Илмий иш ва тадқиқотлар ўтказиш керак!

"Реал" ўз майдонида "Бавария"ни 2:1 ҳисобида таслим этди ва икки учрашув натижасига кўра, 4:3 ҳисобида ЕЧЛ финалига йўл олди. Ҳал қилувчи баҳсда улар "Боруссия" Дортмундга қарши ўйнайди. 

Хўш, энди савол: "Қироллик клуби" ниманинг эвазига "Бавария"ни таслим этди? Ҳайдовчи ўз мижозини манзилиги элтиб беради. Агар бирор кўнгилсиз воқеа содир бўлмаса. Бирор ресторанга кирсангиз ва таомга буюртма берсангиз, ўша таом 99 фоиз ҳолатларда сизга етказилади. Агар сиз дўконга кириб, етарли пулни бериб, ўзингиз истаган маҳсулотни сотиб олсангиз, унда ўша маҳсулот сизники. Булар мутлақ одатий ва ҳаётимизда қайта-қайта содир бўладиган воқеалар. Ана энди асосий саволга қайтамиз. Охирги йиллардаги "Реал"нинг камбэклари ёки ғалабалари юқоридаги мисоллар каби ўта оддий иш, аниқроғи, "Реал" бизга асли мураккаб бўлган воқеликларни худди таом буюртма бериб, тановвул қилишдай осон ишга айлантириб қўйди.

"Бавария" илк учрашувда "Реал"дан ўйин томонлама устун эди. Кўпроқ ҳужумлар ва сифатли футбол. Ўша беллашувда "қироллик клуби" эпизодларда фаоллик кўрсатиб, дурангни таъминлади. Жавоб баҳсида кўпроқ ҳужум қилди. Баъзан Нойер қаҳрамонликлар кўрсатган бўлса, айрим ҳолларда Мадрид клуби ҳужумчиларнинг ўзи имкониятларни кўкка совурди. Қарангки, "Реал" учун жараён бироз асабий кетаётган бир пайтда "Бавария" гол уришнинг уддасидан чиқди. Бу шундоқ ҳам ҳужум қилиб, дарвозани ишғол қила олмаётган Анчелотти шогирдлари учун икки ҳисса босим бўлди. Бироқ Мадрид босимни яхши кўради. Мана шундай вазиятларда ўзини "сувдаги балиқ"дай ҳис қилади. Камбэкни шу қадар оддийлик билан ва ўрта классдаги ҳужумчи билан амалга оширди. Ҳатто улар бу ишни Жаҳон даражасидаги бирор юлдузсиз ҳам амалга ошираверади, дегани бу. Қандай футболчи бўлишидан қатъи назар ДНКсига "шприц" орқали ғолиблик руҳияти юборилармикан ёки? Ҳайронман! 

Анчелотти қандай мутахассис эканки, унинг исталган қарори ўзини оқлаб кетаверади. Бироз ошириб юбораётган бўлишим мумкин. Бироқ сиз бу жамоанинг айни дамдаги ижрочиларига қаранг. Тўғриси, Винисиус, Родриго, Беллингем ва Вальверде каби ижрочилардан иборат "банда" давримизнинг энг зўр ҳужум чизиқларидан бири. Бироқ бу жамоанинг ҳар бир позицияси ва айниқса, ҳимояси у қадар мукаммал эмас ва ҳатто ҳозирги ҳолатида анчагина муаммоли. Бироқ хоҳ Начо тушсин, хоҳ Чуамени шу позицияда ҳаракат қилсин юқоридаги кундалик ишни қилиб кетаверади. Карло турли ўлчамдаги, "леголар"дан шакллар ясайвериб чарчамайди. Камдан-кам ҳолатларда унинг "проекти" муваффақиятсизликка учрайди. "Бавария", "Сити" ёки "Лейпциг", 2 йил аввалги яна ўша "Сити", "Челси" ёки ПСЖ айбдор эмас. Улар мукаммал кўринмайдиган мукаммаликнинг қурбонлари холос. 



Бу ҳарактер, бу "генетика" албатта ўрганилиши керак. Илмий иш ва тадқиқотлар ўтказилиши лозим, албатта. 



                                                                                                                                                                                   Карим Худайқулов  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!