҳимоя қила олган жангчи ўша ҳамкорлик йўлга қўйилиши кутилаётган жаҳоннинг нуфузли прмоушенлари билан шартнома тузиш имкониятига эга бўлишини ҳам айтиб ўтди.  

Албатта, ушбу ўзига хос тарихий жараён юртимизда профессионал яккакураш турларининг ривожланиши янги босқичга чиқаётганлигидан далолатдир. Бу борада ташкилотчиларга куч-қувват тилаган ҳолда, юртимиз спорти равнақига ўз хиссаларини қўшишдан чарчамаслигини тилаб қоламиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!