ПФЛ вакили: "Навбаҳор" мураббийи Рўзимбой Аҳмедовни судга бериши мумкин
Бугун ижтимоий тармоқларда "Навбаҳор" клуби бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва Рўзимбой Аҳмедов мавзуси муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги саҳифасида ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди.
- "Навбаҳор" бош мураббийи ҳақида футболчи Рўзимбой Аҳмедов айтган гаплар бугун энг кўп мавзу қилиняпти. Мен Навбаҳор бош мураббийига ҳам, футболчига ҳам ишонмайман. Ўртада пуллик масала турганидан кейин бундай можароларнинг чиқиши оддий бир ҳол. Аммо футболчи қилган ишни оқламайман.
Биринчидан, мураббий шаънига тегадиган гаплари кўп. Шунинг ўзига уни судга бериш мумкин.
Иккинчидан, агар футболчининг Навбаҳордан кетишида бирор қоидабузарлик (ёки қонун) бўлса, унда мазкур иш юзасидан Профессионал футбол лигасига мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Шу йилнинг ўзида бу каби ўттизга яқин футболчининг масаласи ижобий томонга ҳал қилиб берилди.
Учинчидан, мураббий ўз функцияларини бажариши ва ақли етмаганига аралашмаслиги керак. Мураббий натижа учун, машғулотлар учун, клубнинг майдондаги фалсафаси учун жавобгар
бўлган шахс. Клублар бош директорлари (менежер) эса шартномалар, ҳисоб-китоб каби ишларни жойига қўйиши керак. Ўзбекистон футболини орқага тортадиган энг аҳмоқона ишлардан бири айнан мураббийларнинг ўз вазифасидан ортиқ масалаларга даъвогарлик қилишидир.
Профессионал футбол лигаси бундай ишларни назорат қилиш юзасидан аллақачон иш бошлаган. 2018 йил сўнгига қадар барча футбол клубларига ФИФА қоидалари асосида тайёрланган шартнома нусхаси тақдим этилади. Мазкур шартномаларга клуб ва футболчи ўз шартларини, қўшимчаларини киритиши мумкин. Бироқ у ёки бу томоннинг шартномани бекор қилиши, қарздорликлар ва бошқа қатор масалалар бунда конкретлаштириладики, футболчиларда иғво, фисқ-у фасод учун ҳожат қолмайди, - дея ёзмоқда Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги саҳифасида.
Рўзимбой Аҳмедовнинг Мўминжонов ҳақида айтган гапларини қуйида эшитишингиз мумкин:
Фикрлар