44 ёшли ўзбек ММА оламининг байроқдорларидан бири яна жанг қилади
Ўзбек ММА оламининг илк қалдирғочларидан бири бўлган, турли хил промоушенларда ажойиб жанглари билан барча юртимиз аралаш жанг санъатлари ихлосмандларини меҳрини қозонган Аюбхон Камалов яна катта спортга қайтмоқда.
Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Аюбхон Камалов 29 май куни Сирдарёда ташкил этилувчи "ATF Championship 10 " турнирида жанг қилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозирча, рақиб аниқ эмас.
Биз ушбу таъбир жоиз бўлса, юртимиз ММА оламининг хақиқий легендаларидан ҳисобланувчи Аюбхон Камалов билан боғланиб, ушбу маълумот борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Ҳа, яна жанг қилишни ният қилдим. Насиб қилса, 29 май куни Сирдарёда октагонга кўтариламан. Рақиб ҳам тез орада маълум бўлади. Рамазон ойидан сўнг, жиддий тайёргарликни бошлаймиз. Ўйлайманки, ҳали жанг қилишга кучимиз етади ва бу сўнги жангим бўлади, деб ўйламайман.
Маълумот учун, Аюбхон Камалов ярим енгил вазн (65.8 кг) тоифасида ўз жангини ўтказади. Юртдошимиз 44 ёшни қарши олган ва у Суннат Илясов, Шавкат Ўроқов қаторида мамлакатимиз ММАсининг байроқдорларидан бири сифатида эътироф этилади.
Фикрлар