
Иккита халқаро соврин ютган “Челси”да катта тозалаш бошланди
Икки нуфузли турнир – УЕФА Конференциялар лигаси ва ФИФАнинг клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан “Челси” янги мавсум олдидан таркибини тартибга солишга эътибор қаратмоқда.
The Athletic нашрининг маълум қилишича, асосий таркиб билан АҚШга бормаган бир гуруҳ ўйинчилар клуб базасида машғулот ўтаган. Бироқ улар тез орада ўзига янги жамоа топиши талаб қилинмоқда.
Манбага кўра, бош мураббий Энцо Мареска жамоада катта тозалашни бошлаяпти. Жоау Феликс, Бенжамин Чилуэлл, Аксель Дисаси, Лесли Угочукву, Ренату Вейга, Армандо Броя ва Алфи Гилкрист каби машҳур футболчилар мураббийлар штабининг келажак режаларига киритилган йўқ.
Бундан ташқари, “аристократлар”га Раҳим Стерлинг ва Кристофер Нкункунинг хизматлари ҳам керак бўлмайди.
Айни пайтда “Боруссия Дортмунд” ярим ҳимоячи Карни Чуквуэмекуни олиш ҳаракатларин бошлаган ва лондонликлар бу ўйинчини тўлиқ сотиб юборишини билдирмоқда.
“Челси” раҳбарияти узоқ йиллик шартномага эга бўлган Николас Жексонни ҳам сотилмайдиган футболчилар рўйхатидан чиқарди.
Бундан ташқари, клуб ҳимоячи Ише Сэмюэлс-Смитни “Страсбур”га 8 миллион фунт эвазига қўйиб юборадиган бўлди. Ярим ҳимоячи Кендри Паэс, ҳимоячи Аарон Ансельмино ва дарвозабон Майк Пендерс янги мавсумда “Страсбур” клубига ижарага жўнатилади.
Фикрлар