«Милан» Мино Райолани мағлуб этган биринчи топ клуб! Бу қандай содир бўлганини биласизми?
Май ойи «Милан» учун омадли келди. Аввалига туринда «Ювентус» таслим этилди. Якунда, Бергамонинг «Аталанта»си устидан ғалаба қозонилди. ЕЧЛ йўлланмасига қўшимчаси чемпионатнинг кумуш медаллари ҳам «россонерилар»га насиб қилди. Бу ёқимли, лекин «Милан» яна бир фронтдаги жангда ғалаба қозонди.
Жанлука Ди Марцио ишончли манбага айланиб бораётганидан хабарингиз бор. Унинг айтишича, «Милан» аллақачон «Лилль» кипери - Майк Меньян билан шартнома имзолади. Бу трансфер тез орада оммага ошкор қилинади. Бу номни аввал эшитмаганингиз аниқ. Шу боис, ишни у билан таништиришдан бошлаймиз.
У ким?
Мика «Лилль» билан Франция чемпионатида «тўполон» қилганлар етакчиси. У РПЛдаги барча киперлардан камроқ гол ўтказиб юборишни уддалади. Ваҳоланки, Франция чемпионатида 8 ўйин кўпроқ. Бу омил эса, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолмоқда. Шунингдек, Майкда қуруқ ўйинлар сони 21 ни ташкил этади. Бу кучли бешликдаги энг яхши натижалардан бири дегани.
Келинг, у қай даражада иқтидорли эканлигини аниқлаш мақсадида PSxG+га мурожаат этамиз. Бояги кўрсаткич кутилаётган гол ва дарвозадан ўрин эгаллаган голлар ўртасидаги фарқни кўрсатиб беради. "Fbref" нашри берган маълумотларга кўра 4,8+! Тўғри, бу фантастик кўрсаткич эмас, лекин Италия, Германия ва Франция чемпионатларида унга тенг келадигани йўқ. Ҳатто, Доннарумманинг кўрсаткичи ҳам ундан анча пастроқ.
Агар адолат юзасидан айтсак, Жижи ўз фаолиятидаги энг ёмон мавсумни ўтказди. Шахсий статистикаси шундан далолат бермоқда. «Лилль» посбони эса, аксинча. Соддароқ қилиб айтганда, «Милан» Меньянни Доннарумманинг ёмон мавсуми даражасидаги ижрочи эканлигини билади. Италия термаси аъзоси эса, ўз пикида (ваҳоланки, у эндигина 21 ёшга тўлди) Меньяндан анча яхшироқ натижалар қайд этган. «Милан» катта таваккалга қўл урмоқда. Бу танлов якунда жамоани мушкул вазиятга солиб қўйиши ёки янги даражага олиб чиқиши мумкин. Бу спорт. Шундай экан, унда «ё остидан, ё устидан»га ҳам мурожаат этишга тўғри келади.
Дарвозабонлар рокировкаси қандай наф беради?
Аслида, Майк Меньян нима учун «Милан»га керак бўлиб қолди? Бунга иккита жавоб бор. Биринчиси, унинг учун 15 миллион евро тўлаб бериш кифоя. Иккинчиси эса, Доннарумманинг очкўз агентидан қутилиш имконияти.
Яқинда «Челси» ҳам Эдуар Менди билан шу воқеани бошидан ўтказди. Таваккал ўзини қай даражада оқлаганидан хабарингиз бор. Ваҳоланки, Эдуар 29 ёшда Лондонга кўчиб ўтди. Меньян энди 25 ни қаршилаган. Трансфер суммаси ҳам арзонроқ.
«Милан» ҳар сафар Доннарумма билан янги шартнома имзолаётганида, катта муаммоларга дуч келади. Ёш, италиялик, «Милан» тарбияланувчиси, иқтидорли, терма жамоада биринчи рақамли, доимо супер формада... Бундан Мино Райола уддабуронлик билан фойдаланади. Ҳар сафар агент мижози учун «Милан»дан миллионларни ундирар экан, ўз ғазнасини ҳам бойитиб боради. Иш шу даражага бориб етдики, ҳатто клуб мухлислари Жижини ёмон кўриб қолди.
Ўтган сафарги тўқнашувда «Милан» ғалаба қозонгандек туюлди. 2017 йилда раҳбарият йилига 6 миллион евро маош кўрсатилган 4 йиллик битим имзолади. Бунинг учун Доннарумманинг акаси сафга қўшиб олинди.
Ҳозир жамоа тепасида бошқа одамлар. Муаммони ҳам ўзгачароқ ечишга уриниб кўришлари тайин. Кипернинг шартномаси ёзда ўз якунига етади. Аслида, музокаралар бошланиши керак, лекин айёр Мино ҳаммасини сўнгги бир ҳафтада амалга оширмоқчи. Шу тариқа, вақтни ўз фойдасига ишлашини таъминлайди.
АС нашри берган хабарларга қараганда, Райола агар «Милан» ЕЧЛдан қуруқ қолса, мижози учун бошқа жамоа излашни бошламоқчи бўлган. Манбанинг маълум қилишича, бир неча ой илгари клуб дарвозабонга икки йиллик шартнома таклиф қилган. Йилига 8 миллион евро маош ва агар ЕЧЛ йўлланмаси қўлга киритилмаса, 20 миллион бадал пули. Бир қарашда супер таклиф, лекин жаноб Мино ундан воз кечди.
Сўнгги маълумотларга кўра , агент Жижи учун йилига тоза 12 миллион евро маош ундириб бермоқчи. Бу солиқлар билан қўшиб ҳисоблаганда, жамоага 20 миллионга тушади. Қўшимчасига, 20 миллион бадал пули. Райола шартномани 2 йилга тузиш орқали «Милан»ни бурчакка қадаб қўймоқчи бўлди, лекин жамоа эгалари бунга рози бўлмади.
Бу орада Райола «Барселона» ва «Ювентус» клубларига ўз мижозини таклиф қилишга улгурди. Ҳатто ПСЖ билан кичик музокара ҳам ўтказди. Аслида, ҳаммасида уни айблаш ноўрин. Ахир, у мижозининг рухсатисиз ҳеч ким билан алоқага чиқмаслиги кундек равшан.
Райола доим иш берган тактикаси билан жангга кирди, бироқ рақиб хийла ишлатди. Паоло Мальдини янги дарвозабон тез кунда тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида Миланга учиб келишини маълум қилди. Франция чемпиони, Мино Райолага жамоа тўлаб берадиган конпенсациясидан арзонга тушмоқда. Тўғри, Жанлуижи «россонерилар»нинг юраги, аммо жанг қурбонларсиз бўлмайди. Ҳозирча, тўқнашувннг илк дақиқаларида «Милан» Райолага кучли зарба йўллади. Хўш, якунда ким ғолиб чиқади? Воқеалар ривожини SPORTS.uz да кузатинг!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар