“Металлург” Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби билан дуранг ўйнади

 

Бекободнинг “Металлург” клуби кеча пойтахт вилоятининг “Дўстлик” жамоа хўжалигида навбатдаги назорат учрашувини Тожикистоннинг “Истиқлол”ига қарши баҳс ўтказди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Манбанинг маълум қилишича, аввалги кўрик ўйинларига нисбатан бу сафар бекободликларнинг ўйини унчалик қовушмаганлигини айтиб ўтиш лозим. Шундан бўлса керак, мураббийлар штаби танаффусдан сўнг аксарият ўйинчиларни жиддий танқиб остига олди ва уларнинг ўрнига майдонга ёш, ғайратли футболчиларни туширди.

Бевосита учрашув тафсилотига тўхталадиган бўлсак, ҳудудий устунлик “Металлург” футболчилари томонида бўлди. Улар ўйиннинг 17-дақиқасида ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Жаҳонгир Абдумўминовнинг ажойиб тўп оширишидан сўнг Ислом Исоқжонов рақиб дарвозабони билан яккама якка чиқди ва вазиятни голга айлантирди – 1:0. Шундан кейин ҳам маъданчиларда бир қатор имкониятлар бўлди. Бироқ бекободликларга бундай вазиятларда совуққонлик етишмади. “Истиқлол” эса учрашувнинг сўнгги сонияларигача курашдан чарчамади ва ҳакам томонидан қўшиб берилган компенсация вақти ўтиб бораётганда жавоб голини киритиш мақсадига эришди – 1:1.

“Металлург” бу ўйинни қуйидаги таркибда ўтказди: Зафар Сафаев, Мирғиёс Сулаймонов, Ҳикмат Ҳошимов, Дониёр Одилов, Аброр Ҳусинов, Аюбхон Нўъмонов, Жаҳонгир Абдумўминов, Жавоҳир Эсонқулов, Муроджон Тошматов, Ислом Исоқжонов, Зоҳид Абдуллаев.

Заҳирадан майдонга тушганлар: Тимур Тўйчиев, Муҳаммаджон Султонов, Аброр Тошқўзиев, Давронбек Каримқулов, Муҳаммадодил Қаҳрамонов, Санжар Қодирқулов, Алишер Зиёвуддинов, Худойшукур Сатторов, Жасур Аҳмедов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!