"Катанец икки хил гапирди, бу унинг хийласи" - Хайрулла Ҳамидов бугунги терма жамоамиз, мураббийнинг услуби ва Шомуродовнинг "Рома"даги тақдири ҳақида фикрини айтди

27 март куни Андижонда про лига доирасида “Андижон” ҳамда “Арал Самали” жамоалари иштирокида учрашув бўлиб ўтди ва унда мезбонлар 4:0 ҳисобида устун келди. Ушбу ўйинни “FutbolTV” телеканали орқали таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов шарҳлаб борди.

Sports.uz мухбири учрашувдан аввал Хайрулла Ҳамидов билан суҳбатлашди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳозирда Наманганда ўтказилаётган турнирдаги иштироки, Сречко Катанецнинг услуби ва Элдор Шомуродов борасида ўзининг муносабатини очиқ билдирди.

- Охирги йиллардан хулоса қиладиган бўлсак, бу мусобақанинг ўтказилаётганини фақат позитив кўраман, - дея гап бошлади Ҳамидов. - Ҳеч қанақа ёмон тарафини кўрмаяпман. Олдинлари ўртоқлик учрашувлари бўларди. Майли, ким билан ўйнашимиздан қатъи назар, у Швеция бўладими, Угандами фарқи йўқ. Лекин бу турнир чала расмий ўйинга айланяпти. Яъни, бунда пенальтилар серияси бор. Ўртоқлик учрашувида пенальтилар серияси бўлмайди. Мана шу пенальтилар сериясида ҳам футболчиларимизни кўришимиз керак. Чунки Осиё Кубогида айнан пенальтилар сериясидан кейин чиқиб кетганмиз. Наманганда ўтаётган мусобақада мухлислар стадионни тўлдириб ўтиришибди. Андижон ва Фарғонадан ҳам мухлислар келишаётганини кўрдим. Турнирни зўр пайтда ўтказилаётганини ҳам айтмоқчиман, номи ҳам ажойиб – “Navruz Cup”. Дейлик, ушбу мусобақа ёзда, мисол учун мухлислар стадиондан қайтиб қолган пайтда ўтказилганида ёмонроқ бўлиши мумкин эди. Ҳозир эса айни авжида. Ҳатто, Элдор Шомуродовга ҳам ўйин керак, гол керак. “Рома”да “ўтириб” қолди. Сергеевнинг қайтиши...Рақиблар ҳам ёмон танланмаган.

хайрулла

Қўшниларимиз билан ўтадиган мусобақани аввалдан гапириб юрардик. Масалан, олдин Қозоғистон билан ўртадаги фарқимизни яхши билмасдик. Тожикистон билан Қирғизистонда сўнгги йилларда футбол ўсяпти. “Истиқлол”нинг ОЧЛдаги ўйинлари...Қирғизистон терма жамоасининг ўйинида эса ҳақиқий клубларча ўсиш бор. Бу терма жамоа клубга ўхшайди. Бош мураббийи бир тизим асосида футболчиларни жамлади. Осиё Кубогида ҳам Қирғизистоннинг ўйини ёққанди. Қирғизистоннинг ўйини Ўзбекистон футзал терма жамоаси ўйинини эсга солади. Гарчи футзалчиларимиз ютқазишган бўлса ҳам барчанинг ёдида қолганди. Худди шу каби Қирғизистонни ўйини ҳам кўпчиликнинг ёдида қолганди. Ўшанда улар қийин гуруҳдан чиқишганди. Биздан чиройлироқ ўйин кўрсатишганди. Шунинг учун бу турнирдаги ўйиннинг оғир кечишини тахмин қилгандим. Бош мураббийи ўйиндан кейин иккинчи бўлимда кучимиз етмади деб айтибди. Бунга асосий сабаб Ўзбекистон терма жамоаси биринчи бўлиб гол ўтказиб юборгани ва бутун ўйин давомида гол уришга мажбур бўлгани билан боғлиқ. Бундай пайтда энергия сарфланади. Бу ҳам яхши. Баъзи мухлислар Қирғизистонга жиддий қарашмади, аммо ҳамма футбол ўйнашни ўрганган. Қирғизистон футболчиларидан ташқари, футбол федерациясининг матбуот хизмати ҳам зўр ишлайди. Уларнинг келгани ҳам яхши бўлди. Афсус, Тожикистон финалга чиқа олмади. Ҳозирча менда терма жамоамиз ўйини билан боғлиқ ёмон таассурот йўқ. Финалда осонроқ бўлса керак, деб ўйлаяпман. Чунки биз учта рақиб орасидан энг кучлисини ютдик.

Катанец расмий ўйинлар арафасида келмади. Пандемия пайтида келди. Ироқ терма жамоасидаги услубидан келиб чиқсак, у ғирт терма жамоа мураббийи. Миллий чемпионатни қанчалик кузатаётганидан хабарим йўқ. Лекин битта ҳужумчи билан ўйнаётганидан келиб чиқсак, клубларимизга ўхшаб ўйнаяпти. Шу нарсадан қутулмадик-қутулмадик. Янгилик кўрмаяпмиз. Бу мураббий прессинг қўллашга яқинроқ. Бунақа пайтда иккита ҳужумчи билан ўйнаш унчалик хавфли эмас. Бу ҳам чўчияпти-да. Бунинг сабаби марказий ҳимоячиларимизнинг заифлиги. Ҳалигача аниқланиб бўлмаган. Қирғизистон билан учрашувда ҳам ушбу ожиз нуқтамиздан гол ўтказдик. Энг катта муаммоимиз шу. Олдинлари терма жамоамизда ҳужумчи топилмасди. Ҳимоячилар ҳар доим мунтазам равишда бўларди. Ҳозир тескариси бўлиб қолди. Ўша “Ливерпуль” учлигига ўхшаб аниқ майдонга тушишади. Ярим ҳимоя ҳам зўр.

ҳамидов

Очиғи, миллий чемпионатимиз терма жамоага тортадиган икки яхши марказий ҳимоячини чиқариб бера олмаяпти. Марказий ҳимоячиларни кашф қила олмас экан, Катанец ўзбекча футбол кўрсатаверади. Бошқа иложи йўқ. Битта ўйинчи олдинга қўшилишини истаяпман-у, аммо ўзимга-ўзим савол беряпман: орқада 3 та ҳимоячи билан қоладиган бўлса ёки ярим ҳимояда бир футболчи камайса қийналади. Катанец вазиятдан келиб чиқиб иш тутяпти. Сочилиб кетган футболчиларни олиб келди. Ҳаммани текшириб кўряпти. Ҳозир мураббийни жамоада бирор-бир ёқимтой футболчиси йўқ. Аммо услубига мос бўлган ўйинчиларга таянади. Масалан, Шомуродовни ҳар доим асосий таркибда туширади. Қанақа қилиб, уни туширмаслиги керак? Аммо биринчи учрашувда Игорь Сергеев яхши иш қилди. Шомуродовни уйғотиш учун ҳам зўр бўлди. Элдор асосий ҳужумчимиз. Захирадан тушадиган иккинчи ҳужумчимиз бу Сергеев. Агар Игорь асосий таркибда тушириладиган бўлса, Элдорни чап қанотда ўйнатса ҳам бўлади. Шу томонлама Катанецда кўп вариантлар бор-у, уни бу турнирда мухлислар қаршисида майдонга чиққанига анча бўлган экан. Бошида босим билинди. Мураббий икки хил гапирибди. Учрашувдан аввал натижа шарт эмас дебди. Кейин натижа муҳим эди, деб гапирибди. Бу мураббийларнинг хийласи. Бошида натижа муҳим эмас деб туради, мабодо ютқазиб қўйса шу гапи қалқон бўлиб туради. Аммо ютгандан кейин натижа шарт эди дейишади. Аммо яхши ўйин бўлди, камбэк қилдик, голлар урдик. Голлар ҳам комбинация ҳисобига, дарвоза яқинидан киритилди. Узоқдан, тасодифий голлар бўлмади. Кучсиз терма жамоани ютдик дея олмайман. Менимча, мусобақада ғолиб бўлиши шарт.

ха

Элдорни “Рома”га нолойиқ демайман. Бу ерда гап Моуриньода. Ҳар доимгидек агрессив ҳужумчиларга рўйхўшлик билдиряпти. Олдин ҳам шунақа эди. Барибир Элдорни табиати юмшоқ. Энг машҳур юлдузимиз бўлса ҳам энг хокисор йигитимиз. Бошқа футболчи унинг ўрнида осмонларга чиқиб кетарди. Балки ҳужум чизиғида ўйнайдиган шунақа табиатли ҳужумчиларни Жозе унчалик хушламас. Гьянни майдонга туширяпти. Уни кўп хатолари бор, аммо африкалик ҳужумчини ташналиги, мотивацияси бор. Битта кроссовка бериб қўйса ҳам зўр ўйнаб қўйиши мумкин. Моуриньо Шомуродовнинг кўзида балки ўт кўрмаётгандир. Ёки унинг ўзи “Рома” келганим етарли деб ўйлаётгандир. Олдин Шомуродовни Моурга жуда мос тушади деб ўйлардим. Аммо охирги пайтларда туширмаётганидан ва ҳатто майдонга тушириши керак бўлган пайтларда ҳам захирада қолдирганидан келиб чиқадиган бўлсак, агрессив ҳужумчиларга эътибор қаратмайдиган “Севилья”га ўхшаган жамоаларга, схемасига эга бўлган клубга ўтиши маъқулмикин, деб ўйлаб қолдим. Гап “Рома” даражасига етмаганида эмас. Бошида ўйнади, голлар ҳам урди. Бошқа футболчилардан қолишмайди. Бу ерда гап Моуриньода деб ўйлайман. Жангга битта қуроли билан чиқади. У ишласа ишлади, ишламаса ишламади. Шунинг учун жамоаси пастки ўринларда юрибди, - дея фикр билдирди таниқли шарҳловчи.    

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!