
Тибо Куртуа: "Иккинчи таймда футбол ўйнашни унутдик"
Чемпионлар лигаси 1/4 финали биринчи учрашувида "Реал" меҳмонда "Арсенал"дан 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўйиндан кейин мадридликлар дарвозабони Тибо Куртуа бўлиб ўтган беллашув ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Арсенал" ўз уйида кучли, улар чизиқлар орасида яхши ўйнайди ва кўп хатарли вазиятлар яратади. Биринчи таймда босимга дош бердик ва баъзи қарши ҳужумларда хавфли вазиятлар яратдик. Лекин иккинчи таймда футбол ўйнашни унутдик, рақибни бўш қўйдик ва тўп билан хотиржам бўлолмадик. Улар жарима зарбаларидан иккита аъло даражадаги гол урди, учинчи голдан кейин эса тўғри реакция кўрсатмадик.
0:3 ҳисобида ютқазиш оғриқли, лекин биз ўз уйимизда кучлимиз, мухлислар жамоага ишониши керак. Биз вазиятни тўғрилаш учун бор кучимизни берамиз. Бу имконсиз эмас, лекин қаттиқ меҳнат қилишимиз ва хатоларни тузатишимиз керак.
Рақиб ўйинни яхши ташкил қилди. Биринчи таймда уларнинг босимига қарши турдик, тўпни назорат қилдик, лекин иккинчи таймда амалга оширмоқчи бўлган режаларимиз иш бермади.
"Арсенал" ўз майдонида "Манчестер Сити"ни мағлуб этган, "Ливерпул"га гол урган жамоа. Улар ҳужумда жуда яхши. Биринчи голдан кейин деворни яхши қўйдим деб ўйладим. Ҳар доим қўшимча ўйинчини деворга қўшаман, лекин улар ажойиб зарбалар билан гол урди. Бунинг учун масъулиятни ўз зиммамга оламан.
Мен Деклан Райснинг жарима зарбаларини яхши уришини билардим, лекин бу даражада айлантириб ура олишини кутмаганман. Иккинчи гол ҳақида айтсам, унинг бундан яхшироқ уриши қийин. Бу кераксиз фоллар эди, улар хавфли вазиятларда эмасди. Бундай рақибга қарши, стандартларни яхши бажарадиган жамоага қарши бундай фоллар қилиш ярамайди. Жавоб ўйини учун тайёргарлик кўрар эканман, буларни таҳлил қиламан" - дея фикр билдирди белгиялик посбон.
Фикрлар