«Спорт-Экспресс» нашри Маҳмуд Мурадов билан бўлажак жанг, «Бентли» ҳамда «Роллс-Ройс» суперкарлари ва бошқа қизиқарли мавзуларга оид суҳбат қурди (1-қисм)
Ўзбекистонлик биринчи UFC жангчиси Маҳмуд Мурадов 29 август куни промоушендаги 4-жангини ўтказади. Мазкур жанг аввалида ҳамюртимиз билан Россиянинг энг машҳур нашрларидан бири “Спорт экспресс” ўзига хос мақола тақдим этиш баробарида суҳбат ҳам уюштирди.
Қуйида, мазкур мақоланинг тўлиқ таржима вариантини эътиборингизга ҳавола этамиз!
Томскдаги 7 йиллик ноқонуний қора ишдан бадавлат шахс бўлгунча босиб ўтилган йўл.
UFC нинг ўрта вазн жангчиси Маҳмуд Мурадов — бу қора қитъадан ақлбовар қилмас қийинчиликлар билан UFCга ўтган Фрэнсис Нганнуга ўзига хос тарздаги жавоб зарбамиздир.
Мурадов камбағал оилада вояга етган. Ўсмирлик чоғида эса ишлаш учун акаси билан она шаҳридан совуқ Сибирга жўнайди. У ерда 12 кишига мўлжалланган вагонда истиқомат қилади. Турли ҳил касбларда: қурувчи, юк ташувчи ва тан соқчи сифатида ишлайди. Сал ўтиб унинг ҳаёти ёруғ онлар томон олға боради. Чехияга кетиш, муқим иш топиш ва, энг асосийси, Флойд Мейвезер билан танишув, бизнес ва жанглардаги яхшигина даромад Мурадовнинг ҳаётини эртакнамо тарзда ўзгартириб юборди. Барчаси ҳақида батафсил бугун шу мақола орқали билиб оласиз.
Маҳмуд учун энг қийин синов 15 ёшда бошланади. Ўша пайти унинг отаси қурилишда қўлини куйдириб олади ва мўжиза туфайлигина тирик қолади. Маҳмуднинг ўзи бўлган воқеани «Disgusting Men” подкастида айтиб беришича, отасини 10 000 вольтли электр токи уради. Электр токи қўлга тегиб, бутун танага тарқайди ва унинг отасини бир неча метр нарига отиб юборади. Хайриятки, ўша пайти унинг отаси дарёга йиқилади ва яшаб қолади.
Чунки, сув токни ўзига қабул қилувчи беқиёс унсурлардан биридир. Шифокорлар ушбу ҳодисани таърифлаганда, унинг отаси дарёга йиқилмаганида ёки оз муддат токни ушлаб қолганида аниқ вафот этишини айтишади. Барибир воқеа натижасида Мурадовнинг падари қўлидан ажралади ва узоқ муддат шифоҳонада ётади. Даволаниш учун эса кўп маблағ талаб қилинарди. Шу сабабдан, Маҳмуд акаси билан Сибирга кўпроқ пул топиш мақсадида жўнайди. У ердаги ишлар эса ҳаммага маълум: юк тушуриш ва қурувчилик эди.
Ҳозирда, ушбу машаққат ва азоблар ўтмишда қолди. Аввалига у Чехияда маҳаллий юлдузлардек қабул қилинди. Яхши гонорар ишлаб топарди ва номини ҳам анча машҳурлаштириб олди. Кейинчалик, Флойд билан танишув (Муродовнинг Мейвезер билан тушган расми орқали бир кеча кундузда унинг Instagram аккаунтига 180 минг янги обуначи қўшилди ва UFC эътиборига тушди) ва мисқоллаб йиғилган обрў ва маҳорат уни Америка бозори томон чорлади (Унинг Instagram‘ида ҳозирда 1,5 млн. обуначи мавжуд).
У олий промоушенга ўтиб кетма-кет учта ғалаба қозонди. Айниқса унинг сўнгги иккита жанги нокаут билан якунланди ва 50 минг АҚШ долларлик бонусларга ҳам эга чиқди. Ҳозирги миссия топ-15‘га кириш. Бу йўлда унга ўтган йили Хамзат Чимаевдан 17 сонияда нокаут бўлишни уддалаган — Джеларьд Меершарт рақиб бўлади. Тажрибали грэпплер ўз навбатида ажойиб партер трюкларига эга ва корпусга йўлланиладиган киклар бўйича мутахассисдир. Мурадов ғалаба қозонадиган тақдирда ўрта вазнда амалдаги энг узун иккинчи ғалабали серия қайд этади (4 та кетма-кет ғалаба — худди Шон Стриклэнд каби) ва унинг топ-15 дан жой олиши кафолатланади.
Маҳмуднинг Меершартга қарши жангдаги "кузир"лари ўша-ўша — чарчоқ билмас ҳаракатланиш, рақибини бурчакка сиққан ҳолда аниқ ва фундаменталь бокс элементларини амалга ошириш. Шунингдек, тезкор ўнг оёқ зарбалари ва муай-тайнинг ўзига ҳос зарбалари: чапдан тирсак ва Мурадовнинг "ташриф қоғози" бўлган парвоздаги тизза зарбаларидан иборат арсеналдан маҳорат билан фойдаланиш.
Аввалги жангларига нисбатан унга қийинчилик туғдира оладиган ягона жиҳат — Маҳмуд UFC фаолиятида биринчи маротаба фаол тарзда партер ва бўғиш усулларига интилувчи рақибга қарши октагонга кўтарилишидир. Мурадовнинг яна ўрганиш асло зарар қилмайди. Зеро, у ўзини руҳий етуклик даврини бошдан ўтказмоқда: 14 та кетма-кет ғалаба қозониш учун фақатгина ўзига ишонч камлик қилади.
