
“Сити”да тозалаш бўлади, масала Ҳусановга ҳам дахлдор!
“Манчестер Сити” бу мавсум бой берилган гегемонлигини келаси чемпионатда қайта тикламоқчи. “Шаҳарликлар” ёзги трансферлар даврида Англия Премьер-лигаси, ички мусобақалар ва қитъа миқёсидаги турнирларда бош соврин учун курашишга қодир янги таркиб шакллантиришни мақсад қилган.
Клуб скаутлари ва селекция бўйича мутасаддилари Хосеп Гвардиола қўллайдиган ўйин услубига мос ёш ва иқтидорли ўйинчиларни танлашга эътибор қаратмоқда.
“Манчестер Сити” фаолиятини таҳлил қилиб келаётган cityxtra.co.uk портали таркибда амалга оширилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар ҳақида тўхталди.
Sports.uz портали ушбу мақолани ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
- “Манчестер Сити” ҳимоя марказида Абдуқодир Ҳусановга янги шерик олиб келиш учун А Сериядан 30 миллион еврога баҳоланаётган футболчини танлади ва уни қўлга киритишда “Ливерпуль” ҳамда “Челси” билан рақобатлашмоқда.
Италиядан олинган маълумотларга кўра, манчестерликлар “Удинезе”да ўйнаётган франциялик ҳимоячи Умар Солега жиддий қизиқиш билдиряпти.
Яқинлашиб келаётган трансферлар бозарида “Сити” таркибнинг энг заиф нуқталарини янги ижрочилар билан кучайтиришга қарор қилган ва Хосеп Гвардиола янги кучларга жой очиши талаб этилади. Мақсад – келаси мавсум Премьер-лига ва УЕФА Чемпионлар лигасида совринлар учун курашишдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, жорий чемпионатда ҳимоя чизиғи Хосеп Гвардиолани энг кўп безовта қилган нозик нуқта бўлиб қолди. Мануэль Аканжи, Жон Стоунз, Натан Аке кўп вақтини жароҳатларни даволашга сарфлади ва бу ҳолат клубни қишда 63 миллион фунт стерлингдан кўпроқ пул тикиб, Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейсни олишга мажбур қилди.
Жароҳат туфайли бир неча ҳафта майдондан ташқарида қолган Рубен Диас эса, “Сити”нинмудофаа чизиғида ҳақиқий таянч вазифасини бажариб берди. Ҳимоячилардан фақат Йошко Гвардиол мавсумни жароҳатларсиз ва барқарор ўтказаётгани учун устози Пепдан мақтов эшитяпти.
Мавсумнинг биринчи ярмида жисмоний ҳолати талабга жавоб бермаган Кайл Уокер “Милан”га ижарага жўнатилди. Уокернинг ўрнини Рико Льюис эгаллади ва баҳорги ўйинларда таркибга янги қўшилган Абдуқодир Ҳусанов ёнида ўйнаб, ўзбек легионерига ҳимояни ёпишга ёрдам берди.
“Манчестер Сити” келаси мавсум олдидан таркибда кенг миқёсли тозалаш ишларини олиб боради ва раҳбарият бу вазифасини янги тайинланадиган Уго Вианага топширади.
“Шаҳарликлар” ёзги трансферлар рўйхатига марказий ҳимоячи Умар Солени киритди. Франциялик гигантга жой очиш учун клуб Аке, Стоунз ёки Аканжи каби ёши катта ҳимоячилардан бирига жавоб бериб юборишни мўлжалламоқда.
Қизиқ томони шундаки, Францияда “Стад Лаваль” жамоасида тарбияланган ва “Лион”да ўйнаган Соле 2020 йили 4,5 миллион евро эвазига Австриянинг “Зальцбург” клубига ўтган. Бу клубда тўрт йил ўйнаганидан кейин Умар ишсиз қолди. Ўтган ёздан бошлаб иш қидирган ҳимоячи шу йилнинг 2 январь куни “Удинезе” билан икки ярим йиллик бити тузди.
Удинеликлар Англия грандлари назарига тушган 25 ёшли ўйинчисини 30 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёрлигини айтилмоқда.
“Манчестер Сити” таркибда Йошко Гвардиол ва Абдуқодир Ҳусанов сингари яхши савиядаги ўйинчилар борлигига қарамай, “Ювентус”дан ўнг қанот ҳимоячиси Андреа Камбьясони ҳам олишни истаяпти, - деб ёзди cityxtra.co.uk сайти эксперти Ваям Лахоти.
Бундан ташқари, айрим нуфузли манбалар Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусановни ёзги ўқув-машғулот йиғинларида ўзининг ўйин услуби ва фалсафасига мослаштириши, келаси мавсум учун тайёрлашини таъкидламоқда. Айнан мана шу жараёндан кейин Абдуқодир яна жамоада асосий фигурага айланиши мумкин.
Ҳусановнинг ҳозиргача бир неча учрашувда бошланғич таркибга тушгани “Сити” ҳимоячилари орасида авж олган жароҳатланиш даражаси ортиши оқибатида кадрлар билан боғлиқ муаммоларнинг келиб чиққанига боғлиқдир.
Юқоридаги маълумотлардан Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусановни яқин келажакда ҳимоя чизиғи етакчисига айланишидан умидвор, янги лойиҳада мудофаа чизиғини ўзбек легионери атрофида шакллантиришни режалаштираётганини билиб олиш мумкин ва амалда ҳам шундай бўлишига умид қиламиз...
Фикрлар