Аргентина ФИФА томонидан жарима ва дисквалификацияга учради

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Футбол бўйича жаҳон чемпионати–2026 учрашувларида кузатилган можароли ҳолатлар учун ФИФА Дисциплинар қўмитаси Аргентина терма жамоасига нисбатан қатор жазо чораларини қўллади, деб хабар бермоқда Sports.kz ФИФА матбуот хизматига таяниб.

ФИФА маълумотига кўра, тегишли материаллар атрофлича ўрганилгандан сўнг, жаҳон чемпионати–2026 доирасида ўтказилган бир қатор ўйинларда қайд этилган қоидбузарликлар бўйича қуйидаги қарорлар қабул қилинган:

Аргентина футбол ассоциацияси (AFA) жами 321 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди. Жазо ФИФА Дисциплинар кодексининг бир нечта моддалари бузилгани учун қўлланди: 13-модда, 2-қисм «c» банди (спорт мусобақасидан носпорт характердаги намойишлар учун фойдаланиш), 14-модда, 5-қисм (жамоанинг номуносиб хулқ-атвори), 15-модда (дискриминация ва ирқчиликка оид ҳақоратлар) — мухлислар томонидан айтилган ҳақоратли, дискриминацион шиор ва ишоралар учун, шунингдек 17-модда (ўйинларда тартиб ва хавфсизликни таъминлаш) бўйича.

Бундан ташқари, ФИФА Дисциплинар кодексининг 15-моддаси бузилгани сабабли AFA ўз майдонидаги кейинги икки учрашувни мухлислар сонини 50 фоизгача чеклаган ҳолда ўтказишга мажбур этилди.

Қўмитанинг қарорларида қайд этилишича, жами жарима суммасидан 100 минг доллар мажбурий тарзда дискриминацияга қарши кураш дастурларини амалга оширишга йўналтирилади. Жазонинг бир қисми — икки ўйиндан бирига қўлланилган дисквалификация ва 100 минг доллар жарима — шартли равишда, синов муддати билан қўлланади.

Шунингдек, 19 июль куни New York New Jersey Stadium аренасида бўлиб ўтган Испания ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионати–2026 финалида содир бўлган воқеалар юзасидан ФИФАнинг интизом ва этика масалалари бўйича прокурори ҳисоботи кўриб чиқилди. Унга асосан Дисциплинар қўмита қуйидаги жазоларни белгилади:

Леандро Паредес (ўйинчи) — 10 ўйингача дисквалификация ва 90 минг доллар жарима;

Науэль Молина (ўйинчи) — 7 ўйингача дисквалификация ва 90 минг доллар жарима;

Тьяго Альмада (ўйинчи) — 1 ўйингача дисквалификация ва 30 минг доллар жарима;

Роберто Айяла (мураббийлар штаби аъзоси) — 3 ўйингача дисквалификация ва 30 минг доллар жарима;

Пабло Мартин Паэс Гавира (ўйинчи) — 1 ўйингача дисквалификация ва 30 минг доллар жарима.

ФИФА Дисциплинар кодексининг 69-моддаси 2a ва 3-бандига мувофиқ, ушбу дисквалификациялар тегишли терма жамоаларнинг кейинги расмий учрашувларига татбиқ этилади, дея қайд этилган ФИФА расмий баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати–2026 давомида Аргентина терма жамоаси мунтазам қўпол ўйин ва носпорт хулқ-атвори учун кескин танқидга учраган эди. Жамоа аъзоларининг мусобақанинг ҳал қилувчи паллаларда ўзини йўқотиб қўйиши, шунингдек, аргентиналик мухлисларнинг ирқчилик ва дискриминацион шиорлари, ярим финалда сиёсий мазмундаги баннерлар кўтарилиши халқаро футбол жамоатчилиги норозилигига сабаб бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!