Жасур Жалолиддинов: Саудия билан анча олдин бошланган ҳисоб-китобимиз бор эди
23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги чорак финал босқичи доирасида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб борди. Унда ҳамюртларимиз 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди.
Биринчи голни Ҳусаин Норчаев киритган бўлса, иккинчи голга Умарали Раҳмоналиев муаллифлик қилди. Шунингдек, 70-дақиқада рақиблар аъзоси Айман Яҳё иккинчи сариқ карточкасини олиб, майдондан четлатилди.
Жамоамиз сардори Жасур Жалолиддинов учрашувдан сўнг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Бу жамоа билан анча олдин бошланган ўзаро ҳисоб-китобимиз бор эди ва худога шукур қизиқарли бўлган баттледа биз ғалаба қозондик, мақсадимиз сари юришда давом этамиз. Жонажон халқимизга ва биз учун дуода бўлиб турган ватандошларимизга катта раҳмат."
Эслатиб ўтамиз, Тимур Кападзе шогирдларининг ярим финалдаги рақибими Индонезия термаси бўлади.
Фикрлар