Суперлига ғолиблиги учун қайси жамоада имконият кўпроқ?

Ортда қолган 6 турдан сўнг дўппини қўлга олиб, ўйлаб кўриш имкони пайдо бўлди. Хўш, чемпионат старти, жамоавий ўйин, захирадагилар даражаси ва мухлислар армиясидан келиб чиқиб фикрласак, Суперлига олтин медалларини қайси клуб қўлга киритиши мумкин? Ўринли савол-а? Бугун, шу мавзуга атрофлича тўхталамиз. Фикри ожизимча жорий мавсумда чемпионлик учун 6 жамоа кураш олиб бориши мумкин. Ҳозир уларнинг 3 таси билан танишамиз! Мақола жуда катта бўлиб кетмаслиги учун икки қисмга бўлган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилинди.

1-қисм

"Навбаҳор" - парвозга шайланган лочин;

Чемпионлик имконияти: 15 фоиз;

Асосий қуроли: Кенг захира ўриндиғи.

babayan

Самвел Бабаян келгач, клуб мухлислари катта воқеалар содир бўлишини тахмин қила бошлади. Чемпионат старти ҳам "лочинлар" учун қулай келди, аммо Тошкентда "Пахтакор"дан учралган мағлубият барчани бироз сергаклантирди. Кейин, "Суғдиёна" Наманганда характер кўрсатиб, 3 очко билан ортга қайтди. Оқибатда, жамоага бўлган норозилик ортди. Шундан сўнг, чемпионат пешқадами "Қизулқум"дан меҳмонда 3 очко тортиб олинди. Анчагина ностабил натижалар, лекин бугунги "Навбаҳор"нинг бунга ҳаққи бор. Асосий таркибдаги йигитларнинг деярли 90 фоизи янги жамоа сафида тўп тепмоқда.

Янги иқлим, янги услуб ва янги клуб. Ҳар қандай янги тузилган жамоани стартдаёқ супер ўйин кўрсатмасликка ҳаққи бор. Ҳар ҳолда, илк 6 турда жамғарилган очколардан келиб чиқсак, наманганликлар ўзининг минимум вазифасини яхши уддалаётгани маълум бўлади. Аслида, клуб раҳбарлари Самвел Бабаянни жамоага "Навбаҳор" ДНКсини ривожлантириш мақсадида таклиф қилган. Буни амалга ошириш осон эмас. Клопп, Гвардиола сингари топ даражадаги мутахассислар ҳам 4-5 йил сарфлабгина яхлит механизмга айланган жамоани шакллантирди. Шота Арвеладзега ҳам кучсизроқ чемпионатда барқарор "Пахтакор"ни шакллантиришига 3 йил кетганини кўрдик. Шундай экан, 3 ойда "лочинлар"дан 100 фоизлик натижа талаб қилиш ноўрин. Ҳозирги "Навбаҳор" таркиб ва молиявий ҳолатдан келиб чиқсак, Ўзбекистондаги энг барқарор клуб. У бу қулайликлардан тўлиқ фойдаланиши учун бироз вақт керак.

Асосий савол ҳам шу, аслида. Бу вақтни Бабаянга раҳбарият тақдим эта оладими? Агар имкон берилса, иккинчи даврада "Навбаҳор" анча яхлитлашган ҳолда, очко жамғаришда олдинлаб кетиши мумкин. Турнир стартидаги бой берилган очколар эса, ҳал қилувчи турдаги ғалабалар сабабли ёпилиб кетиши мумкин.

АГМК - нишонга тегмаган ўқ;

Чемпионлик учун имконияти: 10 фоиз;

Кучли томони: Жисмоний тайёргарлик.

qosimov

Миржалол Қосимовнинг АГМКси ўз услубидан чекинмаган ҳолда, жорий мавсумни ҳам эҳтиёткорликка асосланган "эконом" футбол намойиш этмоқда. Илк турларда кутилмаганда, бой берилган очколар сабабли жамоа ҳозир кучли тўртликда йўқ, аммо уларни ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта. "Кончилар" таркиб жиҳатдан қолганлардан қолишмайди. Сўнгги йилларда олмалиқликлар даража жиҳатидан ўсишга эриша олди. ОЧЛда иштирок этди, Ўзбекистон Кубогида зафар қучди. Умуман олганда, юртимизда "Пахтакор"дан кейинги кучга айланишни уддалади. Аммо ҳозир ҳаммаси ўзгарган. "Навбаҳор", "Қизилқум", "Суғдиёна" грандларга очиқчасига кураш таклиф этмоқда. Катта эҳтимол билан, Қосимов учун ички биринчиликдаги чинакам баҳс энди бошланмоқда. Ҳозир АГМКда муаммолар йўқ, шунчаки омадсиз старт фонида жамоа кучсизлашгандек кўриняпти. Агар қолдирилган ўйинда "кончилар" 3 очкони қўлга киритса, автоматик равишда 4-поғонага кўтарилиши мумкин. Шу ўринда, бу мавсум олдидан жамоа томонидан таркибга қўшиб олинган футболчилар кутилган эффектни бермаганини алоҳида эътироф этиш лозим. Алишер Жалилов ва Сиявуш Ҳақназарий трансфери кўплаб саволларни очиқ қолдиришга мажбур қилди.

