Ўтган ой "ADIDAS" формаларидан фойдаланган ЎФА энди "JACO" компанияси билан ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар учун сифатли экипировкалар етказиб берувчи бир қатор хориж компаниялари билан музокаралар олиб борди.

Музокаралар натижасида Германиянинг машҳур JACO (“ЯКО”) компанияси билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди. Эндиликда мазкур компания турли ёшдаги миллий терма жамоаларимиз учун ҳар бир мавсум учун экипировкалар етказиб берадиган бўлди.

Эртага соат 19:00да Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда  JACO компанияси томонидан ўзаро  ҳамкорлик бўйича келишув имзоланади. 

Маълумот учун, JACO (“ЯКО”) компанияси спорт экипировкалари (либос, оёқ кийим, аксессуарлар) ва инвентарларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган компания бўлиб, унга Руди Шпрюгель томонидан 1989 йилнинг 1 ноябрида асос солинган.  

Айни вақтда JACO (“ЯКО”) компаниясининг 40дан ортиқ мамлакатларда филиаллари мавжуд.  Компаниянинг бош биноси Германиянинг жануби-ғарбидаги Холленбах округида жойлашган. 
 
Ҳозирда Австрия, Бельгии, Голландия, Швейцария каби мамлакатларнинг бир қатор клублари айнан JACO компанияси билан ҳамкорлик қилади.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўтган сентябрдан бери "ADIDAS" либосларидан фойдаланиб келаётганди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!