Мануэль Нойер: "Дарвозабон позицияси узоқ вақт кам баҳоланган"
"Бавария" дарвозабони Мануэль Нойер ўз позицияси жамоатчилик томонидан етарлича қадрланадими-йўқми, деган саволга жавоб берди.
– Янги авлод дарвозабонларига қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Янгиликка очиқ бўлинг. Ўзингизнинг кучсиз жиҳатларингиз устида ишланг. "Мен фақат ўнг оёқ билан ўйнайман", деманг. Бугунги кунда ҳар икки оёқда ҳам тўп билан ўйнай олишингиз керак.
Қўрқмасдан таваккал қилинг, хатоларга йўл қўйинг. Айниқса ёш ўйинчилар учун тажриба тўплаш жуда муҳим. Дарвозабонлик – ажойиб касб. Бугун у аввалгидан ҳам долзарброқ.

– Сизнингча, бу позиция етарлича эътироф этиляптими?
– Айтиш қийин. Менимча, у узоқ вақт давомида кам баҳоланган. Аммо ҳозир унинг аҳамияти ортиб бормоқда, чунки ўйинга таъсири аввал ўйланганидан анча катта.
– Фақат битта дарвозабон – Лев Яшин – "Олтин тўп"ни ютгани адолатсиз деб ўйлайсизми?
– Ҳа, аммо биз, дарвозабонлар, буни қабул қиламиз. Аслида бу борада катта умидларимиз ҳам йўқ.
Энг аввало, дарвозабон позициясини тўлиқ тушуна оладиганлар кам, деб ўйлайман. Ҳар ким майдон ўйинчиси позициясини тушунаман, деб ўйлайди. Аммо дарвозабон ҳолатида дарвоза ичида туриб, вазиятларни ҳис қилиш керак. Бунинг учун эса муайян тажриба талаб этилади", – деди Нойер.
Фикрлар