"Нефтчи" Вагиз Галиулинга қизиқяптими? Аброр Исмоилов Россияга кетадими? Бош мураббий Виталий Левченко қандай жавоб берди?

  • 8 декабрь, 2022, 15:54
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Сайтимиз орқали хабар бериб ўтганимиздек, “Нефтчи” клуби мавсумлар оралиғида тайёргарлик босқичи учун режаларни ишлаб чиққан ва унга кўра, жамоа Тошкентда ва Туркияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади.

Таркибда ҳам янгиликлар бўлиши табиий. Шу боис бош мураббий Виталий Левченко билан суҳбатлашдик.

- Виталий Григорьевич, Туркияга бориб келибсиз-а?

- Ҳа, жамоа қишки йиғинларни ўтказадиган меҳмонхона ва машғулот майдонларини бориб кўриб келдим. Туркиядаги биринчи йиғин 6 январдан 20 январгача давом этади. Иккинчиси 27 январдан 17 февралгача. Тошкентдаги биринчи йиғинимиз эса 12 декабрдан 24 декабрга қадар олиб борилади.

- Клубга янги бош директор тайинланди. У билан янги мақсадлар ҳақида гаплашдингизми?

- Янги директор билан учрашув режалаштирилган. Унда барча масалаларни муҳокама қиламиз.

виталий1_2

- Жаъфар Ирисметов “Нефтчи”да иш бошлаши кутилаётганди, лекин бу амалга ошмабди. Нима учун?

- Бу масалада тўлиқ маълумотга эга эмасман. Шу сабабли бу саволга жавоб беришга қийналаман.

- Нурилло Тўхтасиновдан ташқари яна қайси янги футболчилар билан келишувларга эришилди?

- Янги футболчилар билан музокаралар олиб бориляпти. Аммо мен янги ўйинчиларнинг номларини ҳозир айтишга тайёр эмасман.

- Эшитишимча, Вагиз Галиулинга қизиқиш бор экан, шу ростми?

- Рўйхатимизда кўплаб малакали футболчилар бор. Лекин ҳозирча шартнома имзоланмаган. Шу сабабли барча икир-чикирларини айта олмайман.

левченко1_2

- Суперлиганинг жорий йилги мавсумдаги савияси қандай таассурот қолдирди?

- Ўзбекистон чемпионати етарли даражада юқори. Чемпионлик масаласи соврини охирги турда ҳал бўлди. Бу эса жамоаларнинг юқори ҳолатдаги рақобатбардош эканлигини англатади.

- Суперлига учун ишлаб чиқилган янги формат сизга ёқдими?

- Қоғоздаги янги формат юқори даражада эканлигини англатяпи. Яна ўйинлар қўшилади ва дастлабки олти ўрин учун рақобат анча ўсади. Иккинчи гуруҳда ҳам ўтиш ўйинларига тушиб қолмаслик учун кураш яхшигина кечади.

- Жамоани яна кимлар тарк этди?

- Шаҳзод Убайдуллаев борасидаги вазият ҳозирча номаълум.

- Шунингдек, Аброр Исмоиловга Россиянинг иккита клуби қизиқаётгани ҳақида эшитдик. Унинг масаласи нима бўляпти?

- Исмоилов борасидаги вазиятга яқин кунларда аниқлик киритилади, деб умид қиламан. Ўйлайманки, биз бир тўхтамга кела оламиз.

виталий2_2

- Сизнингча, “Нефтчи”нинг “Мавсум-2022”даги яхши футболчиси ким бўлди?

- Биргина футболчини алоҳида ажратиб кўрсатиш тўғри эмас. Биз бир жамоа сифатида кучли кўриндик. Барча майдонда нима қилиши кераклигини яхши тушуниб турди.

- Сизнингча, бу йил ким жаҳон чемпиони бўлади?

- Бразилия терма жамоасини айтган бўлардим.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!