Хави ёки Шави, ван Дейк ёки ван Дайк? Қайси бири тўғри? (Эркин Ғайбуллаев блоги)

Баъзида ўзбек ёки рус тилидаги футбол шарҳларини эшитганингизда футболчиларнинг фамилияси турлича айтилаётганига гувоҳ бўласиз. Шунда аслида қандай бўлиши кераклиги ҳақида саволлар туғилиши табиий.

Биз баъзи лингвист ва таржимонлар билан бу ҳақда суҳбатлашиб, қуйидаги мақолани тайёрлашга қарор қилдик.

Ван Дейк ёки ван Дайк ( ёзувда- Virgil van Dijk)

Таъкидлаш керакки, голланд тилида исмни ёзиш қоидасига конкрет тўхталиб ўтилмаган. Масалан немис ва инглиз тилларида исмларнинг ўқилишини тушиниш осон. Мутахассис ва тилшунослар ҳам турли қарашларни илгари суради.

Голланд тилидаги дифтонглар ўзбек тилидаги айнан қайси товушни беришини айтиш мушкул. Голланд дифтонглари тилнинг асл эгалари томонидан айтилганда, биздаги айнан қайси товушни беришини англаш мушкул. Бундан ташқари уларнинг ҳар турли қисмида талаффуз турлича янграйди. Аммо шунга қарамай, бу масалани атрофлича ўрганамиз.

Назаримда энг тўғри вариант "э" товушидир. Сабаби "ij" биргаликда келганида, ундан олдин ундош келгани сабабли "эй" деб транслитерация қилинади. Аммо голландлар буни қандай айтиши биринчи ўриндаги масала. Голландияликлар бу дифтонгни "э" ва "а" товуши ўртасидаги товуш билан айтишади. Бундай товуш ўзбек тилида йўқлиги сабаб, уни ван Дейк деб талаффус қилиниши ҳақиқатга яқин.

Кейт, Кюйт ёки Кяут (ёзилиши- Dirk Kuijt)

Энг яқин вариант-Кёйт. Сабаби "uij" дифтонги ўзбек тилига "ёй" деб ўгирилади. Баъзида кирилл ёзувида ёзилганда Кейт сўзига икки нуқтани қўйиш кам учрагани учун қўйилмай қолиб, бу футболчининг исми "Кейт" тарзида талаффуз қилинмоқда.

Лингвистлар билан суҳбатда қандай ёзилиши муҳокама қилинди-Кяут ёки Кюйт. Айнан бу ҳақда ҳам аниқ мисоллар келтирилмагани сабаби бироз тақал фикр билдириш қийин. Нима бўлганда ҳам кўпчиликнинг фикридан келиб чиқсак, ўқилиши "Кёйт", ёзилиши бўйича-Кяут ёки Кюйт.

Вейналдум ёки Вейналдюм (ёзилиши- Georginio Wijnaldum)

Яна бир транскрипцияси бўйича қийинчилик туғдирадиган исмлардан бири айнан шу исмдир. Сабаби голланд тилидаги "U" ҳарфи ўзбек тилига "у" ва "ю" товушлари ўртасида талаффуз қилинади. Умуман айтганда, бундай товуш ҳам ўзбек тилида йўқлиги сабаб ўқилишида муаммолар пайдо бўлади.

Мантиқан ўйласак "ю" товуши тўғри ҳисобланади. Аммо бизнинг қулоғимизга "у" тарзида айтилиши маъқулроқ. Ёзилиши бўйича икки вариант ҳам тўғри.

Солскьяер ёки Сульшер (ёзилиши- Ole Gunnar Solskjær)

Энг катта баҳслашиш мумкин бўлган исм. 10-15 йил компютер ўйинлари ўйнаган одамлар учун биринчи вариант тўғридек. Аммо бундай эмас. Тўғриси-Сульшер.

Норвег тилида "sk" бирикмаси биргаликда "ш" тарзида талаффуз қилинади. "J" эса шу дифтонгга қўшилиб кетади. "æ" ҳарфи "Э" га тенг. Аммо у "sh" дан кейин келгани учун "э" деб талаффус қилиш мумкин.

