Таэквондо WT. Тошкентда халқаро ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтмоқда
Тошкентда таеквондо WТ бўйича халқаро ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Тожикистон, Қозоғистон ва Тунис терма жамоалари иштирок этмоқда.
Халқаро ўқув-машғулот йиғини қизғин руҳда кечмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу йиғинда қатнашаётган барча терма жамоалар ўзларининг асосий таркиб спортчиларини жалб этган бўлиб, улар орасида Париж-2024 Олимпиадаси лицензиясини қўлга киритган спортчилар ҳам бор.
Ушбу йиғин жорий йилнинг 16-18 май кунлари Вьетнамда ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши билан янада аҳамиятлидир.
Терма жамоамизнинг тажрибали мураббийлари машғулотлар давомида спортчиларимизни янги комбинациялар билан тайёрлаб, уларнинг маҳоратларини янада оширишга ҳаракат қилишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Париж-2024 Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик таэквондочилар тўлиқ таркибда иштирок этишади. Франция пойтахтида бўладиган ўйинларга қуйидаги таэквондочиларимиз лицензия қўлга киритган:
Эркаклар
Улуғбек Рашитов -68 кг
Жасурбек Жайсунов -80 кг
Аёллар
Озода Собиржонова -67 кг
Светлана Осипова +67 кг
Бахтиёр Тоштемиров тайёрлади.
Фикрлар