Файзуллаевга Туркия, Нидерландия, Португалиядан қизиқиш бор. Аббос қаерга ўтгани маъқул?
Аббосбек Файзуллаев бугунги кунда ЦСКАнинг ҳам, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам етакчи ўйинчиларидан бирига айланиб бўлган. Ўзбекистон U-23 терма жамоасида унга устозлик қилган Темур Кападзе Россия оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Аббосбек ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ушбу интервьюнинг қизиқарли қисмларини ҳавола этади.
— Аббос Файзуллаев — Россия Премьер-лигаси юлдузи, Ўзбекистоннинг энг ёрқин таланти. У билан ишлаган пайтингиз салоҳиятини дарров пайқаганмисиз?
— Аббос — вундеркинд. У ҳар томонлама ривожланган, интеллекти, техникаси, қарор қабул қилиш тезлиги бор ва рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Энг муҳим фазилати меҳнаткашлиги ва профессионаллиги. Аббос ҳар доим ўз устида ишлайди. Кўплаб истеъдод эгаларидан фарқли равишда мақтовлар уни бўшаштириб юбормайди. Юлдузлик касалидан холи.
— Назарингизга тушганида Аббос неча ёшда эди?
— 17 ёшидаёқ уни ёшлар терма жамоасига жалб қила бошлаганман. Табиийки, у асосий ўйинчи эмасди, лекин Аббос ёшига нисбатан анча етук бўлган. Тактик вазиятларни айрим футболчиларга бир неча бор тушунтириш керак, Аббос эса ҳаммасини биттада англаб олади.
Қандай вазифа қўйишингдан қатъи назар, барчасини тўғри бажаради. Бунга унинг ота-онаси ва мураббийи жуда кўп ҳисса қўшган. Аббос тарбияли йигит, ўқишида ҳам муаммо бўлмаган ва бир нечта тилни билади.
— Аббос ЦСКАга ўтишдан олдин сиз билан маслаҳатлашганми?
— Унинг ўзи нима қилаётгани, қаерга ва нима учун бораётганини яхши англаб олган. Ҳозир эса, ЦСКАга ўтгани тўғри қадам бўлиб чиққани маълум. Аббосга ишонч билдиришяпти, мураббийлар унинг истеъдодини пайқай олди. У яхши коллективга тушди, ҳамма шериклари уни қўллаб-қувватлади, барча билан тез тил топишди.
— Аббосга Нидерландия, Туркия, Португалиядан қизиқиш бор. “Бавария” ҳам уни кузатяпти. Кейинги қадамни қачон ташлашини маслаҳат берган бўлардингиз?
— Агар қизиқарли вариант чиқса, қишда кетса ҳам бўлади. Том чемпионатларнинг ўртамиёна жамоаси ҳам гранд клубга ўтиш учун яхши қадам бўлади. ЦСКА орқали ҳам шундай қилиш мумкин.
— Аббос терма жамоа билан жаҳон чемпионатида ўйнашни орзу қилаётганини айтганди. Бу ҳақиқатга яқинми?
— Албатта, чунки йўлланмалар сони икки баравар кўпайди. Мен Ўзбекистон миллий терма жамоасида 119 та учрашув ўтказганман. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун 3 та саралаш циклида қатнашдик, лекин ҳар доим бир қадам – бир очко ёки иккита гол етишмас эди. Бизга жаҳон чемпионатида ўйнаш армон бўлиб қолди. Аббос эса, бу орзусига эришади.
Ҳурматли мухлислар, нима деб ўйлайсиз, Аббосбек Файзуллаев қайси чемпионатга ўтгани маъқул? Легионеримиз Европанинг кучли лигаларида ўйнай оладими? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг...
Фикрлар