Жангга бир неча кун қолганида «Спорт-Экспресс» нашри Маҳмуд Мурадов билан бўлажак жанг, «Бентли» ва «Роллс-Ройс» суперкарлари, Флойд Мейвейзер билан ёзишув, ва 15 000 евролик компютерда видеоўйин ўйнаш ҳақида батафсил суҳбат қурди.
— 2019-йилда 6 жанг ўтказган экансиз. Йил оҳирида ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
— Ўзимни ҳудди яна жанг ўтказа оладигандек ҳис қилганман (кулади). UFCгача фаолиятим фаол бўлган. Мен промоушенга қўшилиш учун мунтазам жанг қилишим ва ғалаба қозонишим керак эди. Кетма-кет 10 ғалаба қозонганимда: «Тўхтайвер энди, етар, мағлуб бўлиб қолсан UFC сен билан шартнома имзоламайди» дейишган. Ҳаттоки, бир марта шартномага жуда яқин келганман, аммо, жанг бекор бўлган ва UFC билан шартнома тузиш миссияси бажарилмади. Ўша пайти: «Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор» деб ўйлагандим. Ҳақиқатдан, ўша пайт келди ва UFC билан шартнома имзоладим.
— Йилига олтита жанг ўтказишга организм қандай дош берганини аниқлаш анча машаққатли. Айтингчи, ушбу жанглардан нечтаси пик формада бўлиб ўтган?
— Ҳаммаси. Чунки мен умуман дам олмадим, тўхтамадим ва фақат ўз устимда ишладим. Сал кейинроқ дўстларим менга Туркияга саёҳат учун чипта совға қилишди. Парвозга уч кун қолганда улар менга чиптани тутқазишди ва: «Биламиз жангга 45 кун қолган. Аммо, сен дам олишинг ва биз билан Истанбулга жўнашинг керак» дейишди. Рози бўлдим ва Туркияга учдим. Лекин, бу тўрт кунлик турни дам олиш деб бўлмасди. Мен ўша кунлари ҳам фаол машғулот ўтказдим.
— Биринчи марта тўлиқ тайёргарлик лагери билан жангга чиқасиз. Сизнингча, ҳозирча спорт формангиз сезиларли даражада бошқаларидан фарқ қиладими?
— Ҳа, ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман. Вазн билан умуман муаммо йўқ. Икки ёки уч килограмм қолди, шекилли. Бу жараёндан муаммосиз ўтаман. Жуда зўр лагерни айнан мана шу рақиб услубига мослашиш учун ўтказдим. Мен унинг кучли томонларидан бохабарман. Гильотинага яхши ушлайди ва ерда кураш олиб бора олади. У мени фақатгина гильотинада ушлаши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолатда жанг менинг сценарийим остида кечади. Аммо, Жеральд анча тажрибали жангчи. Кўпдан бери UFCда. Уни мағлуб этиш орқали топ-15 га кираман.
Беш тилда гапира олиши ва у учун энг қулай сўзлашув тиллари рус ва ўзбек эканлиги ҳақида
— Тайёргарлик учун нимага Польшани танладингиз? Сизда Америкада тайёргарлик кўриш учун ҳам имконият мавжуд эдику.
— Нима учун Америка?
— Чунки, кўпчилик у ерда тайёргарликни идеал деб билади-да.
— Польшада тайёрланганимдан буён 14 та кетма-кет ғалаба қозондим. Қачонки, бизнес эмас карьера мақсадида муҳим қарорларни қабул қила олсангина натижалар келишни бошлайди. Мана Польшада тайёрланиш орқали битта жангни ҳам ютқазмадим.
— Тўртта тилни — рус, ўзбек, инглиз, чех тилларини билар экансиз. Шулардан қай бирини ўрганишингиз қийин бўлган?
— Тожикча ҳам бор (кулади). Инсон хоҳласа ҳамма иш осон кўчади.
— Чех тили осон эмас. Шуниям тез ўрганганмисиз?
— «Осон» дегани билан жуда осонмас... Амалладим (кулади). Тўлиқ ўрганмаганман, ҳалигача ушбу тилни ўрганаяпман.
— Оғзаки нутқда-чи, қайси тил суҳбат учун қулай?
— Рус тили. Рус мактабида ўқиганман ва оиламизда ҳам русча гаплашардик. Охирги пайтларда эса ўзбек тилида кўп гаплашаяпман ва тажбира орттираяпман. Кўп суҳбатлар Ўзбекистонда бўлади ва у юртимдаги ёшларнинг аксари русча билишмайди. Шунинг учун ўзбекча гапиришга ҳаракат қиламан. Ҳозирда эса ибораларни ўрганганим орқали осон гапирмоқдаман.
— Майда UFC сиз билан тўртта жанглик шартнома имзолади. Айта оласизми, молиявий тарафдан бу шартнома қанчалик яхшиланди?
— Икки баравар.
— Демак, ҳозирда ҳомийлар ва Instagram тармоғингиз орқали рекламалар эмас, жангдаги гонорарларингиз орқали яшашингиз мумкин?
— Йўқ, Бунақа демаган бўлардим. Солиқлар, тайёргарлик лагери тўловлари, менеджер ва мураббийларга бериладиган улушларни эсдан чиқармаслик керак. Аммо, нолимайман. Ҳаммаси ажойиб...
Интервьюни давомини тез орада тақдим этамиз!
Маҳмуджон Жабборов таржимаси
Маҳмуд Мурадовнинг севимли машинаси, Ҳамзат Чимаев ҳақидаги фикрлари ёхуд рус нашрига берган интервьюнинг 2-қисми
Фикрлар