Яна “о” ҳарфи ўзбек тилида “у” тарзида ўқилади. Шунинг учун Оле эмас, Уле деб ўқилиши тўғри. Айнан шу қоида сабаб ҳам СУльшер бўлади, СОльшер эмас.

Шундай қилиб, айнан асл тил сабаб МЮ бош мураббийининг исми ўзбек тилида Уле Гюннар Сульшер деб ўқилиши тўғри ҳисобланади.

Гризманн ёки Грьезманн (ёзилиши: Antoine Griezmann)

Бу фамилиянинг асл тили немис тили ҳисобланади. Шунинг учун “иэ” биргаликда ўзбек тилига “И” тарзида ўқилади. Француз тилида бундай фамили кам учрайди. Сўнгида иккита “н” ҳарфи келган бўлса-да, қоидага асосан битта “н” ўқиш мумкин. Ёзилишида эса иккита ёзиш ҳам, ёзмаслик ҳам мумкин.

Адриена Рабьо (Адриэн Рабиот) исмида ҳам сўнгги ундош қоидага асосан тушиб қолдирилади. Бу Француз тилининг қадимий қоидаларидан бири.

Роман тиллар оиласидаги тиллар (француз, испан, итальян, португаль, каталон, румын ва бошқ) асосан лотин тилидан келиб чиққан. Эски француз тилида барча ҳарфлар талаффус қилинган. Вақтлар ўтиб, талаффуздаги тафовутлар юзага кела бошлади.

Хави, Чави, Шави, Ксави (Xavi Hernandez)

“Барса”нинг собиқ лидери Каталониядан эди. Хави исми эса каталон тилидаги Xavier, испан тилидаги Javierнинг қисқарган вариант. Айнан шу сабаб унинг исми ўқилишида катта муаммолар пайдо бўлган.

Агар унинг исми испан тилидаги (Javier) исмдан келиб чиққан бўлса-Хави деб ўқилиши керак. Агар каталон тилидаги исм (Xavier) бўлса, Ксави ёки Шави деб ўқилиши керак.

Футболчининг ўзи эса, уни Чави деб аташларини хоҳлаган. Аммо уни Шави деб чақиришларига ҳам қарши бўлмаган. Шундан сўнг кўпчилик уни Шави деб чақирган.

Бизнинг тилимизда Хави деб ишлатишга ўрганиб қолганмиз.

Маскерано, Масшерано, Масчерано (Javier Mascherano)

Бу ерда ҳам икки-испан ва италян тиллари қарама-қаршилиги юзага келади. Агар испан тилида деб қарайдиган бўлсак, испанчадаги “Ch” ўзбек тилига “ч” ва “ш” қоришмасидаги товушни беради.

Испан тилидаги вариантда –Масшерано дейиш тўғри.

Аммо унинг фамилияси тарихи италян тилига ҳам бориб тақалади. Агар биз италян тилидаги вариантга қарайдиган бўлсак, бу тилимизга яқин бўлган ўқилишни беришини кўришимиз мумкин-Маскерано.

Озил, Езил, Ёзил (ёзилиши: Mesut Özil)

Немис тили қоидасига биноан Ö ҳарфи “ё” товушини бeради. Шунинг учун уни Ёзил деб чақиришимиз мумкин. Умуман олганда Озил деб ҳам аташ нотўғри эмас. Сабаби сўз бошида й товуши бўғизда талаффуз қилингандек чиқиб, О ҳарфи кучлироқ айтилади.

Тер Стеген, тер Штеген (Marc-Andre ter Stegen)

Немис тилида S ҳарфи сўз бошида келганида “ш” деб ўқилади. Шунинг учун тер Штеген деб ўқишимиз мумкин. Аммо бир жиҳат бор.

Бу фамилиянинг келиб чиқишида фламанд тилининг таъсири бор. У тилдa “st” бирикмаси биргаликда ҳудди ўзбек тилидагидек “ст” ўқилади. Шунинг учун асл тилга эътибор берамиз ва немис ТВси каби тер Стеген деб талаффуз қилишимиз тўғри бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!