«Андижон» назорат баҳсида ғалаба қозонди

Аввал хабар берганимиздек, «Андижон» шанба куни ўз уйида навбатдаги синов-назорат баҳсида майдонга тушди. Бош мураббий Усмон Тошев шу куни давралар оралиғида жамоага таклиф этилган янги футболчиларни синовдан ўтказиб, уларнинг имкониятларини кўздан кечирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бўстон даҳасидаги «БЎФМ» майдонида «Қўқон-1912» (ёшлар) жамоасига қарши кечган баҳс анчагина қизиқарли ва томошабоп тарзда ўтди. Стадионга ташриф буюрган ишқибозларга ҳам ўйиннинг жозибаси манзур бўлган эрса ажаб эмас. Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Аммо ҳар икки жамоада ҳам гол уриш учун имкониятлар бўлди. «Навбахор» жамоасидан таклиф этилган дарвозабон Акмал Ортиқов айрим вазиятларда ўзини кўрсатиб, муқаррар голлардан қутқариб қолган бўлса, андижонликларнинг кескин ҳужумларини меҳмон жамоа ҳимоячилари бир амаллаб йўққа чиқариб турди. Гарчи учрашув ўртоқлик мақомида кечган бўлсада, тўп учун курашларда футболчилар бир-бирларини ортиқча аяб ўтирмади. Дарвоқе, дербини олий лига ҳакамлари бўлмиш - Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулла Абдураҳмонов бошқариб боришди.

Иккинчи таймда маҳаллий мухлислар севимли жамоаси «Андижон»дан голлар кутган эди. Вазиятларнинг бирида қўқонликларнинг жарима майдони ичида юзага келган пала-партишликдан иқтидорли ҳужумчи Фирдавс Асадов унумли фойдаланиб, «бургутлар»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди - 1:0. 

Шундан сўнг ҳисоб янада йирик кўриниш олиши мумкин эди. Афсуски Шаҳбоз Жумабоев пенальтини амалга оширгач, рақиб посбони тўпни қайтаришга эришди. Сўнгра яна ўша Шаҳбоз жамоадоши томонидан ошириб берилган ҳаводаги тўпни боши билан дарвозага йўллади. Аммо меҳмонларни дарвоза тўсини голдан қутқариб қолди. Ўйиннинг сўнгги сонияларида истеъдодли ўйинчимиз Ойбек Нурматов ҳам чап қанотдан алдамчи харакатларини ишга солиб, тўпни ўнг оёқда тўғри дарвозага йўллади.  Бу сафарги зарбадан кейин ҳам тўп тўсинга тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Шу тариқа баҳсда бошқа гол қайд этилмади ва «Андижон» навбатдаги ўртоқлик учрашувида ғалаба қозонди. Мухлислар эса ўз уйларига хурсанд холда қайтиб кетди. Бундай дейишимизнинг боиси улар ғалабадан эмас балки, деярли янгитдан ташкил этилаётган таркибнинг ўйин услуби борлигидир. Умид қиламизки, футболчилар келгусида янада ҳужумкор тарзда ўйнаб, ишқибозларни ижобий натижалар билан қувонтиради.

Шу ўринда «Қўқон-1912» ёшлар жамоаси ҳам кўпчиликда илиқ таассурот қолдирганини аълоҳида таъкидлаш лозим.

Ўртоқлик ўйини

«Андижон» - «Қўқон-1912» 1:0

Бўстон. «БЎФМ» стадиони.

Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулла Абдураҳмонов.

«АНДИЖОН»: Акмал Ортиқов , Равшан Асланов, Ҳамза Каримов, Сирож Ҳамроев , Абдулазиз Ёқубов, Отабек Валижонов, Фарҳод Бекмуратов, Иброҳим Отахонов, Акмал Холматов, Анвар Бердиев, Фирдавс Асадов.

Заҳирадан майдонг тушганлар: Элдор Исабоев, Фурқат Ҳасанбоев, Рафик Каримов, Жаҳонгир Маҳсудов, Шаҳбоз Жумабоев, Алишер Абдувоҳидов, Мақсуд Маҳмудов, Қаҳрамон Маҳамаджонов, Ойбек Нурматов.

Андижонликларнинг ўз қароргоҳидаги ўқув-йиғин машғулоти давом этади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!