Англиялик футболчилар Ирландияга қарши ўйинда майдондан чиқиб кетди
ФИФА текширув бошлади
Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва ФИФА фестивали доирасида ўтказилаётган Англия — Ирландия учрашуви можаро сабаб муддатидан олдин тўхтатилди. Бу ҳақда ФИФА маълумотига таяниб, The Mirror хабар берди.
Озарбайжонда ўтаётган мусобақада 15 ёшгача бўлган футболчилар майдонга тушмоқда. Англия ва Ирландия ўртасидаги беллашув охирги дақиқаларга келиб, ирландияликлар фойдасига 4:1 ҳисобида давом этаётган эди. Шу пайтда Англия терма жамоасининг бир футболчиси майдон четига яқинлашиб, ўзини ҳақорат қилишгани ҳақида мураббийлар штабига хабар берган. Тренерлар бу маълумотни дарҳол ҳакамга етказишган.
Арбитр эса ҳеч қандай ҳақоратли чақириқни эшитмаганини айтган. Шундан сўнг Англия терма жамоаси мураббийлари жамоага майдонни тарк этиш бўйича кўрсатма берган ва футболчилар ўйинни давом эттиришдан бош тортган.
«ФИФАга 15 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва фестивали доирасида Англия ва Ирландия терма жамоалари ўртасидаги учрашувда содир бўлган ҳодиса маълум. Англия терма жамоаси ўйинни давом эттиришдан бош тортгач, ҳакам беллашувни тўхтатди», — дейилади ФИФА матбуот хизмати баёнотида.
Хабарга кўра, можаро вақтида ҳар икки жамоа мураббийлар штаблари ўртасида кескин тортишув ҳам юз берган. Томонлар ўз футболчиларини ҳимоя қилишга уринишгани қайд этилган. ФИФА ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан расмий текширув олиб бормоқда.
Турнир 31 октябрь куни якунланади. Ўйинлар «8х8» форматида, ҳар бири 20 дақиқадан икки бўлим тарзида ўтказилмоқда. Бу — 2022 йилдан буён ФИФА ҳимоясида ўтаётган ва Россия терма жамоаси давлат байроғи ҳамда мадҳияси остида иштирок этаётган илк расмий мусобақа ҳисобланади.

Изоҳлар (0)