"Насаф", "Нефтчи", "Пахтакор", "Андижон" ва яна бир нечта клублар жаримага тортилади

Регламент талабларига беписандлик масалалари Тартиб-интизом қўмитасида кўрилади.
 
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мусобақалар, меҳнат шартномалари ва бошқа қатор масалаларни ўз вақтида амалга ошириб келади. Ҳар йил ноябр ойидан бошлаб то март ойи сўнгига қадар Лига мутахассислари дам олишларсиз меҳнат қилади. Ва табиийки, футбол клубларидан ҳам ўз ишига профессионал ёндашувни талаб қилади. 
 
Ойда икки-уч бор ўтадиган уй учрашувларини ташкил этиш масаласига масъулиятсизлик билан ёндашиш, мусобақалар ўтказиш регламенти талабларини қўпол равишда бузиш ҳолатларига Лига 2024 йилдан бошлаб қатъий чоралар кўриши клубларга расман маълум қилинган. Биз клуб сметаси, унинг ишчи-ходимлари олаётган ойлик-маош ва бошқа маълумотларга эгамиз. Ҳар қандай мутахассис ўз иш ҳақига муносиб бўлиши шарт. Токи у ўз ишига масъулият билан ёндашмагунича, ҳар қандай клуб ёки шахс жазодан четда қолмайди.
 
Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишида тўғридан тўғри қизил карточкалардан ташқари яна қатор масалалар кўриб чиқилади. Қуйида уларнинг айримларига мазкур ишлар қолганларга ўрнак бўлиши учун тўхталиб ўтамиз. Аввалроқ "Локомотив" устози Александр Стоймирович ҳамда "Андижон" футболчиси Фарҳод Бекмуродов жаримага тортилиши маълум қилинганди. 
"Бухоро"
Пролига илк туридан ўрин олган "Шўртан" —"Бухоро" ўйинида меҳмон клуб қайдномани тўлдиришни ярим соатга кечиктирган. Ваҳоланки, Регламентда мазкур масала аниқ ёзиб қўйилган. Талаб тушунарсиз сабабга кўра бажарилмаганидан келиб чиқиб, "Бухоро" жарима тўлайди. Клуб бунга сабабни кўриб чиқиши ҳамда ўз ишига масъулиятсизларча ёндашган ишчисига нисбатан чора кўриш ваколатига эга.  
"Машъал"
Машъал футбол клуби ўтган мавсум стадион периметри бўйлаб жойлашган реклама шитлари масаласида бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, 2024 йилги мавсумни ҳам худди шундай камчиликлар билан бошлади. Бунинг учун клуб жарима тўлайди. Уй учрашувлари ўтказилмаётган вақтда клубнинг тегишли ходимлари нима билан машғул бўлиши Лига учун жуда қизиқ.  
"Андижон"
"Андижон" футбол клуби "Бобур арена" мезбонлик қилган "Бунёдкор"га қарши ўйинда электрон реклама шитлари билан боғлиқ Лига талабини бажармади. Клубнинг Андижон вилоятидаги айрим ташкилотлар билан муаммоси Лигага маълум. Бироқ бу масала Лига муаммосига айланмаслиги шарт. Лига қатор ҳомийлик шартномаларига эга бўлиб, уларни ҳурмат қилишни футбол клубларидан талаб қилиб олади. 
"Динамо"
"Динамо" мураббийлар штабидан жой олган Андрей Пятнитский ОКМК клубига қарши ўйин вақтида электрон сигарета чеккани учун жаримага тортилади. Ҳар қандай мутахассис Регламентга амал қилишга мажбур.  
"Нефтчи" 
Суперлига 3-туридан ўрин олган "Нефтчи" — "Металлург" учрашуви давомида футбол мухлислари меҳмонлар захира ўриндиғи томон сувли идишлар улоқтирган. Улардан бири мураббийлардан бирига бориб теккан. Шунингдек, "Нефтчи" ғалаба голини уриб, уни нишонлаётган вақтида қарама-қарши тарафдан сувли идишлар стадионга улоқтирилган. Бу каби ҳолатлар Фарғонада ўтган мавсум ҳам кузатилган. Агар клуб ўз мухлислари билан ишламаётган, агар айрим инсофсиз мухлислар бутун бир вилоят шаънини шу каби номақбул ҳаракатлар билан эслатаётган бўлса, Лига "Истиқлол" стадионидаги учрашувларни мухлисларсиз ҳам ўтказа олади. Биз "Нефтчи"нинг фаол ва фидойи мухлисларини ҳурмат қиламиз ва уларни ён-атрофидаги ақлсиз кишиларни тийишга чақирамиз. Зеро, айнан шу каби 3-4 нафар ақлсизни деб, минглаб мухлислар стадионга кириш ҳуқуқидан мосуво бўлмасликлари керак. Ҳолат учун "Нефтчи" жаримага тортилади. 
"Пахтакор"
Суперлига 2-туридан ўрин олган "Пахтакор" — "Насаф" учрашуви вақтида медиа трибунадан мазкур ҳудудга кириш рухсатини берувчи аккредитацияга эга бўлмаган қатор шахслар ўрин олган. Бу эса табиийки, ОАВ вакиллари фаолиятига ҳалал беради. Ҳолат учун "Пахтакор" жарима тўлайди. 
 
5 та клуб жарималар тўлайди

 

Футболчининг функционал ҳолатини масофадан туриб мониторинг қилиш имконини берувчи мослама икки мавсумдан буён Суперлига қайдномасидан ўрин олган ҳар бир футболчида бўлиши, учрашувдан кейин клуб таҳлил натижаларини ЎФА учун тақдим этиши керак. Ўтган мавсум ўз ишига масъулиятсиз ёндашган клублар бунинг учун катта жаримага тортилганди. Бироқ жорий мавсумнинг дастлабки уч турида ҳам бу каби ҳолатлар кузатилди. Регламентдаги талаб янги бўлмагани, клубларда вазиятни ҳал қилиш учун 2 йилдан ортиқ вақт бўлганини инобатга олиб, бу борада ҳеч қандай изоҳ қабул қилинмайди ва клублар жарима тўлайди. Булар: "Сурхон", "Андижон", "Динамо", "Насаф" ва "Нефтчи". 

Шунингдек, янги қоидага кўра 3 ҳолат бўйича олинган огоҳлантиришлар жаримага сабаб бўлади. Ўтган уч тур давомида ҳакам ишига аралашиш ҳолатлари 17 марта, вақтни чўзиш ҳолати 7 марта ва симуляция 3 марта огоҳлантиришга сабаб бўлган. Мазкур ҳолатларнинг барчаси учун тегишли шахслар жаримага тортилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!