
Шомуродов туфайли “Рома” фанатлари иккига бўлинди
“Рома” ўта муваффақиятсиз бошланган мавсумнинг ҳал қилувчи палласига Европа кубокларига йўлланма берадиган юқори ўринлар учун даъвогар сифатида кириб келди.
Жамоани ноябрь ойининг иккинчи ярмида қабул қилиб олган Клаудио Раньери таркибни янгиламаган ҳолда юқори натижаларга эришиш мумкинлигини исботлаб келмоқда. “Рома”нинг жонланиши жараёнида клубдан икки марта кетишга яқин бўлган Элдор Шомуродовнинг вазияти ҳам ижобий томонга ўзгарди.
Сўнгги пайтда ўзбек легионери жамоа ўйинига майдонда энг кучли таъсир ўтказаётган фигурага айланди. “Рома” фаолиятини таҳлил қилиб бораётган мутахассислар ва римлик мухлислар Артём Довбик ва Элдор Шомуродовни бир бирига солиштира бошлади. Ўтган ёз 30 миллион евродан зиёд суммага харид қилинган украиналик ҳужумчи мавсум аввалидан ҳар томонлама устун ўйинчи сифатида баҳоланиб келган бўлса, энди Элдор Шомуродовни асосий ҳужумчи даражасига кўтарилганини эътироф этаётганлар сони кескин ошиб бормоқда.
Аксарият кузатувчи гарчи Довбик Шомуродовдан кўп гол урган бўлса-да, ўзини жамоага ва ўйинга бағишлар борасида ўзбек ҳужумчиси рақобатчисидан ҳар томонлама устун экани ва шу боис ҳам Элдорга кўпроқ ўйин амалиёти берилиши кераклигини таъкидламоқда.
Хусусан, эксперт ва нуфузли манбалар ҳам ўз таҳлилларини ана шу масалага катта урғу қаратмоқда.
- Артём Довбикнинг ўйинини кузатиш унчалик ҳам ёқимли эмас. Агар у учрашувда гол урмаса, жамоага бошқа ҳеч қандай фойда келтирмаяпти. Гол урмаса ҳам, жуда яхши ўйнаётган ҳужумчилар бор. Довбик улар қаторига кирмайди. Рим дербисида Элдор Шомуродов ундан яхши ўйнади.
Довбик 190 сантиметр бўй ва 90 килограмм вазн билан яккакурашларда ғолиб чиқолмаслиги ғазабимни келтиради. Ундан чўчийдиган рақиб қолмади. Гавдасидан фойдалана олмайди ва бу нормал ҳолат эмас, - деди футбол эксепрти Рикардо Тревисани Roma news нашрига берган интервьюсида.
Нуфузли манба – Corriere dello sport газетаси таҳлилида берилган хулоса ҳам Тревисанининг фикрига ҳамоҳанг бўлиб чиқди.
- Артём Довбик ҳали ҳамон муҳим учрашувлар натижасига таъсир ўтказа олмаяпти, деган қараш шаклланиб қолди. Тўғри, ҳар бир ўйин муҳим, лекин уларнинг орасида аҳамияти юқорироқ турадиганлари бор. “Лацио” билан ўзаро тўқнашув ана шундай баҳслар қаторига кирарди.
Довбик бунақа гавдаси ва жисмоний имкониятлари билан тўп учун кўпроқ курашиши, прессингларда фаоллик кўрсатиши, ўз кучини намойиш қилиши шарт. Артём гол урмаган баҳсларда жамоага фойдаси тегмайди, деган тасаввур бор.
Кўплаб мухлислар ва экспертлар Элдор Шомуродов марказий ҳужумчи позициясида ўйнаганида жамоанинг олдинга ўтишини таъминлаш учун тинимсиз прессинг қилишини алоҳида эътироқ этмоқда, - деб Corriere dello sport.
Умумий хулоса ўрнида айтиш лозимки, Артём Довбик тарафдорлари Испания чемпионати тўпурари ҳали А Серияга тўлиқ мослашмагани, бу мамлакатдаги футбол испанларникидан фарқ қилиши, украиналик форвардга бироз вақт кераклигини айтяпти.
Элдор Шомуродовнинг жадал тарзда кўпайиб бораётган мухлислари эса, ўзбек футболчиси ҳаракатчанлиги, курашувчанлиги, яккакурашлардаги фаоллиги билан жамоа ўйинига кучли таъсир ўтказаётгани ва унга кўпроқ ўйин амалиёти бериш кераклигини таъкидламоқда.
Ҳурматли мухлислар, “Рома” учун ким фойдали, Довбикми ё Шомуродов? Бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларингизни изоҳларда қолдиринг.
“Сити”да тозалаш бўлади, масала Ҳусановга ҳам дахлдор!
Гвардиола Ҳусановдан воз кечдими? “Сити” 90 миллион евролик марказий ҳимоячи оляпти
“Реал” Ҳусановнинг дўстини олиб кетадиган бўляпти
Фикрлар