Қосимов жамоаларида майдон марказини бошқарадиган футболчилар катта ҳажмдаги ишни бажаради. Биргина Жокичнинг йўқлиги ҳозирги АГМК ўйинида катта муаммоларни пайдо қилмоқда. Унинг ўрнини тўлдириши керак бўлган форс йигитлар барчасини уддалаяпти, деб бўлмайди. Алишер Жалилов Суперлигамиз даражасидаги ижрочи бўлса, Ҳақназарий мослашув жараёнини бошидан ўтказмоқда. Айнан уларнинг марказий "зона"даги хатолари сабабли жамоа "Локомотив"га қарши ўйинда мағлубиятга учраганини таҳлилий мақола ёрдамида "исботлаб берган эдик". 

Уларни Миржалол Қўшоқович ўз услубига тўлиқ мослаб олгач, натижалар ўзгариши аниқ. Тўғри, чемпионлик учун имконият қолганларникидан бироз камроқ бўлиши мумкин, аммо АГМК исталган жамоасидан очко тортиб оладиган даражада ҳавфли рақиб. Якунда, қандай "картина" гувоҳи бўлишимиз эса, жамоанинг ўзига боғлиқ. Олмалиқликлар футболимиздаги асосий куч - "Пахтакор"нинг анча заифлашганидан унумли фойдаланиши мумкин. Бунинг учун аввалги АГМКни озгина кучлироқ "версия"сини намойиш этиш кифоя. Асосийси, жамоада потенциал бор. Ундан қандай фойдаланиш "кончилар"нинг ўзига боғлиқ.

"Пахтакор" - яраланган шер

Чемпионлик учун имконият: 25 фоиз;

Асосий қуроли: Тайёр ўйин механизми.

slavche

Осиё Чемпионлар лигаси бугунги "Пахтакор"га кўзгу тутиб берди. Хаджиев-Ларин тандемию, Славче Войнески "эффекти"гача! Тўғри, ички биринчиликда бу камчиликлар кўзга ташлангани йўқ, аммо халқаро майдондаги рақиблар "шерлар"ни хатолари учун кечириб ўтирмади. Фақат, сўнгги ўйиндаги ёшлар бироз хурсанд қилди. Қолган барча жиҳатларда пойтахт клуби мақтана олмайди. Шунга қарамай, ички биринчиликда айнан улар ғолиблик учун асосий даъвогар бўлиб турибди. "Пахтакор" бошқа рақибларидан фарқли ўлароқ, яхши старт олди, "Нефтчи" ва "Навбаҳор"ни енгди, бир киши кам бўлиб қолишига қарамай, "Олимпик" билан дуранг ўйнади. Умуман олгада, Войнески турнир стартида керакли очколарни жамғаришни уддалади.

Бугунги "Пахтакор" аввалгиларидан кучсизроқ бўлиши мумкин, аммо таркибнинг асоси ҳали бақувват. Боғламлар, қанотлардаги реактив тезликка эга йигитлар ва захирадаги ўйинга чанқоқ ёшлар ҳозир ҳам Суперлига олтин медаллари учун "Пахтакор"ни асосий даъвогарга айлантириб турибди. Кўплаб мухлислар "шерлар"нинг халқаро майдондаги омадсиз иштирокидан келиб чиқиб, ички биринчилик ўйинларида бўшроқ иштирок этишини тахмин қилди ва менимча, улар адашади. Шота Арвеладзе даврида қурилган жамоавий ўйиннинг асоси ҳали-ҳамон "тирик" ва натижа келтиришда давом этмоқда. Ички биринчилигимизда бемақсад кезиб юрувчи клублар сонини инобатга олсак, бу мавсумда "Пахтакор" 70 фоиз ўйинда кескин қаршиликка учрамаслиги аниқ.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ғуломов Тўлқинжон
05/05/2022 12:01
Пахтакорга "Шерлар" тахаллуси қандайдир ярашмаяпти, бошқа оддийроқ номланса яхши бўларди (Мисол учун "Момиқ" ёки "тулкилар") яраланган шер..миш
Abbos Eshtemirov
04/05/2022 20:54
Paxtakorga hakamlar yon bosgani uchun chimpion bo‘lish extimoli katta desangiz ham bo‘ladi sudyalar har diomgidek sotilad
&
Аббосхон Ахмедов
04/05/2022 20:18
Шу гапинга пушаймон йейсан Яхйохужа Пахтакор бу йил аник Чемпион була олмайди бошка вилоят клуби чемпион болади Инша Аллох