Учрашув куни ва жойи аниқ! Россия Ўзбекистон билан ўйинни кутяпти
Россия миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиси ҳисобланган Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштирмоқда.
Sport24 интернет-нашрининг хабар беришича, беллашув 25 сентябрь куни Нижний Новгород шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Манба маълумотларига кўра, Россия ва Ўзбекистон футбол федерациялари ўртасидаги музокаралар якуний босқичга кирган. Ҳозирча томонлар ўйинни ўтказишга оид ташкилий масалаларни келишиб олмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси италиялик мутахассис Фабио Каннаваро қўл остида дебют жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичидаги учала ўйинда ҳам мағлубиятга учради. Ўзбекистонликлар Колумбияга (1:3), Португалияга (0:5) ва Конго Демократик Республикасига (1:3) ютқазди.
Шу билан бирга россиялик мухлисларга «Ростов»даги ўйинлари билан яхши таниш бўлган Элдор Шомуродовнинг конголиклар даврзасига киритган тўпи ФИФА томонидан мундиалнинг энг чиройли икки голидан бири сифатида эътироф этилди.
Россия терма жамоаси сентябрь ойида яна бир ўртоқлик ўйинини режалаштирган. 29 сентябрь куни «Казань Арена» стадионида Валерий Карпин бошчилигидаги жамоа ўқув-машғулот йиғини доирасида Эрон терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Эрон футболчилари ҳам 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган. Гуруҳ босқичида жамоа бирор марта мағлубиятга учрамади, Янги Зеландия, Бельгия ва Мисрга қарши учрашувларни дуранг билан якунлади. Шу билан бирга, плей-офф босқичига чиқа олмади. Ҳозирги вақтда Эрон терма жамоаси ФИФА рейтингида 22-ўринни эгаллаб турибди.
Россия ва Эрон терма жамоалари ўртасида шу кунга қадар тўрт марта ўйин ўтказилган. Энг сўнгги учрашув 2025 йил октябрь ойида Волгоград шаҳрида бўлиб ўтган ва унда Россия жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Шунингдек, Россия футбол иттифоқи 2026 йилнинг иккинчи ярмида Парагвай терма жамоасига қарши яна бир ўртоқлик учрашуви ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Аввалроқ парагвайликлар билан ўйин 2024 йил март ойида ўтказилиши режалаштирилган эди, аммо кейинчалик бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари бунгача бир маротаба ўзаро куч синашган бўлиб, 2022 йил 20 ноябр куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ўтказилган баҳс голсиз дуранг билан якунланган.

Фикрлар