Хабар бериб ўтганимиздек, кеча оғир атлетикачимиз Кумушхон Файзуллаева -63 кг вазн тоифасида энг яхши натижани кўрсатиб, олтин медалга сазовор бўлди. Албатта, медаль учун кураш осон кечгани йўқ. Ҳамюртимиз шоҳсупага кўтарилгач, мадҳия вақтида кўз ёшларини тийиб тура олмади. Ушбу муваффақиятдан сўнг МОҚ матбуот хизмати Кумушхон Файзуллаеванинг фикрларини тақдим этди. 

- Ўсмирлар Олимпиадасига узоқ вақт тайёргарлик кўргандик. Мана, меҳнатларимиз самараси ўлароқ, олтин медални қўлга киритдик. Терма жамоамиз ҳисобига ушбу медални қўшиб қўя олганимдан хурсандман. Жудаям ҳаяжонландим. Биринчи ўрин ва олтин медаль ўз-ўзидан келмайди. Бунинг замирида улкан меҳнат ва мураббийларимнинг катта ҳажмдаги ишлари ётибди. Фурсатдан фойдаланиб, барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Спортда энг асосийси, қатъий тартибга риоя қилиш лозим. Шунда натижалар келади. Буни мураббийларимиз штаби ҳам тасдиқлайди. Бу борада менинг омадим келган. Улар бизни ўқитишади, тарбиялашади ва мақсадларимиз сари етаклашади, – деди спортчи.

Терма жамоамиз мураббийи Баҳром Мендибоев ҳам муваффақиятдан сўнг ўз хурсандчилигини яшира олмади.

- Кумушхон Файзуллаева ўсмирлар Олимпия ўйинларининг олтин медалигача бўлган йўлни узоқ вақт давомида босиб ўтди. У 2018 йилги Осиё ва жаҳон чемпионидир. Олимпия ўйинларида бизга Шимолий Корея, Таиланд ва Болгария каби мамлакат спортчилари асосий рақиб ҳисобланардилар. Биз уларни яхшилаб ўрганиб чиққандик. Шимолия Корея спортчиси хато сабабли ўз иштирокини давом эттира олмади. Болгариялик спортчи қиз эса ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпиони ҳисобланади. Рақиблар кучли эди, бироқ биз уларни мағлуб эта олдик. Бундай натижалар бизни янада рухлантиради. Энди ноябрь ойида Ашхободда катталар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Кумушхон у ерда ҳам иштирок этади.

Фурсатдан фойдаланиб, яратиб берилган шароитлар учун Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистон ҳукумати спортга катта эътибор қаратмоқда. Биз эса ўз навбатида юқори натижалар орқали билдирилган ишончни оқлаймиз, – деди мураббий.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98